Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб айтади:
وَمَنْ يَعْمَلْ مِنَ الصَّالِحَاتِ مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَأُولَئِكَ يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ وَلَا يُظْلَمُونَ نَقِيرًا
“Кимки у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл – мўминлик ҳолида савобли ишлар қилса, айнан улар жаннатга кирурлар ва уларга хурмо данагининг ипича ҳам зулм қилинмагай” (Нисо сураси, 124-оят).
Нақийр – хурмо меваси данагининг ўртасида бўладиган нуқтага айтилади (юқоридаги расмда чап тарафда).
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
يُولِجُ اللَّيْلَ فِي النَّهَارِ وَيُولِجُ النَّهَارَ فِي اللَّيْلِ وَسَخَّرَ الشَّمْسَ وَالْقَمَرَ كُلٌّ يَجْرِي لِأَجَلٍ مُسَمًّى ذَلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ لَهُ الْمُلْكُ وَالَّذِينَ تَدْعُونَ مِنْ دُونِهِ مَا يَمْلِكُونَ مِنْ قِطْمِيرٍ
“(Аллоҳ) кечани кундузга киритур ва кундузни кечага киритур, У Қуёш ва Ойни ҳам (сизлар учун) бўйин сундириб қўйгандир – ҳар бири муайян муддатгача сайрда бўлур. Ана шу сизларнинг Раббингиз – Аллоҳдир, Подшоҳлик фақат Уникидир. (Эй, мушриклар!) Сизлар Уни қўйиб илтижо қилаётган нарса (сохта маъбуда)ларингиз эса, хурмо данагининг пардасича нарсага ҳам эга эмасдир” (Фотир сураси, 13-оят).
Қитмийр – хурмо меваси данагининг юпқа пардасига айтилади (юқоридаги расмда ўнг тарафда).
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай деб марҳамат қилган:
أَلَمْ تَرَ إِلَى الَّذِينَ يُزَكُّونَ أَنْفُسَهُمْ بَلِ اللَّهُ يُزَكِّي مَنْ يَشَاءُ وَلَا يُظْلَمُونَ فَتِيلًا
“Ўзларини “поклаётган” кимсаларни кўрмайсизми? Ҳақиқатан, Аллоҳ кимни хоҳласа (ўшани) поклайди, (Аллоҳ томонидан) хурмо данагининг ипича ҳам зулм қилинмайди” (Нисо сураси, 49-оят).
Фатийл – хурмо меваси данагининг ўртасидан кўтарилиб турган ингичка ипга айтилади (юқоридаги расмда ўртада).
Интернет материалларидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
ЎМИ матбуот хизмати
Бу ердаги қурилишлар давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 23 июндаги қарори асосида бошланган эди. 2018 йилги Рамазон ҳайити куни Президент Шавкат Мирзиёев марказ пойдеворига тамал тошини қўйганди.
Бугунги кунда муҳташам бино қурилиши якуний босқичга ўтган. Марказ уч қаватли бўлиб, қадимий обидаларимиз шаклида бунёд қилинди ва бир қарашда Самарқанддаги меъморий ёдгорликларни эслатади. Шарқона нақшлар, турфа ранглар ва симметрия унга ажойиб кўрк бағишлаган. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган.
Ушбу гумбаз тагида Қуръони карим зали бўлади. Бу ерда марказ дурдонаси, Қуръоннинг энг қадимий нусхаси – Усмон Мусҳафи жойлаштирилади. Унинг атрофида қорахонийлар, ғазнавийлар, сомонийлар, салжуқийлар, Ўзбекхон, темурийлар даврида битилган муқаддас китобимиз нусхалари ва уларнинг туркий таржималари ўрин олади. Шунингдек, деворда жаҳондаги энг нодир қўлёзма Қуръонлар суратлари қўйилади. Ҳозирда Қуръони карим залида турли вақт ва тилларда ёзилган 114та қўлёзма мавжуд.
Яна бир эътиборли жиҳати минтақамиз тарихига оид турли ашёлар, қўлёзма манбалар, суратлар ва мультимедиа воситалари орқали намойиш этилган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби улуғларимизнинг ислом маърифатига қўшган ҳиссаси улуғланган.
Марказ Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий номидаги халқаро марказлар фаолиятини илмий-услубий жиҳатдан мувофиқлаштириб боради.
Халқаро илмий муассаса ва ташкилотлар, жумладан, ЮНЕСКО, АЙСЕСКО билан яқин ҳамкорлик ўрнатилади. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлида илмий конференциялар, форумлар, маърифий тадбирлар ўтказилади.
Шунингдек, марказда музей омбори, қадимий қўлёзмаларни сақлаш ҳамда реставрация қилиш хоналари, нашриёт ва китоб дўконлари бўлади. Учинчи қаватда ислом тамаддунига оид 100 мингдан ортиқ қўлёзмалар, тошбосма асарлар ва уларнинг электрон кўринишларини қамраб олган кутубхона жойлашади.
Умумий ҳисобда 823та илмий лойиҳа тайёрлаб қўйилди ва олимларнинг изланишлари давом этмоқда. Хорижда ва мамлакатимиз ҳудудида топилган осори-атиқалар тарихчиларимиз ва қадимшунос мутахассисларимиз томонидан ўрганилиб, марказга тақдим этиб борилади.
Медиа-тур давомида журналистларга Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказида қилинган ишлар, қадимги дунё цивилизациясига оид ашёлари, юртимиз манзилларидаги топилмалар, илмий изланишларнинг бориши ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА