Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб айтади:
وَمَنْ يَعْمَلْ مِنَ الصَّالِحَاتِ مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَأُولَئِكَ يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ وَلَا يُظْلَمُونَ نَقِيرًا
“Кимки у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл – мўминлик ҳолида савобли ишлар қилса, айнан улар жаннатга кирурлар ва уларга хурмо данагининг ипича ҳам зулм қилинмагай” (Нисо сураси, 124-оят).
Нақийр – хурмо меваси данагининг ўртасида бўладиган нуқтага айтилади (юқоридаги расмда чап тарафда).
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
يُولِجُ اللَّيْلَ فِي النَّهَارِ وَيُولِجُ النَّهَارَ فِي اللَّيْلِ وَسَخَّرَ الشَّمْسَ وَالْقَمَرَ كُلٌّ يَجْرِي لِأَجَلٍ مُسَمًّى ذَلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ لَهُ الْمُلْكُ وَالَّذِينَ تَدْعُونَ مِنْ دُونِهِ مَا يَمْلِكُونَ مِنْ قِطْمِيرٍ
“(Аллоҳ) кечани кундузга киритур ва кундузни кечага киритур, У Қуёш ва Ойни ҳам (сизлар учун) бўйин сундириб қўйгандир – ҳар бири муайян муддатгача сайрда бўлур. Ана шу сизларнинг Раббингиз – Аллоҳдир, Подшоҳлик фақат Уникидир. (Эй, мушриклар!) Сизлар Уни қўйиб илтижо қилаётган нарса (сохта маъбуда)ларингиз эса, хурмо данагининг пардасича нарсага ҳам эга эмасдир” (Фотир сураси, 13-оят).
Қитмийр – хурмо меваси данагининг юпқа пардасига айтилади (юқоридаги расмда ўнг тарафда).
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай деб марҳамат қилган:
أَلَمْ تَرَ إِلَى الَّذِينَ يُزَكُّونَ أَنْفُسَهُمْ بَلِ اللَّهُ يُزَكِّي مَنْ يَشَاءُ وَلَا يُظْلَمُونَ فَتِيلًا
“Ўзларини “поклаётган” кимсаларни кўрмайсизми? Ҳақиқатан, Аллоҳ кимни хоҳласа (ўшани) поклайди, (Аллоҳ томонидан) хурмо данагининг ипича ҳам зулм қилинмайди” (Нисо сураси, 49-оят).
Фатийл – хурмо меваси данагининг ўртасидан кўтарилиб турган ингичка ипга айтилади (юқоридаги расмда ўртада).
Интернет материалларидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
ЎМИ матбуот хизмати
Cавол: Тил ва лабни ишлатмасдан Қуръони каримни ўқиб чиқса, хатм қилган ҳисобланадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қуръони каримни хатм қилган бўлиши учун ҳарфларни тил билан талаффуз қилиб, камида ўзи эшитадиган даражада ўқиган бўлиши керак. Чунки нутққа тегишли ҳукмларда энг камида ўзи эшитиши шартдир. Шунга кўра бирор шахс сажда оятини ичида, ўзи эшитмайдиган даражада ўқиса, тиловат саждасини қилиши вожиб бўлмайди. “Шарҳул виқоя” ва унинг шарҳи “Умдатур ривоя” китобида қуйидагилар айтилган:
“Махфийликнинг энг ками ўзига эшиттиришдир. Саҳиҳ гап ҳам шу. Бу Абу Жаъфар Ҳиндувоний розияллоҳу анҳунинг сўзидир. Чунки тилнинг ўзини овоз чиқармасдан қимирлатиш бу кишининг наздида қироат ҳисобланмайди”.
Гапира олмайдиган одамлар, агар тилини қимирлата олса, шундай ўқийди. Буни ҳам қила олмаса, кўзнинг ўзи билан, қалби билан ўқийди. Фақиҳларимиз соқов инсоннинг намози, такбир айтиши, қироат қилишини баён қила туриб, уларнинг тил билан такбири таҳрима айтиши шарт эмас дейишган. Шунга кўра гапира олмайдиган кимсалар Қуръони каримни кўзи билан ўқиб, хатм қилаверадилар.
“Соқов каби гапира олмайдиган одамнинг тилини қимирлатиши вожиб эмас. Қироат қилишидаги ҳукм ҳам мана шу ва бу гап саҳиҳдир. Чунки у вожиб бўлган амални қила олмайди”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.