Луқмони Ҳаким ўғлига бундай насиҳат қилган экан: “Эй, ўғлим! Олимлар билан ҳамнафас бўл, устозлар орасида ўтир, чунки Аллоҳ таоло еру осмонни суви билан обод қилганидай, қалбларни ҳам илму ҳикмат нури билан мунаввар қилади”.
Илм-ирфон тарқатиш, ёшларга таълим тарбия бериш нақадар улуғ фазилат ва савобли иш экани ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган: “Дарҳақиқат, инсонларга яхшилик ва илму маърифатни ўргатган барча устозларга барча ҳайвонлар, ҳаттоки денгиздаги балиқлар ҳам истиғфор айтади”.
Инсон ҳаётида билими, маърифати билан жамият аъзолари ўртасида қадр-қиммат ва обрў эътиборга эга бўлади, ҳатто Одам алайҳиссаломни барча фаришталардан ҳам юқори мақомга кўтарган нарса илм-маърифатдир.
Ҳақ таоло Қуръони каримда илмли кишиларнинг ва устозларнинг мартабалари юксак даражаларга кўтарилишини баён қилиб, шундай дейди: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала, 11)..
Олимлик, устозлик мақоми нақадар улуғ ва бемисл экани ҳақида жаноби Пайғамбаримиз бундай марҳамат қилганлар: “Олимнинг бошқалардан ортиқлиги ойдин кечада ойнинг бошқа юлдузлардан зиёда нурли эканига ўхшайди. Дарҳақиқат, уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар ўзларидан кейин динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар ўзларидан фақат илму маърифатни мерос қилиб қолдиришган. Ким бу мерос илмни олган бўлса, у катта бахту саодатни қўлга киритибди” (Имом Термизий, Абу Довуд ва Ибн Можалар ривоят қилган).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг улови тизгинини ушлаб, унга минишига ёрдам бериб бундай деганлар: “Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб кибрланса, жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли”.
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу илм ўрганувчига қарата шундай деганлар: “Устознинг сендаги ҳақларидан бири – сен одамларга омматан салом бериб, муаллимга хос салом беришингдир. Унинг рўбарўсида ўтиришинг, унинг ҳузурида қўлинг билан ишора этмаслигинг, кўзингни қисмаслигинг, устозга керагидан зиёда савол бермаслигинг, жавоб беришида унга ёрдам бермаслигинг, агар хоҳламаса, унга қайта-қайта савол бермаслигинг, устоз туришга ҳаракат қилганда унинг кийимларидан ушламаслигинг, унинг сирларини фош этмаслигинг, устоз ҳузурида бирон-бир масалада хато қилишини ҳеч қачон тиламаслигинг, устоз агар ногоҳ адашса, узрини қабул этишинг, устозга қарата: “Мен фалончи бундай деганини эшитдим” ёки “фалончи сизнинг хилофингизга гапирди”, деб айтмаслигинг, устоз ҳузурида бирон-бир олимни тавсифламаслигинг, узун суҳбатидан ҳеч қачон малолга келмаслигинг, устоз хизматидан ўзингни олиб қочмаслигинг лозим бўлади. Устознинг бирон юмуши чиқиб қолса, уни адо этиш учун барча шогирдлар чопишади. Устоз гўё бир хурмо дарахтига ўхшайдики, сен ундан бирон нарса тушишини пойлаб турасан”.
Соҳибқирон Амир Темурнинг шундай гапи бор: “Илм ва диннинг машҳур устозлари ўз маслаҳатлари билан подшоҳларга ёрдам бериб келишган”.
Устозлар барчамизнинг, хусусан, шогирдларнинг эҳтиромига лойиқ бўлган буюк инсонлардир. “Илм билан мустаҳкамланмаган ҳар қандай улуғликнинг оқибати хорликдир”, деган экан Аҳнаф ибн Қайс.
Ҳукамолардан бири шундай деган экан: “Ота-оналар фарзандларини дунёдаги оловдан ҳимоя қилишса, устозлар эса уларни охират олови – дўзахдан муҳофаза этишади”.
Илм толиблари ва шогирдлар ҳам доимо илму маърифати зиёда бўлиш йўлида устозлардан билмаганларини сўраб-билишда жиддий ҳаракат қилишлари лозим.
Муслим АТАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими ходими,
Тарих фанлари номзоди
ЎМИ Матбуот хизмати
Оила – инсон ҳаётидаги маънавий суянч, ижтимоий тартиб, насл давомийлигини таъминловчи қўрғон ва меҳр-муҳаббат масканидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (Рум сураси, 21-оят).
Бу оят оила қуришнинг илоҳий ҳикматга эга эканини, эр-хотин муносабатида муҳаббат ва меҳр-шафқат асосий омил бўлишини англатади.
Ислом никоҳни фақат шахсий хоҳиш эмас, балки маънавий, ахлоқий ва ижтимоий мажбурият сифатида қабул қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Никоҳ менинг суннатимдир. Ким суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Бу ҳадисга кўра, никоҳ мусулмон ҳаётидаги ибодат ҳисобланади. Унинг асосий мақсадлари нафсни ҳалол йўл билан қондириш, наслий поклик, фарзанд тарбияси ва жамият барқарорлигини таъминлашдир.
Исломда эр ва хотиннинг вазифалари бир-бирини тўлдирувчи хусусиятга эга. Аллоҳ таоло эркакни масъулиятли раҳбар, аёлни эса оила мустаҳкамлигини таъминловчи қилиб яратган: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси, 34-оят).
Эркак аёлдан баъзи хусусиятларда ортиқ қилиб яратилганида бир неча ҳикматлар бор. Муфассир уламолар, жумладан, қуйидаги шаръий нуқтаи назардан эркакларга хос хусусиятларни қайд этишган: пайғамбарлик, жисмоний куч-қувват, оила нафақасига масъуллик, ақлу идрок, хотира ва тафаккурнинг зиёдалиги, имом-хатиблик, муаззинлик, жамоат билан намоз ўқиш, жума намозининг вожиб бўлиши, ташриқ такбирини айтиш, жангларда қатнашиш, тўлиқ гувоҳлик, талоқ бериш ҳуқуқига эга бўлиш, оиланинг унга нисбат берилиши, намоз ва рўзани узрсиз адо этиш кабилар.
Шу жиҳатларни ҳисобга олиб, аёл киши эрига нисбатан итоатли, ҳамиятли ва иффатли бўлиб, оила тотувлиги йўлида доимий ҳаракатда бўлиши жуда матлуб ишдир.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз ўз аҳлига яхшилик қилувчиларингиздир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Эркак оила бошлиғи сифатида адолатли, ғамхўр ва меҳрибон бўлиши керак. У ўз аёли ва фарзандларининг эҳтиёжларини таъминлаб, уларни тўғри йўлга бошлаши лозим.
Хотиннинг вазифалари – оилада соғлом муҳит яратиш, эрга итоат ва унинг шаънини асраш. У оила тинчлиги ва фаровонлиги учун интилиши, эрига вафодор бўлиб, фарзандлар тарбиясида фидойилик кўрсатиши лозим.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Улар сизларнинг либосингиз, сизлар уларга либоссиз” (Бақара сураси, 187-оят).
Бу оят никоҳдаги жуфтларнинг бир-бирига муҳтожлиги ва улар ўртасидаги яқинликни таърифлайди.
Никоҳ фақатгина икки инсоннинг эмас, балки оилалар ва жамиятнинг ҳам масъулиятидир. Кўп ҳолларда ота-оналар, қариндошлар ва жамиятнинг қўллаб-қувватлаши никоҳнинг мустаҳкамлигида муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда кўпчилик оилавий муаммолар учинчи томонларнинг (қайнона-қайнота, яқинлар, дўстлар) чуқур ва номуносиб аралашуви оқибатида келиб чиқмоқда. Ҳар бир инсон ўзига тегишли чегарани билиши зарур.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамларнинг аразлашганларини яраштириб қўйиш нафл намоз ўқишдан ва нафл рўза тутишдан кўра савоблироқдир”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Ота-оналар, қариндошлар – ёшлар ҳаётига раҳбар сифатида керакли маслаҳат берадилар, аммо уларнинг шахсий муносабатларига бефарқ ёки ортиқча аралашиш – оилавий муҳитни бузиши, ўртадаги муҳаббатни сўндириши мумкин.
Кўпинча оилада ота-она ва фарзандлар, оиланинг бошқа аъзолари орасида ҳам турли келишмовчилик бўлиб туради. Арзимаган сабаб-баҳоналар билан тинч хонадонлар можаролар масканига айланади. Бир-бирига яқин, қадрдон, қариндошлар ўртасида меҳр-оқибат кўтарилади.
Кечира олиш – гўзал фазилат, динимизда мақталган сифатлардан. Бир қарашда оний ютқазишдай кўринган кечира олиш катта можароларнинг олдини олади, ғалабани таъминлайди. “Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши” деганларидай, икки ошуфта қалбнинг арази узоққа бормаслиги кундай равшан.
Сал ихтилоф чиқдими, бир томон дарров муроса-келишув йўлини кўриши керак. Бир томоннинг ақл-идрок билан иш тутиши шайтоннинг бўйнини синдириб, катта можароларнинг олдини олади.
Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят имом-хатиблари, отинойилари 838 та ана шундай низоми оилани яраштиришиб, ёшларнинг бахтли ҳаёт кечиришига сабабчи бўлдилар.
Хулоса шуки, Ислом оилага юксак мақом берган, уни жамиятнинг юраги деб баҳолаган. Биз оят ва ҳадислар асосида шу муқаддас неъматни асраш, мустаҳкамлаш ва ёшларга тўғри етказиш йўлида жиддий ҳаракат қилишимиз керак.
Убайдуллоҳ АБДУЛЛАЕВ,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби
"Ҳидоят" журналининг 5-сонидан олинди