Абдурроҳман ибн Мусъаб айтади: “Куфада бир киши бор эди. Унинг исми Асад ибн Солҳаб бўлиб, обидлардан эди. Бир куни у Фурот дарёси бўйида турганида, ўша ердаги бир кишининг
إِنَّ الْمُجْرِمِينَ فِي عَذَابِ جَهَنَّمَ خَالِدُونَ
“Албатта, жиноятчилар жаҳаннам азобида абадий қолурлар”.
لَا يُفَتَّرُ عَنْهُمْ وَهُمْ فِيهِ مُبْلِسُونَ
“У улардан енгиллатилмас ва улар у (азоб)да ноумид ҳолда қолурлар” (Зухруф сураси, 74-75-оятлар). (Яъни, азоб аҳли жаҳаннамдан ҳеч енгиллатилмайди. Улар ўша азоб ичида ноумид бўлган ҳолларида абадий қолиб кетадилар.) деб тиловат қилганини эшитидию, сувга йиқилиб, вафот этди. Аллоҳ раҳматига олсин!”
Абу Исҳоқ Саълабийнинг “Қотла-л-Қуръан” номли
асаридан Нозимжон Иминжонов таржимаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Инсон нафси доимо ўзгариб туради. Нафс Аллоҳга яқин ёки узоқлигига қараб бешта даражага ажралади.
Биринчи даража – нафси аммора (ёмонликка буюрувчи нафс)дир. У ҳар доим эгасини гуноҳга, лоқайдликка ундайди. Бундай нафс ҳақида сўфийлар жаноби ва имоми Жунайд Бағдодий қуддиса сирраҳу ҳазратлари марҳамат этадилар: “Нафси аммора руҳий ҳалокатга чақиради ва инсоннинг душманларига хизмат қилади”.
Бу ерда Жунайд Бағдодий қуддиса сирраҳу душман деганда Одам фарзандларига дунёвий ҳаёт ва гуноҳ ишларни жозибали қилиб кўрсатувчи шайтонни назарда тутганлар.
Иккинчи даража – нафси лаввома (маломат этувчи нафс)дир. Бу даражадаги нафс ўз соҳибини содир этган гуноҳлари учун ёмонлаб, таъна-маломат қилади.
Учинчи даража – нафси мулҳима (руҳлантирувчи, илҳомлантирувчи)дир. Бу даражадаги нафс ўз соҳибини хайрга ишонтириб, яхшилик қилишга чақиради.
Тўртинчи даража – нафси розия (рози бўлган нафс)дир. Бу даражадаги нафс Аллоҳнинг ҳокимияти ва Унинг ҳукмларидан рози бўлган нафсдир. Бу нафс Аллоҳга батамом итоат этувчи, Аллоҳ у учун нимани ихтиёр этган бўлса, барчасини қабул қилгувчидир.
Бешинчи даража – нафси марзия (Аллоҳ рози бўлган, мақбул нафс)дир. Бу барчадан кучли ва қудрати чексиз Аллоҳнинг лутфи ва ризосига сазовор бўлган нафсдир. Мурид бу даражаларга эришиш билан Буюк Қудрат соҳиби Аллоҳни ҳақиқий англаш йўлига биринчи қадамни қўйишга муяссар бўлади.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.