Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Феврал, 2025   |   7 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:09
Қуёш
07:29
Пешин
12:42
Аср
16:04
Шом
17:49
Хуфтон
19:03
Bismillah
06 Феврал, 2025, 7 Шаъбон, 1446

16.03.2018   1313   1 min.
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

“Булус” зиндонига тушиб қолманг!

6.02.2025   3021   2 min.
“Булус” зиндонига тушиб қолманг!

Аллоҳ таоло айтади: “Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят).
 

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизлардан илгари яшаб ўтган бир кишини такаббурлик билан изорини судраб юрганида ер ютди. У қиёмат кунигача ер (қаъри)га кириб кетаверади(Имом Бухорий ривояти).


Ёшлигимизда устозлар кишининг кибрли ё ундай эмаслигини донга тўла бошоқнинг эгилиши, донсиз бошоқнинг эса худди кибрлангандай тик туриши мисолида тушунтиришганди. Катта бўлиб англадикки, устозларнинг мақсади бошоқ мисолида кибрланмасликни кўз олдимизда қолдириш бўлган экан. Негаки, мутакаббирликнинг оқибати жуда аянчли бўларкан.


Амр ибн Шуайбнинг бобосидан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қиёмат кунида мутакаббир кимсалар одам суратидаги чумолиларга ўхшаш ҳолда қайта тирилади. Уларни ҳар томондан хорлик ўраб олади. Улар жаҳаннамдаги  “Булус” деб номланадиган зиндонга ҳайдалади(Имом Термизий ривояти).


Кибрнинг сабаблари турличадир. Масалан, бирор соҳани ўзлаштирган, керакли мутахассисга айланган одам ўзини олим, бошқаларни жоҳил санаб, насиҳатни қабул қилмай қолиши, кимдир ота-боболарининг олий насаби билан фахрланиб, ўзгаларни насаби паст, деб билиши, кимдир эса мол-дунё туфайли ғурурга кетиши мумкин. Яна чирой, қувват каби неъматлар ҳам шулар жумласидан. Кўплар шу сабаблар туфайли “Бошқалардан устунман”, деб ўйлашади. Ваҳоланки, Аллоҳ банданинг чиройига, насабига, бойлигига эмас, қалбига, қилаётган нияти ва амалига қарайди.


Ибн Синонинг устози Кушёрнинг ҳузурига бир киши илм ўрганиш мақсадида келибди. 2-3 ой ўтса ҳамки, устози илм беришни бошламагач:

– Ҳазрат, энди менга жавоб берсангиз. Уч ой бўлди, дарс бермадингиз. Вақтингиз йўқ шекилли, – дебди. Шунда устоз:

– Мен сенга бажонидил дарс берардим. Лекин ҳузуримга келган пайтингда "бу илмдан менинг унча-мунча хабарим бор", дея кибрландинг. Ўша қарашинг ҳалиям кетмади. Мен бўш идишни тўлдираман, деб жавоб қилибди.


Мол-давлатга кибрлансангиз, демак фақирсиз. Ўзингизни бошқалардан устун кўрадиган бўлсангиз, ҳар қанча илмингиз бўлмасин, жоҳилсиз. Кишини зулмга, туғёнга соладиган куч-қувват аслида заифликдир. Ҳақиқий бойлик, мартаба ва илмни тавозели инсонлардан топасиз! 

Жаъфархон Сўфиев,

Тўрақўрғон туманидаги

“Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби

Мақолалар