2018 йил 9 март жума куни Тошкент шаҳридаги “Кўҳ ота” жоме масжидининг янги биноси қурилиши учун биринчи ғишт қўйилди.
Ушбу хайрли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари бошчилигида таниқли уламолар, нуроний отахонлар ва масжид қавми қатнашишди. Юзларидан нур балқиб турган табаррук отахонлар масжиднинг биринчи ғиштини қўйиб бердилар. Ихлос ва эътиқодли халқимиз жоменинг қурилиш ишларида фаол иштирок этишга бел боғладилар. Аллоҳ ихлосларига яраша ажрларини кўпайтириб берсин. Масжид биноси қурилиши muslim.uz порталининг Фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали онлайн узатилди. Қуйидаги линк орқали томоша қилишингиз мумкин: https://www.facebook.com/muslimuzportal/videos/
Маълумот учун, ҳозирда Тошкент шаҳрида “Сузук ота” жоме масжиди қурилиш ишлари жадаллик билан давом эттирилмоқда. Шунингдек, азим пойтахтимиздаги “Имом Термизий” жоме масжидининг қурилиш ишлари ҳам якунига етиб бормоқда.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ражаб ойи ниҳоясига етиб, Шаъбон ойи ҳам кириб келди. Бу ой кирганда араблар сув қидириб, турли йўллар ва дараларга тушиб, тарқалиб кетганлари учун шаъбон деб номланган.
Бу ой Рамазон ойига тайёргарлик кўриш ойи саналади. Шаъбон ойи Қуръон кўп тиловат қилинадиган ва кўп рўза тутиладиган ойдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда кўп рўза тутардилар.
Афсуски, аксарият инсонлар бу ойнинг фазилатларидан ғафлатда қоладилар. Бу ойда амаллар Аллоҳ таолога кўтарилади. Усома розияллоҳу анҳу бундай дейдилар: Мен Расулуллоҳдан: "Ё Аллоҳнинг Расули, ойлардан ҳеч бирида Шаъбонда рўза тутганингиздек рўза тутганингизни кўрмадим", деб сўрадим. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бу бир ойки, одамлар ундан ғофил қолурлар. У Ражаб билан Рамазоннинг орасида. Бу бир ойки, унда амаллар Роббул аъламийнга кўтарилади. Менинг амалим кўтарилаётганда рўзадор бўлишни яхши кўраман", дедилар (Имом Насоий ривояти).
Уламолар: "Шаъбон ойида бир йиллик амаллар Аллоҳга кўтарилади", деганлар.
Ўтган солиҳлар бу ойда янада кўпроқ Қуръон тиловат қилишарди. Ҳатто айримлар шаъбон ойи кирганда бошқа ишларини ташлаб, фақат Қуръони карим тиловати билан банд бўлардилар.
Шунингдек, ўтган солиҳлар бу ойда мискинларга ғамхўрлик қилишга ошиқардилар. Бева-бечора, фақир ва камбағаллар Рамазон ойини кўтаринки кайфият ва хурсандчилик билан кутиб олишсин деб закотларини берардилар.
Бир сўз билан айтганда, шаъбон ойи нафсни рамазон ойини муносиб кутиб олишга тайёрлаш ойидир. Шаъбон ойингиз муборак бўлсин!
Даврон НУРМУҲАММАД