Ўз каломида “Қачон намозга турсалар дангасалик билан, одамлар кўрсин деб турадилар ва Аллоҳни камдан-кам эслайдилар”[1] деб марҳамат қилган Аллоҳ субҳонаҳу таолога Ўз жалолига мувофиқ ҳамду санолар бўлсин!
Ўзларининг ҳадиси шарифларида дангасалик ва риёдан паноҳ сўраган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг аҳли оилаларига, саҳобалар розияллоҳу анҳумларга қиёматгача салавоту саломлар бўлсин!
Тарихдан аёнки, қаерда бепарволик ва дангасалик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзбилармончиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади. Айниқса, давлат ва жамият ҳаётида жиддий ўзгаришлар содир бўлаётган, Ватан равнақи йўлида кишидан юксак фаоллик, масъулият талаб қилинган шароитдаги бефарқлик жиноятдир. Доимий ҳаракатда, ўзгариш ва янгиланишда бўлиб турувчи ҳаётда бекорчи одам ҳеч қачон ўз истагига эришолмаслиги аниқ. Бекорчилик иллати қайси халқда илдиз отса, албатта, ўша халқни заифлаштиради, тараққиёт карвонидан ортда қолдиради. Бу касаллик қайси шахсга етса, уни хор қилади, обрўсини тўкади.
Бекорчилик – зарарли офатлардан бири. Ақлли инсон бу дунёда бекор турмайди. Ҳатто бўш вақтини ҳам зое қилмайди, балки дунё ёки охират учун фойдали бўлган нарсаларга сарфлайди.
Намик Камолнинг назарида, дангасалик ўлимнинг укасидир. Бекорчилик аста-секин инсонни ишдан чиқаради, ҳаётини вайрон қилади. Тана аъзолари ҳаракатсиз қолса, ишдан чиқади, заифлашиб қолади. Спорт эса танани чиниқтиради. Худди шу каби қалбнинг ҳам ўз спорти бўлиши керак. Зеро, бекорчилик биринчи галда қалбга, нафсга ҳужум қилади.
Дангасаликнинг сабаблари:
Дангасаликка руҳий ҳолатнинг носоғломлиги энг асосий сабаблардандир. Аввало, эътиқоднинг йўқлиги ёки заифлиги, тақвонинг камлиги, қолаверса, бекорчи нарсалар билан овора бўлиш, ўйин-кулгуга меъёридан ортиқ ружу қўйиш одамни дангаса қилиб қўяди. Кўп гапириш ҳам киши қувватини кетказиб, ўзини беҳол қилади. Ялқовлик касалида эзмаликнинг ҳам “ҳиссаси” кам эмас. Ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади:
“Аллоҳнинг зикридан холи бўлган сўзларни кўпайтирманглар! Зеро, Аллоҳнинг зикридан холи бўлган сўз қалбни қотиради. Шубҳасиз, инсонлар ичида Аллоҳ таолодан энг узоқ бўлгани қаттиқ қалб (соҳиби)дир”[3].
Овқатни меъёрида еган тақдирда ҳам таомдан сўнг тезда уйқуга кетишдан эҳтиёт бўлиш керак. Зеро, бу қалбни қорайтиради, соғлиққа катта зарар келтиради.
Оиша розияллоҳу анҳодан қилинган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Таомларингизни Аллоҳни зикр қилиш ва намоз ўқиш билан эритинглар (яъни, ҳазм қилинлар). Зинҳор (таомдан сўнг) ухламанглар! Акс ҳолда қалбларингиз қотиб қолади” .[4]
Тўйиб овқат еган одамнинг асосий қуввати овқат ҳазм қилишга сарфланиб, унинг кучи камаяди, танасидан мадор кетади ва уйқуга мойиллик сезади.
Кўп таом ейиш ҳам дангасаликка сабаб бўлади. Овқатни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш уйқучиликка олиб боради. Одам кўп ухлагани сари унинг руҳий ва ақлий фаолияти, ишчанлик салоҳияти пасайиб боради.
Оиша розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Уч нарса қалбнинг қотишига сабаб бўлади: таомга ҳирс қўйиш, уйқу ва роҳат-фароғатни яхши кўриш” (Ибн Мардавайҳ ва Дайламий ривояти).
Ибн Қаюм шундай деган: “Кўп ухлаш қалбни ўлдиради, танани ишдан чиқаради, вақтни беҳуда кетказади ва ғафлат билан дангасаликка олиб боради”.
Ўтказилган тадқиқотлар натижасидан маълум бўлишича, дангасалар умрининг ярмини уйқуда ўтказади.[5] Оқибатда мия пўстлоғидаги карахтлик фикрлаш имкониятларини чегаралаб қўяди. Демак, уйқучилик дангасалик билан бир қаторда инсоннинг фикрлаш қобилиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Кейин эрталаб барвақт туриш ўрнига қуёш чиққунча ухлаш ҳам дангасаликнинг омилларидандир.
Қуйида дангасалик иллатига шифо бўлувчи малҳамларни баён қиламиз. Дангасаликдан қутулиш йўллари ҳам руҳият, ҳам моддият билан боғлиқдир. Демак, банда ўзидаги дангасалик, ишёқмаслик иллатини даволаши учун қуйидагиларга эътибор бериши керак:
Дангасаликдан фориғ бўлиш учун биринчи галда эътиқодни мустаҳкамлаш, имонда собитқадам бўлиш, қалбни турли иллатлар ва нопок нарсалардан сақлаш керак. Зеро, маънавияти носоғлом одамнинг ғайратли, шижоатли бўлиши қийин. Гуноҳга ботиш, ҳаром-хариш ишларни қилиш қалбни қорайтириб, бандани ғафлат сари бошлайди. Ғафлатга ботган одам шижоат ва зийраклик каби хислатлардан маҳрум бўлади, ғофил ва дангаса кимсага айланади. Шунинг учун қалбни турли шубҳалардан ва гуноҳ ишларни ният қилишдан поклаш, уни Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббат ила зийнатлаш керак. Қалбдаги имон кучли бўлса, тана ҳам ғайратли бўлади. Қалбда имон мавж урса, танбалликдан асар ҳам қолмайди.
Мўмин одам ҳалим ва камтарин бўлиши керак. Аммо бу унинг бўшашган, қўрқоқ ва оғзидаги ошни олдириб қўядиган бўлиши кераклигини англатмайди. Биз сабр билан қўрқоқлик, шижоат билан мулойимлик орасидаги фарқни ажрата билишимиз лозим. Ҳадиси шарифларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кучли мўмин афзал эканини баён қилганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Кучли мўмин Аллоҳ учун кучсиз мўминдан яхшироқ ва севимлироқдир. Уларнинг иккисида ҳам яхшилик бор. Сен ўзингга фойдали нарсага интил. Аллоҳдан ёрдам сўра, ожиз қолма. Агар бошингга бирон мусибат тушса, “агар бундай қилганимда мана бундай бўларди”, дема. Балки “Аллоҳнинг тақдири экан, У Зот нимани хоҳласа, ўшани қилади”, дегин. Зеро “агар” (сўзи) шайтон амалини очиб беради” (Муслим, Ибн Можа, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).
Бу ҳадисда ҳар тарафлама кучли ва бақувват мўмин кучсиз мўминдан афзал ва Аллоҳ учун севимлироқ экани айтилмоқда. Сабаби кучли мўмин ибодатларга ғайратли, нафс билан курашишда ғолиб бўлади. Душманга қарши туришда ҳам кучли мўмин кўпроқ шижоат кўрсатади. Кучли мўмин дангасалик ва ожизлик каби иллатлардан холи бўлиб, ўзи ва мусулмонларга кўплаб манфаатлар етказади.
Вақтнинг қадрига етиш, умр ғанимат эканини билиш ҳам дангасаликдан тўсувчи нарсадир. Зеро, умр ўтиб бораётгани, ҳаёт кун ва соатлардан иборатлигини тушуниб етган банда бирон иш билан машғул бўлади, дангасалик ва боқимандаликка асло йўл қўймайди.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади:
“Қиёмат куни беш нарса ҳақида сўралмагунича Одам боласининг қадами Парвардигори ҳузуридан силжимайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигида қандай ишлар қилгани, бойликни қаердан топиб, қаерга сарфлагани ва билган нарсаларига қай даражада амал қилгани ҳақида (сўралади)” [6]
Демак, умр инсонга бежизга берилмаган, у ҳаёти дунёда қилган ҳар бир иши учун жавоб беради. Вақтини қандай ўтказгани ҳақида сўралади. Шундай экан, мўмин банда бирон вақтини беҳуда ўтказмасдан ҳар бир дақиқа қадрига етиши керак. Умрни ғанимат билган одам қалбида дангасаликдан асар ҳам қолмай, ўз-ўзидан шижоатли ва ғайратли, зийрак ва мард инсонга айланади.
Хулоса шуки, олдимизда икки йўл бор: бири – шу ва шунга ўхшаш дангасалик қуролларига нишон бўлиб, ўзимизни бутун машаққатларнинг онаси ва разолатнинг уяси бўлган танбалликнинг қучоғига ташлаш; бошқаси юксакликнинг, муваффақиятнинг калити, ҳузур-ҳаловатнинг асоси бўлган меҳнатга бутун борлиғимизни топшириб, дунё ва охиратда саодатга эришиш. Шундай экан, биз нимани танлаймиз, шунга назар солайлик, илдам қадамлар ташлайлик. Зеро, ҳар бир нафас олишимиз ҳам бизни ўлим эшигига етаклайди, қиёмат яқинлигини билдиради. Шуни ҳис қилиб яшаш ҳар қандай дангасалик ботқоғидан чиқариб, ғайрат, шижоат каби фазилатларга олиб боради.
Азизахон МЎМИНОВА,
Хадичаи Кубро ўрта-махсус ислом билим юрти талабаси
ЎМИ Матбуот хизмати
[1] Нисо сураси 142-оят
[2] Термизий, Байҳақий ва Ибн Мардавайҳ ривояти.
[3]Байҳақий, Табароний, Абу Нуайм, Ибн Мардавайҳ, Ибн Сунний, Уқайлий ва Ибн Адий ривояти.
[4] Абул Фаттоҳ Абу Ғудда “Уламолар наздида вақт” Тошкент ислом университети Тошкент- 2014.
[5] Термизий, Доримий, Табароний ва Абу Яъло ривояти. Ривоят санади ҳасан.
[6]www.taqvo.uz . 17.07.2014 жойланган. “Дангасалик давоси” номли мақола
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Мен ва мендан олдинги пайғамбарларнинг Арафот майдонида қилган энг кўп дуолари:
لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ بِيَدِهِ الْخَيْرُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ
Ўқилиши: "Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу. Лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду биядиҳил хойру ва ҳува ъалаа кулли шайин қодийр".
Маъноси: "Ягона Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Унинг шериги йўқ. Мулк ҳам, барча мақтовлар ҳам Унга хосдир. Барча яхшиликлар Унинг қўлидадир. У ҳар бир нарсага қодирдир".
اللَّهُمَّ اجْعَل فى قَلبى نُوراً وفى صَدْرى نُوراً وفى سَمْعى نُوراً وفى بَصَرى نُوراً اللَّهُمَّ اشْرَحْ لى صَدْرِى ويَسِّرْ لى أَمْرى وأعُوذُ بِكَ مِنْ وَسْاوسِ الصَّدْرِ وشَتَات الأمْر وفِتْنةِ القَبْرِ اللَّهُمَّ إنى أعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ ما يَلِجُ فى اللَّيْل وشَرِّ ما يَلِجُ فى النَّهارِ وشَرِّ مَا تَهُبُّ بِهِ الرِّياحُ وشَرِّ بَوائِق الدَّهْر.
Ўқилиши: "Аллоҳумма, ижъал фии қолбий нурон ва фий содрий нурон ва фий самъий нурон ва фий басорий нурон. Аллоҳумма, ишроҳ лий содрий ва йассир лий амрий ва аъуузу бика мин васваасис-содри ва шатаатил-амри ва фитнатил-қобри. Аллоҳумма, инний аъуузу бика мин шарри маа йалижу фил-лайли ва шарри маа йалижу фин-наҳаари ва шарри маа таҳуббу биҳир-рийаааҳу ва шарри бавоиқид-даҳр" (Ғуниятун носик).
Маъноси: "Аллоҳим қалбимни, кўксимни, қулоқларимни ва кўзларимни нурга тўлдир. Аллоҳим! Қалбимни очгин, ҳар ишимни осон қилгин.Аллоҳим! Сендан кўксимдаги васвасалардан, ишларимнинг парокандалигидан, қабр фитнасидан паноҳ сўрайман.
Аллоҳим, тунда ва кундузи бўладиган нарсаларнинг ёмонлигидан, устидан шамол эсган нарсаларнинг ёмонлигидан, замона ҳалокатининг ёмонлигидан Ўзингдан паноҳ сўрайман".
“Роббана атина фид-дуня ҳасанатан ва фил ахироти ҳасанатан ва қина ъазабан-нар”.
“Аллоҳумма аслиҳ ли динийаллазий ҳува ъисмати амри ва аслиҳ ли дунйаяллати фиҳа маъаший ва аслиҳ лий ахиротияллати фиҳа маъадий, важъалил ҳайата зийадаталли мин кулли хойрин, важаълил мавта роҳаталли мин кулли шаррин”.
“Аъузу биллаҳи мин жаҳдил балаи ва даркиш-шақои ва суъил қазои ва шатаматил аъдаи”.
“Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи. Субҳаналлоҳил ъазийм”.
“Лаа илаҳа илла анта. Субҳанака инни кунту миназ-золимийн”.
“Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил ъалийил ъазийм”.
Даврон НУРМУҲАММАД