Мотуридий (Абу Мансур ал-Мотуридий; Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-ҳанафий ал-Мотуридий ас-Самарқандий) (870 йил; Самарқанд — 944 йил; Самарқанд) — имом, фиқҳ олими, калом илмининг мотуридийлик оқими асосчиси. „Имом ал-ҳудо», „Имом ал-мутакаллимин» („Ҳидоят йўли имоми», „Мутакаллимлар имоми») номлари билан улуғланган. Мотурид қишлоғида (ҳозирги Жомбой туманида) таваллуд топиб, то умрининг охиригача шу ерда яшаган, бу ерда катта боғ ҳам барпо этган.
Мотуридий Самарқанддаги ал-Аёзий мадрасасида ўқиди, маҳаллий ҳанафий фақиҳлардан таълим олди, Абу Бакр Аҳмад ал-Жузжоний, Абу Наср Аҳмад ибн ал-Ҳусайн ал-Иёдий, Нусайр ибн Яҳё ал-Балхий, Муҳаммад ибн Муқотил ар-Розий унга устозлик қилишди. Кейин ўзи фиқҳ ва калом илмларидан дарс берди. Абу Аҳмад ал-Иёдий, Абул Ҳасан Али ибн Саййид ар-Рустуғфаний, Абу Бакр ас-Самарқандий, Макҳул ан-Насафий, Абул Муъин ан-Насафий, Абулюср ал-Паздавий каби шогирдлар етиштирди. Васиятига кўра, Самарқанддаги Чокардиза қабристонига дафн этилди.
Мотуридийнинг асосий асарлари „Китоб ат-тавҳид» („Яккахудолик ҳақидаги китоб»), „Таъвилат аҳл ас-сунна»дир („Суннийлик анъаналари шарҳи»). „Китоб ат-Тавҳид» билиш назарияси баён қилинган мусулмон илоҳиётшунослигининг биринчи асари ҳисобланади. Китобнинг калом илми таърифи берилган муқаддимасида билимнинг 3 манбаи: ҳиссий (сезги) аъзолари воситасида, нақл — ривоятлар воситасида ва ақл-идрок воситасида ахборотлар олиш мумкинлиги ҳақида гапирилади. Мотуридий соф дин доирасидан чиқмаган ҳолда ақл-идрокни улуғлайди ва мантиқан асосланган билимнинг аҳамиятини таъкидлайди. Китобда ўша даврдаги адашган фирқалар қарашларининг ҳақиқатдан йироқ эканлиги таҳлил этилган. Мотуридий „Дин йўлидаги барча адашувларнинг сабаби — риёкор кимсаларга кўр-кўрона эргашишдадир», деб таъкидлаган эди.
Мотуридий илоҳиётчи олим сифатида муҳим ақидавий масалалар — жузъий ихтиёр, эътиқод, охират ҳаёти кабиларни қамраб олувчи рисолалар битди. „Маъхаз аш Шариъа» („Шариат асослари сараси»), „Китоб ал-усул» („Диний таълимот асослари китоби»), „Китоб ал-жадал» („Диалектика ҳақидаги китоб») каби асарлари шулар жумласидандир. Мотуридий Абу Ҳанифа қарашларини тушунтириб бериб, уни ривожлантирди. Абул Ҳасан ал-Ашъарий (873—935) ишлаб чиққан Ислом ақидаси асосларини такомиллаштириб, уни суннийлик эътиқодига кириб қолган нотўғри, ғайри саҳиҳ ақидалардан тозалади. Мотуридий қарашлари ўз даврида минтақанинг маданий ва илмий равнақита сабаб бўлган. Чунки Мотуридий дин асосларини мантиқан тушунтирган, танлов ҳуқуқи ва ижтимоий ҳамжиҳатликни қарор топдириш ғояларини ривожлантирган. Мотуридий жами 15 га яқин асар таклиф этган. Унинг каломга оид 7 та ва фиқҳга оид 2 та асари бўлиб, улар сақланиб қолмаган. Мотуридийнинг бизгача етиб келган асарлари қисман тадқиқ қилинган. Унинг Қуръон тафсирига бағишланган „Таъвилот ал-Қуръон» асари ва унинг узвий давоми ҳисобланмиш „Иршад ал-мубтадийин фий тажвиди Калами Роббил ъаламин» („Қуръон ўқишга киришганлар учун қўлланма») китоби Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланади.
БОБОҚУЛОВ САЙФИДДИН
Мир Араб олий мадрасаси 1-босқич талабаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фиқҳ ижтиҳод ва фикрлар мажмуаси бўлиб, бу фикрлар нафсу ҳавога берилишдан келиб чиқмаган, балки Қуръон ва Суннатни англашдан келиб чиққан, Қуръон ва Суннатдан олингандир. Аллоҳ азза ва жалла бизга шу йўлни буюрган. Агар Аллоҳ фиқҳга тегишли ҳар бир масаланинг ҳукмини баён қилишни ирода қилганида, ҳозир миллионлаб оятлар, миллионлаб ҳадислар турган бўларди. Лекин ҳаммаси бўлиб, олти мингдан сал ортиқ оят нозил бўлган, муайян ададдаги ҳадислар ворид бўлган. Ҳар бир масалага оят-ҳадис келса, шунча оятни, шунча ҳадисни ким ёд оларди? Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз замонларида автомобиллар ҳақида гапиришларини тасаввур қилинг! Унда у зотнинг сўзларини ҳеч ким тасдиқламаган бўларди-ку!
Ижтиҳод қилиш нотўғри десангиз, саҳобалар ҳам ижтиҳод қилишган. Кейин ўша ўз ижтиҳоди билан чиқарган ҳукмга амал қилишни одамларга буюришган. Одамлар уларга тақлид қилишган, эргашишган. Мана шу йўсинда уларнинг йўлларидан юриб келишган.
Таҳаллул тарафдорлари орасида «Фиқҳ диннинг бир қисми эмас», «Мазҳаб эгаларининг айтганига амал қилиш шарт эмас», деган гаплар тарқалган.
Ташаддуд аҳли ҳам мана шунга чақиряпти. Уларнинг асл мақсади фиқҳий мазҳабларни йўқ қилиб, динсизликка етаклаш эди. Масалан, мен динни маҳкам ушласам-у, лекин на ҳанафий, на шофеъий, на моликий ва на ҳанбалий мазҳабини тутмасам, унда диндан нимани ушлайман? Менда фиқҳ деган нарса қолмайди-ку! Фиқҳни мана шу мазҳаблар ташкил қилади-ку! Аллоҳ бизга «Зикр аҳлидан сўранг» деб буюриб, эргашишимизга рози бўлган илмларни мужтаҳидларнинг ижтиҳод ва фикрлари ташкил қилмаса, нима ташкил қилади?!
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан