Islam-Today сайтига қуйидагича савол йўлланган: “Мен рафиқам билан алоҳида яшайман. Бироқ унинг ота-онаси бизникига жуда кўп келади. Менинг қайнонам билан алоқаларим яхши эмас. Шу сабабли уларнинг ҳар бир ташрифи келишмовчиликларга сабаб бўлади. Сўрамоқчи бўлганим, улар уйимизга қай даражада тез-тез келиши мумкин ва қанча муддат бизникида қолиши ўринли?”
Жавоб: Фиқҳга кўра, эркакнинг ҳам, аёлнинг ҳам ота-онаси ҳурматга лойиқ. Буни биздан исломий тарбия талаб қилади. Ўз навбатида ҳеч қандай мажбурият чегарасиз эмас. Бу шунингдек эр-хотин бир-бирининг ота-онасига ҳурмат бажо келтириш масаласига ҳам тегишли.
Мазкур ҳурматнинг сақланиб қолиши учун фиқҳда бу ташрифларнинг вақти ва давомийлиги белгилаб қўйилган. Агар аёлнинг ота-онаси қизи ва куёвидан узоқ бўлмаган жойда яшайдиган бўлса, улар ҳафтада бир марта унинг уйига бориб, эрталабдан кечгача у ерда бўлиши мумкин. Ёки қизини ўз уйига таклиф қилиши ҳам мумкин. Шундай экан, улар ёки куёвнинг уйига эрталаб бориб, кечгача ўтириши, ёки қизини уйга таклиф қилиб, кечки пайт қайтариб олиб келиши жоиз. Бу ҳолатда аёлнинг ота-онаси ўз қизи билан кўришиб туради ва шу билан бир қаторда куёви билан яхши ҳамда ҳурматга йўғрилган алоқаларни сақлаб қолади.
Агар аёлнинг ота-онаси узоқ жойда яшайдиган бўлса, уларнинг ташрифи ҳафтасига бир мартадан, йилига бир мартагача қисқариб кетади. Улар олдиндан келадиган вақтини айтган ҳолда, қизининг олдида қанчадир муддат бўлиши ва шундан кейин ўз уйига қайтиб кетиши мумкин.
Бу сингари ташрифлар ота-оналарнинг фарзандлари билан алоқада бўлишлари йўлидаги ҳуқуқларидир. Шу сабабли, бундан оғринмаслик керак.
Абу Лайс Самарқандийнинг “Танбеҳул ғофилийн” асарида келтирилганидек, меҳмоннинг ҳуқуқи ҳам чегараланган ва у уч кундан ошмаслиги керак. Аниқроқ қилиб айтсак, уй эгалари уч кун давомида меҳмон учун қайғуриши лозим. Уч кун ўтганидан кейин эса, улар бундай қилишга мажбур эмас. Ўз навбатида меҳмонлар уй эгаси томонидан белгиланган қоидаларга амал қилиши ва унга ҳурмат билан ёндашиши, бу вақт давомида ўзининг одатларини унутиши зарур.
Шунга кўра, меҳмондорчилик муддати уч кунга тенг. Бу муддат ўтганидан сўнг уй эгаси меҳмонларга бошпана беришдан бош тортиши мумкин ва у бунга тўла маънода ҳақли.
Azon.uz изоҳи: “Роддул мухтор” китобида келтирилишича, бундай ҳолатда ўша жойдаги мавжуд урфга қараш ўринли. Баъзи ҳолатлар бўладики, аёл касал бўлиб қолиши мумкин. Бундай вазиятда аёлнинг ота-онаси тез-тез фарзандини кўргани келиши жоиздир. Ёки аксинча, аёл ота-онасидан бирининг бетоблиги сабабли уларни кўргани тез-тез бориши ҳоллари ҳам кузатилади. Буларнинг ҳаммаси эрнинг розилиги билан амалга ошиши шарт. Мазкур ҳолларда эркак киши вазиятга тўғри баҳо берган ҳолда қарор чиқариши зарур.
Манба: https://azon.uz
1. Дуо қилиш. Бу кун қилинган дуолар энг афзал дуодир.
Солиҳлардан бири айтади: "Аллоҳга қасам! Арафа куни бирор дуо қилсам, бир йил ўтмасидан туриб уни худди ёришган тонг каби амалга ошганини кўрдим".
Ўтган солиҳлар эҳтиёжлари учун қиладиган дуоларини арафа кунига сақлаб қўйишар эди. Қанчадан қанча орзу-умидлар ва дуолар арафа кунида ижобат қилинган.
2. Ушбу дуони кўп қилиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуоларнинг яхшиси арафа кунидаги, мен ва мендан олдинги набийларнинг “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайин қодийр”, деб айтган дуосидир”, дедилар.
3. Аллоҳдан дўзахдан паноҳ сўраш. Бу кундан кўра дўзахдан кўп озод бўладиган кун йўқ. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Арафа куни, Аллоҳ бандаларни дўзахдан кўп озод қилганчалик бошқа бирор кун йўқ!”.
4. Такбири ташриқ айтиш. Бу куннинг бомдод намозидан бошлаб такбир айтилади. “Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар ва лиллааҳил ҳамд”.
5. Рўза тутиш. Бу кун тутилган рўза икки йиллик гуноҳларга каффорот бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги ва ундан кейинги йиллардаги гуноҳларга каффорот бўлади деб Аллоҳдан умид қиламан”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Арафа кунингиз муборак бўлсин. Аллоҳ таоло сизни бу куннинг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД