Сабр – инсонга дунё ва дин ишларида тўғри йўл тутишда ёрдам берадиган фазилат. Инсон зоти яралибдики, ўзининг барча мақсадларини сабр асосида рўёбга чиқаради. Агар у сабрсизлик билан иш тутса хеч қачон мақсадга эриша олмайди. Ҳар қандай ишда ҳам шошқалоқлик зарар келтиради. Сахл Ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Шошилмаслик Аллоҳдандир, шошқалоқлик шайтондардир”, дедилар (Термизий ва Байхакий ривоят қилган).
Шунинг учун ҳам мўмин-мусулмон банда ҳеч бир ишда шошилмаслиги лозим.
Сабр – улуғлик ва камолот белгисидир. Аллоҳ таоло ўз исмларидан бирини “Ас-собур” деб атагани хам бежиз эмас. Аллоҳ таоло гуноҳ қилган бандасини дарҳол жазоламайди, унга берилажак азобни орқага суради. Аъроф сурасида бундай марҳамат қилинади: “Албатта Раббингиз осмонлару ерни олти кунда яратган” (54-оят).
Аллоҳ таоло истаса оламни бир зумда яратар эди. Аммо бандаларга ибрат бўлиши учун уни олти кунда яратган. Шунингдек, Аллоҳ таоло Қурони каримни ҳам бир йўла нозил қилса бўлар эди. Аммо бандаларга осон бўлиши учун йигирма уч йилда нозил этди. Шариат аҳкомларини ҳам ўша муддатда жорий қилди. Ожиз бандалар бу дунё ишларини амалга оширишда қанчалик машаққат ва оғирлик ҳосил бўлмасин, мустаҳкам ирода ва сабр-тоқат кўрсатиши лозим. Имом Бухорий ривоят қилган бир ҳадисда: “Кимки сабр қилишни хоҳласа, Аллоҳ унга сабр беради. Ҳеч бир кишига сабрдан кўра яхшироқ неъмат берилмаган.” дейилади. Инсон ҳаёти давомида бир имтиҳондан чиқиб, иккинчи имтиҳондан чиқиб, учинчи имтиҳонга тўқнаш келаверади ва бу нарса бир-бирига уланиб кетган синовлардан иборат .
Бугунги кунда кўп гуноҳ ва жиноятлар келиб чиқишига назар ташласак, сабрсизлигимиз эвазига содир бўлаётганини кўрамиз. Инсонларнинг ёши-қари ҳаммаси сабрни унутиб қўйдик, десак муболаға бўлмайди. Аллоҳу таоло шунча соҳиб қудрат эгаси бўлса ҳам биз бандаларга ҳар бир нарсада ибрат олишимиз учун ақлимизни сабрга ундаган. Хато камчилликларнинг бари сабрсизлигимиз оқибатида содир бўлаяпти. У ҳаёт уфқида кетма-кет пайдо бўлувчи булутлардан қўрқмайдиган, балки бир кунмас, бир кун ўзига ҳам омад кулиб боқишидан умидини узмаслиги лозим. Бундай натижани сабр бардош, хотиржамлик ва ишонч билан кутиш эса айни ҳикматдир. Шунинг учун дин бандадан хар доим сабр қилишни талаб этади.
Абдухалил АБДУНАЗАРОВ,
Қизириқ туман бош имом-хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати
Масжиди Набавий Мадина шаҳрида жойлашган бўлиб, Ислом тарихидаги энг муқаддас жойлардан биридир. Масжид Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан ҳижратнинг биринчи йилида, 622 йили барпо этилган ва мусулмонлар учун Маккадаги Масжидул Ҳаром ва Қуддусдаги Масжидул Ақсодан кейинги учинчи муқаддас масжид ҳисобланади. Масжиди Набавийдаги меҳроблар масжиднинг тарихий ва маънавий аҳамиятини акс эттиради.
Меҳроб – масжидда намоз вақтида имом турадиган ва қиблани кўрсатувчи жой. Масжиди Набавийдаги кенгайтиришлар ва қайта қуриш жараёнларида меҳроблар ўзгариб борган. Масжиднинг дастлабки кўриниши содда шаклда бўлиб, меҳроб ҳам бирор бир нарса билан белгиланмаган. Кейинчалик, Умавийлар, Аббосийлар, Усмонийлар ва Саудийлар даврида меҳроблар нақшинкор санъат намуналари билан безатилди.
1. Пайғамбар меҳроби. Меҳроби Набавий Масжиди Набавийдаги энг муҳим ва асосий меҳробдир. Меҳроб Равзада, Пайғамбар алайҳиссаломнинг қабрлари ва минбарлари орасида жойлашган. Пайғамбар алайҳиссалом даврларида У зот намоз ўқиган жойда бирор белги бўлмаган, 707-710 йилда илк бор Умавий халифаси Валид ибн Абдулмалик томонидан бу жойга биринчи меҳроб ўрнатилган.
Масжидда ҳозирги шаклдаги меҳроб 1482 йилда Мамлук султони Қайтбей томонидан қурилган бўлиб, кейинчалик Усмонлилар ва Саудия подшоҳи Фаҳд даврларида таъмирланган. Меҳроб тилла билан қопланган хаттотлик ёзувлари ва гўзал нақшлар билан безатилган.
2. Усмоний меҳроби. Меҳроби Усмоний ҳозирда кўп фойдаланиладиган асосий меҳроб бўлиб, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврида 651 йилда масжид кенгайтирилганидан қурилган. Қибла деворининг марказида жойлашган Усмон ибн Аффон меҳроби ўрнида дастлаб белги бўлган.
3. Меҳроби таҳажжуд. Меҳроб Пайғамбар алайҳиссалом таҳажжуд намозини ўқиган жойни билдиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тунги намозларини Масжиди Набавийнинг устунларидан бири ёнида ўқир эдилар. Кейинчалик бу устун ёнида меҳроб қурилди, аммо сўнгги йиллардаги қайта таъмирлаш ишларида олиб ташланди ва унинг ўрнига Қуръони карим мусҳафлари учун китоб жавони ўрнатилган.
4. Сулаймоний меҳроби. Меҳроби Сулаймоний Ҳанафий меҳроби деб ҳам номланади. Сулаймоний меҳроби Равзадан ташқарида, Пайғамбар алайҳиссалом минбарларининг ўнг томонида жойлашган. Бу меҳроб ҳанафий мазҳабидагиларнинг намозгоҳи бўлган. 1532 йили Султон Сулаймон I буйруғи билан бунёд этилди.
5. Фотима меҳроби. Фотима роҳияллоҳу анҳо уйлари яқинида, таҳажжуд меҳробининг жанубида, Набий алайҳиссалом ҳужралари атрофида жойлашгани, мақбара ўралгани боис меҳроб кўринмайди.
Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси.