Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Июн, 2025   |   18 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:28
Аср
17:39
Шом
20:01
Хуфтон
21:39
Bismillah
14 Июн, 2025, 18 Зулҳижжа, 1446

  “Эълоус-Сунан” асарининг хизмати

08.03.2018   5280   8 min.
  “Эълоус-Сунан” асарининг хизмати

Ҳар бир фиқҳий мазҳаб ўз таълимотини асослаш мақсадида дастлаб Қуръони карим ва Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларига суянган ҳолда иш тутган. Суннийлик йўналишидаги тўрт мазҳабдан бири ҳанафийлик мазҳаби ҳам, аслида Қуръон ва суннатга асосланган ўз фиқҳий таълимотига эга.  

Ҳиндистонлик машҳур олим Зафар Аҳмад Усмон Таҳонавий ҳанафийлик мазҳабига оид ҳукмлар асли оят ва ҳадисларга асосланганини исботлашга уриниб, йигирма жилддан иборат “Эълоус-сунан” китобини ёзди. Бу китоб 1997-2001 йилларда икки марта Байрут шаҳрида чоп этилди. Муаллиф асарида олтита саҳиҳ тўплам соҳиблари Имом ал-Бухорий, Имом Муслим,  Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Насоий,  Имом Ибн Можжа   асарларидан  унумли фойдаланган.

“Эълоус-сунан” асари ҳам бошқа фиқҳий китобларнинг тартибидек таҳорат ва намоз каби боблар билан бошланган ва ҳар бир фиқҳий масала оят ва ҳадислар ҳамда асарлар (саҳобаларнинг сўзлари) билан далилланган.

Ҳанафийлик мазҳабига билдирилган эътирозлар, раддия ва ихтилофларни чуқурроқ ўрганиб чиқиш,  бугунги кун илм аҳилларининг  айни долзарб вазифалари ва ихтилофларга барҳам бериш йўлидаги мақсадларига мувофиқдир. Уламолар   ихтилофлар ҳақида фикр билдириб,  улар асосан икки тур, эътиқодий ва фиқҳий (аслий ва фаръий) ихтилофлардан иборат эканини таъкидлашган. Эътиқодий масалалар динимиз асосига тегишли бўлиб, бу соҳада ихтилофга йўл қўйиш асло мумкин эмас. Суннийлик йўналишида бу масалада ихтилофлар йўқ. Фиқҳга оид масалалардаги ихтилофларнинг ўзи ҳам иккига бўлинади. Биринчиси масаланинг турига қарши ихтилоф бўлиб, бу турдаги ихтилоф ҳаром ҳукмидадир. Чунки ихтилоф қилинаётган масаланинг ҳар иккиси ҳам китоб ва суннат далилларига асослангандир.  Бу  турдаги ихтилофларнинг ўзига яраша сабаблари ва ҳикматлари бор.

Мазҳаблар ўртасидаги “ихтилоф”лар деган ибора  ўрнига масалаларнинг “турли хиллиги” иборасини қўллаган ўринлироқдир. Имомлари наздида бир масаланинг турли хил бўлиши далилларини турли хил даражада, яъни “саҳиҳ”, “ҳасан” ва “заиф”   бўлиши ёки  ҳадисларни  етиб борган-бормаганлиги сабаб бўлган. Мазкур имомлар хусусида фақат яхши гумонда бўлиш вожибдир. Уларнинг ҳар бирлари мужтаҳид уламолар бўлиб, қилган ижтиҳодларида тўғри йўл топган бўлсалар иккита ажр, хатога йўл қўйган бўлсалар бир ажрга сазовор бўлаверадилар. Масалан, фиқҳий китобларда келтирилган таҳорат, намоз бобларидаги турли далилларга асосланган, тури хил кўринишга эга бўлган масалаларни олсак, бу масалалар турлилиги Расулуллоҳ алайҳиссалом суннатларида кузатилган ва уларнинг ўзига хос ҳикмат ҳамда сабаблари бор.

Маълумки, ислом дини бутун инсониятга юборилган дин бўлиб, ер юзининг турли минтақаларида, турли миллатларнинг урф-одатларида, турмуш тарзларида намоён бўлади. Масалан, Африка минтақаси каби сув танқис ҳудудларда таҳорат, таяммум, ғусл каби сув билан боғлиқ масалаларни чуқурроқ ўрганишга ҳамда турли шаклларини тадбиқ қилишга эҳтиёж каттадир. Шунингдек, совуқ ва ўта совуқ минтақаларнинг ҳам ўзига яраша муаммолари бор. Уламолар бу каби масалаларни атрофличи ўрганиб чиқиб, бир масала бир минтақа учун ўта муҳим бўлса, манбаларга асосланиб имкон қадар енгиллик яратиб, турли ҳил шаклларини ижтиҳод қилишган. Масалан, таҳорат бобидаги бошга масҳ тортиш масаласида қўлларнинг орқа томони билан гарданга масҳ тортишни ҳанафий уламолари мустаҳаб амал дейишган.“Эълоус-сунан” асарида “Гарданга масҳ тортиш боби” да мазкур амалнинг мустаҳаб эканига қуйидагича далил келтирилади:Ким таҳорат қилганда икки қўли билан гарданига масҳ тортса, қиёмат куни унинг бўйни кишандан озод бўлади” (Абу Ҳасан ибн Форс ривояти)

 Айнан шу амални бидъат деб ҳисоблайдиган тоифалар ҳам бор, улар бу каби масалалардаги турли хилликнинг сабаб ва ҳикматларини ўйлаб ҳам кўрмайдилар ва ўз ихтилофлари билан мусулмонлар оммаси, айниқса,  Ислом таълимоти билан эндигина танишиб келаётган ёшлар ўртасида турли тушунмовчиликларни келтириб чиқаради. Натижада кўп ўринларда ёшлар билан ота-боболари ўртасида келишмовчилик ва норозиликлар вужудга келди. Бундай ихтилофларнинг шаръий ҳукми ҳаром ҳисобланади, чунки бу ихтилофлар бир диндаги одамлар ўртасида хусумат ва адоватни юзага келтиради. Шунингдек, таҳорат асносида қулоқларнинг ичи  ва орқасига масҳ қилиш бидъат деб даво қилганлар ҳам бор, уларга раддия сифатида далил қилиб мазкур ҳадисни келтириш мумкин.

 Шуайб ривоят қилади,  Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг олдига бир киши келиб, “Эй Расулуллоҳ, таҳорат қандай қилинади деб сўради. Расулуллоҳ бир идишда сув олиб келишни буюрдилар ва икки қўлларини кафтигача уч марта ювдилар, сўнг юзларини уч марта ювдилар, сўнг қўлларини чиғаноғигача  уч марта ювдилар, сўнг бошларига масҳ тортдилар, сўнг икки  бармоқларини қулоқларини ичига киритиб, бош бармоқлари билан қулоқларини орқасини ва икки кўрсаткич бармоқлари билан қулоқларини ичини масҳ қилдилар, сўнг оёқларини  уч марта ювдилар, сўнг: “Таҳорат шунақа бўлади”,  Ким бундан зиёда ёки кам қилса, аниқ бир ёмон иш қилибди ва ўзига ўзи зулм қилибди дедилар” (Аду Довуд ва Насоий ривоятлари)

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, таҳоратдаги ҳамма амаллар  бир ҳадисни ўзида мукаммал акс этмаган бўлиши мумкин. Юқоридаги ҳадисда ҳам таҳоратдаги кўп амаллар зикр қилинмаган, аммо бу борадаги бошқа ҳадисларни ҳам эътиборга олиш керак. Таҳоратдага тўртта фарз адо этилиши билан таҳорат ибодат қилишга кифоя қилади, аммо ундаги  далиллар орқали ворид бўлган суннат ва мустаҳаб  амаллар фарз амалларни мукаммал бўлиши учун гаровдир.  Уламолар таҳоратдаги амалларни, таҳорат масаласига тегишли барча ҳадисларни тўплаб, уларни атрофлича ўрганиб чиқиб сўнгра якуний хулоса беришган. Ҳукм чиқаришдан олдин айни масалага тегишли бўлган барча манбаларни атрофлича ўрганиб чиқмаслик ихтилофлар вужудга келишининг асосий омилидир. Шу ўринда бир ривоят ёдга тушади: фил ҳақида эшитган, лекин кўрмаган бир неча сўқир кишиларни филнинг олдига олиб бориб, мана қаршингизда фил турибди, уни ҳар бирингиз ушлаб кўришингиз мумкин, дейилибди. Шунда улардан ҳар бири алоҳида-алоҳида бориб филнинг дуч келган аъзосини ушлаб пайпаслаб кўрибди. Бири оёғини, бири қулоғини ва бири хартумини ушлаб кўрибди. Сўнгра ҳар биридан фил ҳақида сўралибди. Филнинг ҳар хил аъзосидан тутган сўқирларнинг хулосалари ҳам ҳар хил бўлибди. Оёғини ушлаб кўрган сўқир киши фил узун ва йўғон устунга ўхшаган нарса, деса; қулоғини ушлаб кўргани фил япалоқ, катта супрага ўхшайди, дебди; хартумидан тутгани фил узун арқонга ўхшаган маҳлуқ, дебди. Фил ҳақидаги бу маълумотлар тўғри, аммо атрофлича эмас.  Иккинчи турдаги ихтилофлар айни бир амалга қарши чиқиш, уни  йўққа чиқариш ихтилофидир. Бу каби ихтилофлар юқорида айтилган тўрт манбанинг бирортасида қайд этилмаган амалларга қарши юзага келади ҳамда  ўринли бўлса унга қарши курашилади. 

 “Эълоус-сунан” асарида бу каби масалалар етарлича далиллар билан ёритилган. Бу каби манбаларни янада пухтароқ ўрганиш, илмий таҳлил қилиш ихтилофларга барҳам беришнинг асосий омилларидандир. Ихтилофлар ҳар қандай жамиятнинг ашаддий душмани, уни таназзулга олиб борувчи  ёмон иллат экани маълум. Чунончи, Қуръони каримда ҳам бу иллатдан қаттиқ қайтарилганмиз: “Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳни сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни  улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, ҳидоят топсангиз” (Оли Имрон, 103),  Шунингдек, Анфол сурасининг 46-ояти ҳамда Рум 31-32-оятларида ҳам ихтилофларга берилмаслик қатъиян амр этилган.

Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳадисларида ҳам одамлар ўрталаридаги  ғаразли тортишувлар, ихтилоф ва фирқабозликлар қаттиқ қораланади. Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:Расулуллоҳ алайҳиссалом:”Ихтилоф қилманглар. Қалбларингиз ихтилофли, бир-бирига зид бўлиб кетади (Имом Муслим ривояти).

Бу каби ҳадислар жуда кўп ривоят қилинган. Юқорида таъкидланганидек ихтилофлар, ўзаро келишмовчиликлар ҳар қандай жамият учун зарарлидир. Дарҳақиқат, ихтилофлар қалбларни бир-бирига зид қилиб қўяр экан, инсонларнинг жамият равнақига ҳисса қўшиши амримаҳол бўлиб қолади.

Манбалар хазинаси илмий ходими  Муҳаммадсиддиқ Усмонов тайёрлади.

ЎМИ Матбуот хизмати

                                             

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Институтни тамомлаган фарзандга отанинг насиҳати

12.06.2025   5435   4 min.
Институтни тамомлаган фарзандга отанинг насиҳати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар, Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин!

Қалбим сурури, кўзим қувончи бўлган азиз фарзандим! Сиз дунёга келганингизда менданда бахтли инсон йўқ эди. Илк бор мустақил қадам босганингиз, “дадажон” деб, эркаланганингиз, телефон қилиб “дада уйга қачон келасиз?” деганингиз кечагидек ёдимда.
Кўз очиб юмгунча бир зумда улғайдингиз... Мактабда тенгқурларингиз орасида тарбиянгиз билан ажралиб турардингиз.


Ёшлигингиздан орзу қилган Тошкент Ислом институтининг талабаси бўлиш бахтига эришсин дея кечалари онангизнинг йиғлаб қилган дуолари, “Аллоҳим фарзандимга манфаатли илм бергин” деб қилган илтижоларим ижобат бўлганини эшитганимда кўз ёшларимни тиёлмагандим. Юзлаб қоракўзлар ичидан талаба бўлиш бахти сизга насиб бўлгани учун Роббимга ҳамдлар айтдим.


Мана орадан 4 йил ўтди. Бугун бу файзли ва муборак даргоҳни тарк этмоқдасиз.
Эй Фарзандим! Бугун фурсатдан фойдаланиб, Сизга кичик бир насиҳатни қилмоқчиман. Унга умрингизнинг охирги лаҳзаларигача амал қилишингизга Аллоҳ тавфиқ беришини сўраб қоламан.


Азиз дилбандим! Сиз эндигина 4 баҳорни кўрган болакай эдингиз. Жажжи қўлларингиздан тутиб сизни боғчага олиб кетардим. Шунда дўкондаги машина ўйинчоғини кўриб қолиб, олиб беринг деб роса хархаша қилгандингиз. Олиб беришни жуда истардимку, аммо афсуски олдимда шу кичкинагина ўвинчоқни олиб беришга ҳам пулим йўқ эди....Жонимни сўрашса сизга беришга тайёрман болам... ўзимдан афзал инсон бўлишингиз учун бор имкониятимни ишга солиб ҳаракат қиламан. Баъзан дуода ўзимни унутсамда, сизни асло унутмайман.

Орадан йиллар ўтиб, Расулимиз алайҳиссаломнинг суннатларига мувофиқ никоҳ тўйингизни ўтказдик. Шу куни сизни муборак этгани сўзга чиққанимда сизга мендан аразлаб, ҳатто гаплашмай қўйишингизга сабабчи ўша кичкина машинани топширганимда жуда уялиб, юзларингиз қизариб кетганди...
Жоним болам, ниятим сизни уялтириш эмас... Сизга фақат яхшиликларни тилайман. Сизга бутун умрингиз ва охиратингиз учун керак бўладиган муҳим бир сабоқни амалий тарзда етказгим келди, холос...

Унутмангки, кунлар ўтиб Аллоҳнинг ҳузурига қайтариласиз. Бир кун аниқ Роббимизнинг олдида турамиз. Аллоҳ таоло ҳар биримизнинг қилган амалимизни бирма-бир ҳисоб-китоб қилади. Шундай кунда уммати Муҳаммад бўлган сиз дилбандим амалларингизнинг жуда оз ва кичкиналиги билан бутун халойиқнинг олдида уялиб қолманг! Бунинг учун ҳар бир амалингизни холис Аллоҳ таоло учун қилинг! Ҳеч кимни ғийбат қилманг, бошқаларга ҳасад қилманг!

Унутмангки, сиз Аллоҳ таолонинг динини етказишдаги омонатдорсиз. Улуғ зотларга илм бешиги бўлган маъҳаднинг вакилисиз. Сиз уларга сўзсиз муносиб бўлишингиз керак. Зеро, халқимиз муборак Ислом динимизни – имом тимсолида кўради.

Бизни залолатдан ҳидоятга, зулматдан ёруғликка, жаҳолатдан маърифатга, бахтсизликдан саодатга олиб чиққан, бу йўлда молларини ҳам, жонларини ҳам аямаган, ҳамиша фақат биз бевафо умматнинг ғамида бўлган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нимага буюрган бўлсалар шуни маҳкам тутинг, нимадан қайтарган бўлсалар ундан тийилинг. Ҳадисларини ёдлашга ҳарис бўлинг, ҳаётлари, сифатлари, хулқлари ва йўлларини кўпроқ ўрганинг ва уларга амал қилинг.

Асло эришган ютуғингиз билан чекланиб қолманг. Кимдир ёки нимадир учун илм олманг. Энг муҳими – илм ибодат эканини унутманг!

Қуръонни қўлингиздан қўйманг. Қуръонга муҳаббатли бўлинг!

Жигарпорам, мусофирчилик, ота-онадан узоқда юриш, уларга бўлган меҳрни ҳам узоқлаштирмасин. Унутмангки, биз сизни яхши кўрамиз, сиз бизнинг ҳамиша қалбимизда, дуоларимиздасиз. 

Сизни кўришимиз болалигингизни, бахтли онларингизни, қувонч билан югуриб қучоғимизга ўзингизни отишингизни ёдимизга солади.
Сиз келмай қўйсангиз бизнинг юраклар сиқилиб, соғинчдан ва хавотирдан жам бўлмайди. 

Сиздан ягона илтимосимиз шуки, дуоларингизда доимо эслаб, Аллоҳ таолодан бизга раҳм-шафқат сўранг. Қанийди, Жаннатда барча ота-оналар қаторида турганимизда исмларимиз билан чақирилиб, “фарзандингиз Қуръон ёдлаб, қилган солиҳ амаллари учун сизга мукофот – иззат тожи кийдирилади” деганини эшитсак эди... Бу бизнинг энг буюк орзуимиз.
Аллоҳ таоло барчамизни жаннатда бирга қилсин! Иззат тожини киядиган зотлардан қилсин! Омийн.

Даврон НУРМУҲАММАД