Сирдарё туманида "Аҳмад ибн Малик" масжиди очилди. У вилоятда расмий рўйхатдан ўтган 74-масжид бўлди.
Масжиднинг тантанали очилиш маросимида Сирдарё вилояти ҳокими Ғафуржон Мирзаев, Адлия бошқармаси бошлиғи Шокир Саидов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов ва Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Мўминжон Усмонов иштирок этиб, юртдошларимизни масжид очилиши билан қутлашди.
Масжид очилгани шукронасига жонлиқ сўйилиб, муҳтож оилаларга тарқатилди.
Янги масжиднинг имом-хатиби вазифасига тайинланган Улуғбек Қобиловга Адлия бошқармасининг гувоҳномаси топширилди.
Намозхонлар масжидда икки ракат шукрона намозини ўқиб, бундай хайрли ишларнинг бошида турган юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ва мутасаддилар ҳақига дуолар қилдилар.
ЎМИ Матбуот хизмати
Шу йил 28 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти бош имом хатиби Мусохон домла Аббасиддинов бошчилигида кенг халқ оммаси билан учрашув, аҳоли вакиллари билан мулоқот амалга оширилмоқда.
Суҳбатларда динимиз бир жамиятда яшаётган инсонларни ўзаро тинч-тотув, ҳамжиҳатликда яшашга буюриши, улар ўртасида меҳр-оқибат, бир-бирига нисбатан ҳурмат бўлишни талаб этиши, охирги вақтларда ана шу меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат ришталарини пайдо қиладиган, уларни янада мустаҳкам бўлишига сабаб бўладиган фазилатларни кенг ёйиш жуда ҳам зарур бўлаётгани ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда илм ва ҳунарга тарғиб қилувчи кўрсатмаларни мисол сифатида келтириб, ҳар бир ота-она фарзандига элу юрт учун керакли бўладиган ҳунар ва фойдали илмларни ҳам ўргатиши лозимлиги тушунтирилди. Шунингдек, ёш авлод онгига она юртга муҳаббат, тинч-осойишта ҳаётимизни қадрига етиш ҳамда шукроналик туйғуларини сингдириш кабиларга урғу қаратилди.
Мусохон домла динимиз таълимотларида ота онага ҳурмат, комил инсон фазилати, ҳар бир ишда ўртачилик, исрофдан сақланиш, риёкорлик, кибр иллатидан йироқ бўлиш, кўр-кўрона тақлид, ғулвуга кетиш, ота-онага оқ бўлиш, зулм ва зўравонлик каби гуноҳ ишлардан сақланишга чақирилди.
Шунингдек, учрашувда илмсиз фатво бериш, шаръий масала айтиш, жамоада тафриқа, бўлинишлардан сақланиш ва бидъат-хурофотларни тарк этиш иллатларга ҳам тўхталиб ўтилди. Бўлиб ўтган мулоқотда йиғилганлар ўз миннатдорчилигини баён қилишди.
Мулоқот учрашувлар жойларда давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати