Ўзбек ва тожик халқларининг азал биродарлиги, қуда-андаю қариндошлиги ҳам ўзларини ўраб турган она табиатдан улгу олгандек гўё! Улуғ Ҳисор тизмаларида жимирлаб эриган қорлар Помир тоғларининг кифтидан йўлга тушган ойдин булоқларга қўшилиб Амударё деган шаштли дарёни бунёд этади.
Ўзбек билан тожик икки тилда сўзлашадиган битта миллатдир, деган нақл ҳам бежиз пайдо бўлмаган. Дини, қадриятлари, энг кичик иримларидан тўйу маракалардаги маросимларигача бир-бирига уйғун бўлган бу халқлар Марказий Осиёнинг энг сўлим манзилларида яқин қўшни бўлиб яшашлари ҳам бежиз эмас.
Қуйида ўзбек адабиётининг икки забардаст шоирининг қаламига мансуб бўлган шеърлар ҳам ана шу қадим муҳаббатнинг меваси ўлароқ туғилган бўлса неажаб.
ЎзА
Абдулла Орипов
Ўзбекистон халқ шоири
Ўзбегим тожик билан
Дўсту қардошдир азалдан
Ўзбегим тожик билан,
Иккиси бир байт ғазалдан
Ўзбегим тожик билан.
Қай йўсин айлай қиёс мен
Бул ширин дўстлик сўзин,
Тотлидир болдан, асалдан,
Ўзбегим тожик билан.
Бахтга ёр доим Навоий
То Жомий бор экан,
Биз улар қўйган тамалдан,
Ўзбегим тожик билан.
Фаҳм этиб боқсанг агарда,
Биз қўша сайёрамиз,
Бу Али сўзлар Зуҳалдан,
Ўзбегим тожик билан.
Бир эгатнинг боши сену
Бир эгатнинг боши мен
Ер экиб тинмас ҳамалдан
Ўзбегим тожик билан.
Бул қадрдон икки дўстга
Ҳоҳишимдир то абад
Топса бир маъно масалдан,
Ўзбегим тожик билан.
Эркин Воҳидов
Ўзбекистон халқ шоири
Тожик биродаримга
Биз икки ёндош элга,
Қариндош, қондош элга,
Жондош, имондош элга,
Фарзанд бўламиз, дўстим.
Шажарада томирмиз,
Тиёншонмиз, Помирмиз,
Нечун ўздан тонурмиз,
Баланд бўламиз, дўстим.
Беруний, Ибн Синога,
Жомийдек пок сиймога,
Навоийдек даҳога,
Дилбанд бўламиз дўстим.
Ширу шакар азалдан,
Тотли бизга асалдан,
Бир байт каби ғазалдан,
Пайванд бўламиз, дўстим.
Қонлар олуд еримиз,
Ёв кўксида тийримиз,
Биримиз ўқ, биримиз—
Каманд бўламиз, дўстим.
Ўртамизга кўп нифоқ,
Солмоқ бўлдилар бироқ,
Асли биз эт ва тирноқ—
Монанд бўламиз, дўстим.
Бир заминда дон экиб,
Бир Ватанда жон чекиб,
Дўст ғамига қад эгиб,
Дардманд бўламиз, дўстим.
Биз хуш ният меъморлар,
Қулаб эски деворлар,
Яйраса дўсту ёрлар,
Хурсанд бўламиз, дўстим.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир нечтаси сафарга чиқишди. Улар араб маҳаллаларидан бирига тушиб, меҳмон қилишини сўрашди. Маҳалладагилар эса уларни меҳмон қилишдан бош тортишди. Ногаҳон, ана шу маҳалла оқсоқолини бир нарса чақиб олди. Унга ҳамма нарсани қилиб кўришди, аммо фойда бермади. Баъзилар: «Ана у меҳмонларга боринглар-чи, шояд, уларда бирор нарса бўлса?» дейишди. Улар бориб: «Эй меҳмонлар жамоаси, бизнинг бошлиғимизни бир нарса чақиб олди. Ҳамма ҳаракатни қилиб кўрдик, аммо фойда бермади. Сизларда бирор нарса борми?» деб сўрашди.
Меҳмонлардан биттаси: «Аллоҳга қасамки, мен дам солинадиган бир дуони биламан. Лекин сизлардан бизни меҳмон қилишингизни сўраганимизда, рад этдинглар. Бизга бу дуонинг эвазига бирор нарса бермасанглар, уни айтмайман», деди. Улар бир тўда қўй беришга келишиб олишди. Шунда у саҳоба «Алҳамду лиллаҳи Роббил ъаламийн»ни (яъни, Фотиҳа сурасини) ўқиб суфлади. Оқсоқол гўё арқон ечилганидек ҳаракатга келди. Унда бирор оғриқ қолмай юриб кетди. Кейин улар келишилган нарсани беришди. Саҳобалар: «Уни тақсимланглар», дейишган эди, дам солган киши: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу тўғрида сўраб, бизга бирор нарсани буюрмагунларича тақсимламанглар», деди. Саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, бу воқеани айтиб беришди. Шунда у зот: «Сен унинг (Фотиҳа сурасининг) шифо эканини қаердан билдинг? - дедилар, сўнгра тўғри қилибсизлар, уларни тақсимланглар. Менга ҳам улуш ажратинглар», деб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулиб қўйдилар».
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.
Мана шу имом Бухорийнинг ривоятлари мукаммалроқдир.
Бошқа ривоятда эса: «Фотиҳани ўқиб, туфугини тўплаб суфлаб қўйди. Сўнг ҳалиги киши тузалиб кетди», дейилади.
Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобидан