“…Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, айнан ўшалар нажот топувчилардир” (Тағобун сураси, 16-оят).
Шоир Саъдий Шерозий нафсни маломат қилиб, шундай деган эди:
Кишини бузуқ нафс этар хору зор,
Гар оқил эсанг сен уни айла хор.
Тамага бўйсунмаса ҳар киши,
У қул эрмас, озод ўтар турмуши.
Тамаъ жамиятдан чиқаргай сени,
Уни ҳайдагил, у чиқармай сени.
Дарҳақиқат, нафси бад инсонни не кўйларга солмайди? Унга тобе бўлганлар хор ва забун, уни қўлга олганлар эса ҳақиқий мард бўладилар.
Улуғ алломаларимиздан бири нафсни ўлдирувчи унсурларни учта деб баён этади: “Нафсни фақат уч нарса билан ўлдириш мумкин. Булар хомушлик ханжари, очлик қиличи ва танҳолик найзасин қўлга олиб хузуъни тарк қилишдир. Агар кимда бу уч қурол бўлмаса, унинг нафси ҳеч қачон нажотга келмайди. Яъни бўйсунмайди. Ҳар кимки симу зарга қизиқса, унинг иши оқибатда изтиробли, аламли бўлади. Кимки ишларини охират учун қилса, унга Аллоҳ таолодан кўп марҳаматлар келади. Дунёнинг моли хокисорлар учун ва охират парҳезкорлар учун бўлади.
Эй ўғил, шайтон сенинг душманингдир. У сенинг бўйнингга оловли кишан солишни истайди. Кунинг бошланишида бирор ёмон иш қилдингми? Бу ишинг билан жоҳиллик қилдинг. Кимки тоати дангасалик билан бўлса, унинг самараси гумроҳлик ва адашиш бўлади. Тоат қилиш вақтида худди шамол каби шитоб ва ғайрат билан ҳаракат қил. Шунингдек, дунёнинг ишларидан, ташвишларидан озод бўлиб, жону дил билан тоат қилишга кириш. Гарчи бу ер сенинг ётар жойинг бўлса ҳам, унинг қаърига киргач сенинг жону танингга ҳеч раҳм қилинмайди”.
Ҳазрати Сўфи Аллоҳёр “Нафси шум баёнида” шундай деган эди:
Кел э кас, бўлма акнун тобеи нафс,
Сўлур ахшом сабо бу гардани ғафс.
Ҳама тоатларинг хўбию софи,
Яқин билсанг, эрур нафсинг хилофи.
Яъни, эй инсон энди ўз нафсингга тобе бўлма. Чунки бир кун бу йўғон бўйнинг сўлади. Гарданингга ажалнинг тиғи ботиши муқаррар. Сенинг барча тоат-ибодатларингни яхшиси ва покизаси, шубҳасиз, ўз нафсингга хилоф иш тутишингдир.
Ҳақиқатан, ҳар ким ўз нафсининг бошини янчиши ва доимо хор тутиши лозим. Уни қўлдан келганча ҳаромдан узоқ сақлаш керак. Қоринни овқат билан лиқ тўлдирмаслик шарт. Агар шундай қилса, худди ҳайвон каби ўзининг охури, яъни овқати учун яшовчи бўлиб қолади. Ҳар ким нафс итини тўйдирса, уни гуноҳ қилишга журъатли қилиб қўяди. Ҳаддан ташқари тўйиб овқатланиш ҳайвонларга хосдир. Инсон эса бу борада латиф ва парҳезкор бўлмоғи лозим. Бутун кечани кундузга қадар уйқу билан ўтказманг. Агар киши кечаси туриб икки ракат намоз ўқиса ҳам ўз қабри учун савоб чироғини ёққан бўлади. Ҳаддан зиёда уйқу ва овқатланиш фақат ҳайвонларга хосдир. Уйқуда ётганлар Ҳақ таолонинг инъомларидан баҳраманд бўла олмайдилар. Яъни, кимки тунларда уйқуни тарк қилиб ибодатда бўлса, Ҳақ таолодан унга файз ва ҳол неъматлари етишади.
Фаридуддин Аттор “Панднома” асарида шундай келтиради: “Ҳар кимда “менинг номим яхши бўлсин”, деган завқ, хоҳиш, манманлик бўлса, у хос бандалардан эмас, авомлардандир. Бу нафсни туяқуш деб билгин. Чунки у на юк ташийди, на осмонга учади. Агар унга “осмонга уч” десанг, “туяман”, дейди ва агар устига юк ортмоқчи бўлсанг “қушман”, дейди. Ям-яшил майсанинг ранги ҳам мафтункордир. Аммо мазаси аччиғу ҳиди нохушдир. Агар сен нафсга итоат қилиб юрсанг, унинг фармони очлик ва чанқоқдан бошқа нарса эмас”.
Нафс сенга тоатларда суст бўлишни ўргатади. Гуноҳлардан узр сўрашдан сакраб ўтказиб кетади. Яъни гуноҳларга тавба қилишдан чалғитади. Нафсингни зиндонда сақлагин ва у сенга нима буюрса унга хилоф қилгин. Худди туядек йўлга тушиб юк таши. Тоат юкини Аллоҳ таолонинг даргоҳига олиб бор. Худойи таолониг юкини жон билан ташиш лозим, йўқса худди ит каби хор бўлиб туриш лозим. Кимки ўз юкини кўтариб борса, бу дунёда ўз жонининг ғамини еган бўлади. Ҳар кимнинг Ҳақ таоло ҳузурида юки бўлса, у тажаллий қилувчидан ёрдам олади. Яъни Ҳақ таоло ҳам унга ёрдам қилади.
Кимки туяқушдек ўз юкидан қочса, унинг ҳаёти гулистонидан барглар тўкилади, ўз умрини барбод қилади. Йўл хатарлидир, пистирмада ўғри бор. Шайтон алайҳиллаъна иймонни ўғирлаш учун тайёр турибди. Лекин бир жойда тўхтаб туришдан йўлда юрган яхшироқ. Мунзил узоқ, юкинг бошингдан оғиб турибди. Бас, сен ҳам ҳаракат қил, бошқалардан қолиб кетма. Ҳар кимнинг бу йўлда оғир юки бўлади ва ҳар нафас дийдасидан қон ёшлари ёмғирдек оқиб туради. Сенда кўп ортиқча лаш-лушлар бор, уларни ташлаб юкингни енгиллатгин. Йўқса, бу йўлда сенинг ишинг қаттиқ бўлади, оғир азобларни кўрасан. Аслида сенинг юкинг бу дунёда йиққан ўлимтикларингдан иборат. Сен эса унинг изидан хору зор бўлиб юрибсан”.
Мутасаввиф шоир Махтумқули: “Бўлма коми нафс учун ҳар сифланинг олдида паст,/ Обрўсизлик юкин чекмакка маҳзур ўлмағил”, деган эди.
Яъни, нафсингни талабини бажараман, хоҳишини қондираман, деб ҳар нокаснинг олдида паст кетмагин ва обрўсизлик юкини тортишдан ҳузурланмагин.
Баҳодир УСМОНОВ,
Янгийўл тумани “Пусур Оқсоқол” жоме масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.Масала: Балоғатга етмаган болалар нисобга етадиган молни мерос сифатида олсалар, ўз номларидан қурбонлик қилишлари вожиб бўлмайди (41).
Масала: Қурбонлик қилишда ўзидан бошқасини вакил ва ноиб қилиш жоиздир. Агар бир киши бошқа одамни қурбонликка вакил ёки ноиб қилса, жониворни сотиб олиш ва сўйиш вақтида вакил ёки ноиб қурбонликни ният қилиши кифоя қилади (129).
Масала: Сафардаги киши бирор юртда ўн беш ёки ундан ортиқ кун муқим бўлиб қолиб, телефон ёки бирор восита орқали ўз юртидаги кишини мени номимдан қурбонлик қилгин деб вакил қилса, вакилнинг қурбонлиги унинг номидан ўтади(130).
Масала: Вафот этган киши қурбонлик қилишни васият қилган бўлса, бутун бир ёки еттидан бир ҳиссани қурбонлик қилишлиги вожиб бўлади ва қурбонлик гўштини барчасини фақир, мискинларга садақа қилиб юбориш ҳам вожиб бўлади (36).
Масала: Нисоб эгаси қурбонлик кунларида жонивор сотиб олишга нақд пули бўлмаса, қарз олиб қурбонлик қилиши зиммасига вожибдир (131).
Масала: Бир киши бир нечта қурбонлик қилса, улардан биттаси вожиб қурбонлик, қолганлари эса нафл қурбонлик бўлади (37).
Масала: Агар аёл кишини тақинчоқлари ва уйдаги кераксиз нарсалари нисоб миқдорига етадиган бўлса, аёл кишининг зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади (46).
Масала: Одамлар қурбонлик мақсадида бозордан сотиб олмай уйда боқаётган қўйларини қурбонлик қилишни хоҳласа, улардан биттасини тайин қилиб қурбонлик қилишни ният қилади ва унинг бу нияти билан ўша жониворни қурбонлик қилиши лозим бўлиб қолмайди. Уни сотиб юбориб, ўрнига бошқасини қурбонликка сотиб олиши жоиз бўлади, яъни кимни мулкида аввалдан қўй-моллари бўлиб, уларни қурбонлик қилишни ният қилсада, уларни қурбонлик қилиш лозим бўлиб қолмайди (47).
Масала: Бой одам қурбонлик кунлари ичида қурбонлик қила олмаса, бир қўй ёки эчкини қийматини садақа қилиши вожиб бўлади. Агар қурбонликка жонивор сотиб олган бўлса, ўша жонворни тириклигича садақа қилиши вожиб бўлади. Агар билмай қурбонлик кунлари ўтиб кетган бўлса ҳам сўявераман деб сўйиб қўйган бўлса, гўштини ўзи емай фақирларга садақа қилиши вожибдир (57).
Масала: Фақир одам қўй сотиб олаётган пайтда қурбонликни ният қилмай сотиб олгандан кейин қурбонлик қилишни ният қилса, ўша жониворни қурбонлик қилиши вожиб эмас (58).
Масала: Бир неча киши ўртага пул ташлаб бирор тижорат ёки ишлаб чиқариш қилса ва уларнинг барчасини ўртадаги пули нисобга етса, лекин ўртадаги пулдаги ҳар бирининг улуши нисобга етмаса, бирортасини зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди (62).
Масала: Бир кишини учта ёки тўртта ўғиллари бўлиб, улар билан биргаликда тижорат қилсалар ва уларни еб-ичиши, турар жойлари бир жойда бўлса, асл мол отаники бўлиб, фарзандлар отага ёрдамчи бўлсалар, бундай ҳолатда отанинг зиммасига қурбонлик вожиб бўлади. Фарзандларга эса, қурбонлик вожиб бўлмайди. Агар фарзандлари нисоб эгалари бўлсалар, уларнинг зиммасига ҳам қурбонлик қилиш вожиб бўлади (62).
Масала: Қурбонлик қилувчи киши қурбон ҳайитини ўқиб, қурбонлик қилганидан кейин сочи ва тирноқларини олиши мустаҳаб бўлади (63).
Масала: Вожиб бўлган қурбонликни ўзгалар томонидан қилишлик учун уларнинг ижозати зарур. Акс ҳолда уларнинг қурбонликлари адо бўлмайди. Агар ака-укалар йўқлигида бири бошқаси томонидан қурбонлик қилиб қўйиш одати бўлса, ижозат беришидан олдин қурбонлик қилиши жоиз бўлади. Ўзгалар томонидан нафл қурбонлик қилинаётган пайтда уларнинг ижозатини сўрашлик шарт эмас. Тирикларга ва ўликалар номидан нафл қурбонликлар қилиш жоиз. Уларнинг ижозатлари шарт эмас. Чунки, қурбонликнинг эгаси ҳайвоннинг эгаси бўлиб, у бошқаларга савобини бағишламоқда (78).
Масала: Бир неча кишилар битта ҳайвонни қурбонлик қилаётганларида сўювчи ҳаммаларини номма-ном санаб фалончи ва фалончилар номидан деб тилга олиши шарт эмас. Лекин, улар томонидан сўйилаётганини қалбдан ўтказилади (82).
Масала: Бир неча киши шерик бўлиб, қурбонлик қилинаётган суратда судхўр ва шу каби ҳаромдан мол топгувчиларни шерик қилинса, ҳеч бир кишининг қурбонлиги дуруст бўлмайди. Лекин улар бирортасидан ҳалол пул олиб шерик бўлсалар, жоиз бўлади. Шунингдек, шериклардан бирортаси гўшт арзон тушиши мақсадида шерик бўлса, бирортасини ҳам қурбонлиги жоиз бўлмайди (91).
Масала: Ҳозирги кунда жуда кўп аёллар тақинчоқ ва ортиқча нарсалари ҳамда ўлик моллари ҳисобланса, нисоб соҳибига айланадилар. Гарчи закот бермасаларда, уларнинг зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Ўлик молларга уламоларимиз уч сидра кийимдан ортиқчасини ҳам ҳисобга олганлар. Ундан ташқари уйда ишлатилмай турадиган идиш-товоқлар, сувенирлар нархи 85 г тилло 612 г кумушнинг қийматига етса, зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади (96).
Масала: Кўпчилик бўлиб қурбонлик қилинаётган суратда шериклардан бири ўтган йилни қазосини ният қилса, шерикларнинг қурбонлиги адо бўлади. Лекин, қазони ният қилган кишининг қурбонлиги нафл бўлиб, қазо қурбонлик ўрнига ўтмайди ва жониворни гўштини ҳаммасини садақа қилиб юбориш вожиб бўлади. Қазо қурбонлик эвазига бошқа қурбонлик қилиши вожиб бўлади (133).
Масала: Нисобга эга бўлган киши маҳбус бўлса, зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Хоҳ ётган жойида бўлсин ёки ташқарида бўлсин. Ташқарида бўлган суратда ўзидан бошқасини вакил ёки ноиб қилади (133).
Масала: Агар маҳбус ўз юртидан ташқарида сафар масофасича узоқликда бўлса, зиммасига қурбонлик вожиб бўлмайди (133).
Масала: Нисобга эга бўлган киши қурбонлик кунлари қурбонлик қилишдан аввал вафот топса, зиммасидан қурбонлик соқит бўлади ва меросхўрлар мулкига жонлиқ ўтиб кетади. Агар меросхўрлар ичида балоғатга етмаган болалар бўлмаса ва оталари номидан фарзандларқурбонлик қилишга ижозат беришса, оталари номидан қурбонлик дуруст бўлади. Агар меросхўрлар ичида балоғатга етмаган бола бўлса, унинг ижозати эътиборга олинмайди ва ўша ҳайвонни қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди (98).
Масала: Нисобга эга бўлган киши қурбонлик қилишидан олдин ва қурбонлик вақти чиқишидан олдин фақирга айланиб қолса, зиммасидан қурбонлик соқит бўлади (99).
Масала: Қурбонлик қилиш фақат закот берувчиларнинг зиммасига эмас, балки садақаи фитр вожиб бўлган кишиларга ҳам вожибдир (99).Масала: Нисобдан деб ҳисобланмайдиган нарсалар ҳожати аслиялар деб номланади. Улар: еб ичадиган, уч сидра киядиган кийим, яшаш жойи, хунармандларнинг асбоб-анжомлари, миниб турган улови, фабрика-заводларнинг станоклари кабилардир. Улардан ташқарисининг қиймати ҳисобланиб, нисобга етса, қурбонлик вожиб бўлади (100).
Масала: Шериклардан баъзиси қурбонликни ва яна баъзиси ақиқани ният қилиши жоиздир (102).
Масала: Аксарият кишилар вафот этувчилар томонидан қурбонлик қилаётганларида фотиҳага келганлар таомланиб кетсинлар деб ҳайт намоздан аввал ёки арафа куни жонлиқни сўйиб қўядилар. Бу суратда сўйилган ҳайвон қурбонлик ўрнига ўтмайди (105).
Масала: Нисобга эга бўлмаган киши қурбонлик қилганидан кейин қурбонлик кунлари чиқиб кетишидан аввал бой бўлиб қолса, яна бошқа қурбонлик қилиши вожиб бўлади (107).
Масала: Нисоб эгаси бўлмаган киши қурбонлик қилиш ниятида ҳайвон сотиб олса, уни қурбонлик қилиши вожибдир. Лекин, қурбонлик қилишдан аввал жонивор йўқолиб ёки вафот этиб қолса, вожиб зиммасидан соқит бўлади. Ўрнига бошқа олиб қурбонлик қилиши вожиб эмас. Йўқолган жонивор кейинчалик топилиб қолса, қурбонлик қилиши зиммасига вожиб бўлади.
Масала: Қурбонлик оқил, болиғ, муқим, закот ёки мулкида ҳожати аслийсидан ортиқча 85 г тилла ёки (612) 595 г кумуш қиймати баробарида нарсаси бор кишиларга вожиб бўлади. Ҳожати аслийдан ташқариларга яшаб турган ҳовлисидан ташқари ҳовлилар, пулни банд қилиш учун сотиб олинган уйлар, уловлар, тижорат моллари, астатка таврлар барчаси кириб кетади. Шунингдек, нисобга эга бўлганига бир йил тўлиши ҳам шарт эмас.