بسم الله الرحمن الرحيم
НАВРЎЗ – УМУМХАЛҚ БАЙРАМИ
Муҳтарам жамоат! Маълумки, дунёдаги ҳар бир мамлакат ва ҳар бир халқнинг миллий ва диний байрам кунлари бўлади. Шу жумладан, бизнинг она юртимиз ва диёримиз халқининг ҳам қатор байрамлари борки, ҳар йили уларни шодиёна тантанали равишда ўтказиб борилади. Худди шундай миллий байрамларимиздан бири баҳор байрами, яъни Наврўз байрамидир.
Билиб қўйишимиз керакки, биз ўтказадиган Наврўз қиш фаслидан чиқиб, баҳор айёмига саломат етганимиз ҳамда ерга уруғ қадайдиган фурсати етгани муносабати билан деҳқонларнинг ҳам баҳор байрами сифатида нишонлайдиган мавсумий тадбири ҳисобланади. Бу кунни баҳорни бошланиш сифатида рамзий нишонлаймиз.
Ислом таълимоти инсоннинг руҳий тарбиясига қанчалик аҳамият бериб, уни камолот сари ундовчи ва йўлловчи илоҳий кўрсатмаларини билдирган бўлса, инсон шу даражада соғ-саломат, бардам-бақувват бўлиши йўлида унга зарурий дунё неъматларини ато қилди ва буларга эришиш сабабларини ҳам кўрсатиб қўйди. Шундай илоҳий неъматлардан бўлган зироат экинлари, яъни буғдой, арпа каби бошоқли дон-дунларни ва турли мевали дарахтларни, боғу-полиз маҳсулотларини инсон тириклигининг асосий омили қилди ва бу неъматларга ўсиб-униши ва ҳосил бериб, инсоният бардавомлигини таъминлаш вазифасини юклади. Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида бундай хабар бериб айтади:
فَلْيَنْظُرِ الْإِنْسَانُ إِلَى طَعَامِهِ أَنَّا صَبَبْنَا الْمَاءَ صَبًّا ثُمَّ شَقَقْنَا الْأَرْضَ شَقًّا فَأَنْبَتْنَا فِيهَا حَبًّا وَعِنَبًا وَقَضْبًا وَزَيْتُونًا وَنَخْلًا وَحَدَائِقَ غُلْبًا وَفَاكِهَةً وَأَبًّا مَتَاعًا لَكُمْ وَلِأَنْعَامِكُمْ
(سورة عبس/24-32).
яъни: “Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан қуйидаги неъматларимизга бир) боқсин: Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик. Сўнгра ерни (гиёҳлар унсин, деб) ёрдик. Сўнгра Биз унда донларни ундирдик, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, меваю гиёҳларни ҳам. (Буларни) сизларнинг ва чорва ҳайвонларингизнинг истеъмоли учун (яратдик)”.
Албатта, эрта баҳордан бошлаб ҳалол меҳнат жабҳасига кирган меҳнаткаш бобо деҳқонларимиз томонидан сепилган дон ёки экилган уруғнинг униб-ўсишини Аллоҳ таборака ва таоло ирода қилсагина, улар ривожланиб, кўкариб ниш уради.
Муҳтарам азизлар! Наврўз айёми халқимиз учун шарқона янги йилнинг бошланиши, энг қадимий, асл миллий, энг ардоқли байрамдир. Наврўз деҳқончилик ишларининг бошланиши, янги мавсумга кириш вақти саналади. Наврўз байрамида оммавий халқ сайиллари уюштирилган, янги униб чиққан кўкатлардан, баҳорий таомлар: сумалак, ҳалим, кўксомса, кўкчучвара каби тансиқ таомлар пиширилган. Ўзбекистонда ҳам мустақилликка эришилганидан кейин бошқа қадриятлар қатори Наврўз байрами ҳам қайта тикланди. У ҳозир мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда. Ҳар йили мамлакатимиздаги барча шаҳар ва қишлоқларда байрам сайиллари, томошалар, бошқа байрам тадбирлари ўтказиляпти, айни пайтда хайрия ташкилотлари ёрдамида меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз кексалар, ногиронлар ҳолидан хабар олинмоқда, уларни байрам билан қутлаб, турли совғалар, хайр-эҳсонлар тақдим этилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Наврўз байрамининг дин ёки эътиқодга умуман дахли йўқ бўлиб, ушбу кун азал шарқ халқларида янгиланиш, яшариш байрами, деҳқончилик мавсумининг бошланиши, янги ҳаёт палласи сифатида кўрилган.
Жаннатмакон диёримизнинг меҳнаткаш бобо деҳқонлари, миришкор боғбонлари, қишлоқларимиздаги тиним билмас барча меҳнаткашлар кириб келаётган баҳор мавсумига жиддий ҳозирлик кўришяпти, ерларни экиш-тикишга ўз вақтида тайёрлаб, имон-эътиқод ва ихлос билан ерга қут-барака уруғларини тикишни бошлаб юбордилар. Уларнинг Аллоҳ розилигини топиш борасидаги ҳалол меҳнатлари, касбу корлари, иншоаллоҳ самарасиз қолмайди. Зеро, жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) марҳамат қилиб айтганлар:
عَن أَنَسٍ رضي الله عنه قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم:"مَا مِن مُسلِمٍ يَغرِسُ غَرْسًا أَو يَزرَعُ زَرْعًا فَيَأكُلُ مِنهُ طَيرٌ أَو إِنْسَانٌ أَو بَهِيْمَةٌ إِلاَّ كَانَ لَهُ بِهِ صَدقَةٌ"
(رواه الامام النسائي).
яъни: “Бир мусулмон бирон бир дарахтни ёки экинни экса, ундан бирор қуш, инсон ёки бирор ҳайвон еса у инсонга садақа ёзилади” (Имом Насоий ривояти).
Муҳтарам жамоа! Шу ўринда Сиз азизларга “Ҳизбут-Таҳрир” оқими ҳақида сўзлаб беришни ўзимизга асосий вазифа деб билдик.
“Ҳизбут-Таҳрир” фитнасидан огоҳ бўлайлик
Авваламбор, бу хусусида марҳум устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ўз вақтида ушбу оқимга раддия бериб кетганлар. Мазкур оқим аъзолари ўзларнинг қабиҳ ишларини барча ислом динига эътиқод қилувчи мамлакатларда, шу қаторда юртимизда ҳам яширин тарзда олиб боришмоқда. Энг хатарлиси, “оқим” аъзоларининг асосий мақсади ягона халифалик давлатини қуриш каби даъво остида аслида мусулмонларнинг ичига фитна солмоқда.
Улар халифаликни ташкил этиш йўлида барча мусулмонларни ҳаракат қилиш фарз, деган иддаони илгариб суриш билан бирга мусулмон киши уч кундан ортиқ халифасиз яшаши ҳаром, деб таъкидлаб келмоқдалар. Ваҳоланки, “Муҳаммад” (с.а.в.) “мендан кейин 30 йил халифалик ҳукум суради, сўнг подшоҳликлар бўлади” деб айтиб ўтганлар. Аммо эътиқоди бузуқ бўлган кимсалар, эса ушбу фикрни рад этган ҳолда, ўз қарашларини олға суриб келишмоқда.
Ақидавий масалалар диннинг асоси ва таянчи ҳисобланишини инобатга олсак, мусулмон банда бу борада тўғри йўналишда бўлиши ўта муҳимдир. “Ҳизбут-таҳрир” раҳнамолари эса, ислом динининг эътиқодий қарашларига аста-секинлик билан ўз ботил фикрларини киритишга ҳаракат қилиб, ислом тарихидаги ёмон ном қозонган “мўътазилия” ва “қадария” оқимларининг бузуқ қоида ва фикрларига таянадилар.
“Оқим” аъзоларининг фиқҳий ботил қарашларидан яна бири, бу қасам ичиш, яъни “оқим”га содиқ қолиш ҳисобланади. Оқим раҳнамолари мазкур ҳолатда айёрона ҳийла кўзлаб, тарафдорларни оқимдан чиқиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида жорий қилишган. Аслида қасам фақат яхшилик ва эзгу ишларни қилиш ёки ёмон ва қабиҳ амалларни қилмаслик учун ичилади. Умуман олганда, ислом таълимоти бўйича зарурат тақазо қилмагунича қасам ичишдан сақланишга буюрилади.
Шу боисдан муҳтарам жамоа мавизамизда қайд қилинган оқим тарафдорларининг ёлғон иддаолари ва қарашларига алданиб қолмаслик мақсадида ҳушёрликни оширишимиз, мазҳабимизга хос бўлмаган эътиқодга эргашиб кетмаслигимиз лозим бўлади.
Муҳтарам жамоат! Мавъизанинг ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар қисмида намоздаги сафга боғлиқ баъзи ҳукмлар ҳақида суҳбатлашамиз.
- Намозга саф тортганда биринчи эркаклар, кейин ёш болалар, сўнгра аёллар туради. Агар балоғатга етмаган ёш болалар катталарга баробар бўлиб қолсалар, ҳадисга зид бўлгани учун катталарнинг намози макруҳ бўлади.
- Намозда биринчи олдинги саф тўлдирилади. Сўнгра иккинчи сафга туриш бошланади. Биринчи саф тўлмасдан туриб иккинчи сафга турилмайди.
- Имом сафларнинг ўртасида чиқиб туради. Имомга бир эркак иқтидо қилса, имомнинг ўнг томонида туради, орқасида турмайди. Бунда иқтидо қилгувчининг оёқларини бармоқлари имомнинг товони баробарида туради.
- Сафнинг энг яхши жойи имомнинг рўпараси, сўнг ўнг тарафи, сўнг чап тарафидир.
- Имом бир киши билан намоз ўқиётганида иккинчи одам жамоатга келиб қўшилса, имомнинг ёнидаги кишини орқага тортиб, бир сафда туради ёки имом олдинга чиқади.
- Сафда турганлар сафни тўғри тутиш билан бирга, ораларида очиқ жой қолмаслиги керак.
- Агар сафда бир киши сиғадиган миқдорда очиқ жой бўлса, уни орқадаги киши тўлдириш керак бўлади. Бошқа жойдаги одам уни тўлдирса намози бузилади.
- Олдинги сафда очиқ жой бўла туриб намоз ўқиш макруҳ бўлади. Олдинги сафдаги очиқ жойни тўлдириш мақсадида юриш ҳар бир рукнда икки қадамдан ошмаслиги зарур. Юришда оёқлар ерга ёпиштирилган ҳолда (судраб) борилади.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, зироат ишларида мўл-кўл ҳосил олиш йўлида меҳнат қилаётган деҳқонларимизга баракотлар нозил қилсин! Омин!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Совчилик ота-оналар ёки ишбошилар томонидан амалга оширилиши ва уларга жавоб бериш ҳам шу тариқа бўлиши мусулмон халқларнинг оммавий одатларидан бўлиб қолган, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Ҳаттоки, мусулмон бўлмаган қавмлар ёки динимиз ҳақида тузукроқ маълумотга эга бўлмаган, «мусулмонман», деб юрган баъзи кимсалар: «Мусулмончиликда умр йўлдошини танлашда ёшларнинг ўзларининг хоҳиши эътиборга олинмаса ҳам, бўлаверади», деган тушунчада бўлишлари ҳам мумкин. Аммо шариатда ундай эмас. Исломда ҳар бир шахс ўз эрки, ҳуррияти ва истак-хоҳиши билан оила қуриши кераклиги алоҳида таъкидланади.
Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир қанча ҳадиси шарифлари келган.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لَا تُنْكَحُ الْأَيِّمُ حَتَّى تُسْتَأْمَرَ وَلَا تُنْكَحُ الْبِكْرُ حَتَّى تُسْتَأْذَنَ، قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، وَكَيْفَ إِذْنُهَا؟ قَالَ: أَنْ تَسْكُتَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَفِي رِوَايَةٍ: الثَّيِّبُ أَحَقُّ بِنَفْسِهَا مِنْ وَلِيِّهَا، وَالْبِكْرُ تُسْتَأْمَرُ وَإِذْنُهَا سُكُوتُهَا.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Маслаҳат сўралмагунча, жувон никоҳланмас. Изн олинмагунча, бокира никоҳланмас», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, унинг изни қандай бўлади?» дейишди.
«Сукут сақламоғи», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Бошқа бир ривоятда:
«Жувон ўз нафсига валийсидан ҳақлироқдир. Бокирадан эса изн сўралади. Унинг изни – сукутидир», дейилган.
Бу ҳадиси шарифда никоҳ масаласида қиз ва аёлларнинг розилиги шарт экани, совчи келганида, эркаклар, яъни оталар, акалар ва бошқалар ўзларича жавоб бериб юбормасдан, улар билан маслаҳат қилиб, розиликларини олишлари кераклиги баён қилинмоқда.
Замон бузилиб, ишлар тескарисига айланмай туриб, нафақат мусулмонларда, балки дунёнинг барча халқларида ҳам бир қизга совчилик қилиш оила бошлиғи бўлмиш отага гап очиш, ундан розилик сўраш билан бўлган. Оддий инсоний одоб-ахлоқ, халқларнинг урф-одатлари шуни тақозо қилган ва қилади ҳам.
Ислом оталарга ёки уларнинг ўрнига қолган валийларга қизнинг ўзидан розилик сўрашни тавсия қилади. Чунки ҳолатнинг ўзи шуни тақозо қилади. Бир одамни ўзининг изнисиз, хабарисиз, розилигисиз эрга бериб юбориш тўғри эмас.
Агар эрга тегиши ҳақида сўз кетаётган кимса эрдан ажраган жувон бўлса, у ўз розилигини очиқ-ойдин айтиши шарт. Чунки у оила кўрган, эркак киши билан муносабатда бўлган, никоҳ масалаларида тажрибага эга, бундай гапларни гаплашиб юрган. Энди очиқ маслаҳатлашишдан уялмайди.
Маслаҳат қиз боланинг турмушга чиқиши ҳақида бўлаётган бўлса, бир оз бошқача йўл тутилади. Агар у очиқ жавоб берса, ўзининг иши. Унинг ўша жавобига қараб иш қилинади. Аммо индамаса, сукути розилик аломати бўлади.
Муслима қизлар одоб-ахлоқ, ҳаё, эҳтиром доирасида тарбия топганликлари туфайли уялиб, отаси ёки бошқа яқинлари билан ўз никоҳи тўғрисида гапла-шишга уялиб, индамайдилар. Шунинг учун қиз боланинг уялиб, индамагани унинг бу никоҳга розилиги ҳисобланади.
Лекин индамаслигига норозилик аломатлари қўшилса, бундай сукутни розилик деб бўлмайди. Бундай ҳолларда оналарни ишга солиш яхшироқ бўлади. Зотан, жорий одатлар ҳам шунга айланиб қолган.
Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва-саллам:
«Аёлларни қизлари ҳақидаги ишга таклиф қилинглар», – деганлар.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: تُسْتَأْمَرُ الْيَتِيمَةُ فِي نَفْسِهَا، فَإِنْ سَكَتَتْ فَهُوَ إِذْنُهَا، وَإِنْ أَبَتْ فَلَا جَوَازَ عَلَيْهَا. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Етим қиздан ўзи ҳақида изн сўралади. Агар сукут сақласа, ўша унинг изнидир. Агар бош тортса, уни мажбурлаш йўқ», – дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.
Етим қизлар деганда отаси ва валий бўладиган қариндошлари йўқлиги туфайли бошқа бир одамнинг тарбиясида ўсган қизлар тушунилади. Одатда, бундай қизларни ўзларидан сўраб-сўрамай эрга бериб юбориш ҳеч гап бўлмай қолган. Аммо хоҳ етим бўлсин, хоҳ етим бўлмасин, қизларни мажбур қилиб эрга бериш шариатга мутлақо хилоф эканини мана шу ривоятдан кўриб турибмиз. Бундай қилиш катта зулм ҳисобланади.
Ислом ҳукмларидан бехабар кишилар Аллоҳ таоло томонидан қизларга берилган бу ҳақни поймол қилиб келганлар. Улар қизларнинг розилигини сўрамай, норози бўлсалар, уриб-сўкиб эрга берганлар. Бу эса, доимо Ислом душманлари томонидан динимизга таъна тошлари отилишига сабаб бўлиб келган. «Мусулмонман» деб юрганларнинг ношаръий ишлари ўзларига гуноҳ бўлиши билан бирга, динимиз душманлари тегирмонига сув қуйишини шундан билиб олсак ҳам бўлади.
"Бахтиёр оила" китобидан