Ўзбекистоннинг бир гуруҳ исломшунос, шарқшунос олимлари Буюк Британияга сафари чоғида Кембриж университетига ташриф буюриб, ушбу нуфузли таълим даргоҳининг профессор ва мутахассислари билан учрашувлар ўтказди, деб хабар беради ЎзА.
Кембриж университетининг Марказий Осиё форуми директори профессор Сидхарт Саксена билан Ўзбекистонда яқинда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Имoм Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни татқиқ этиш маркази ҳамда Тошкент ислом университетининг исломшунослик илмий-тадқиқот маркази ўртасида ҳамкорлик бўйича келишувга эришилди.
Олимнинг таъкидлашича, Кембриж профессор-ўқитувчилари Тошкент ислом университети, Ўзбекистон Ислом академиясининг талаба ва тадқиқотчилари учун махсус маърузалар ўқийди, Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро форумларда иштирок этади.
«Жаҳон рейтингларида Оксфорд университетидан кейин иккинчи ўринни мунтазам эгаллаб келаётган Кембрижнинг нуфузли нашрларида ўзбекистонлик мутахассислар илмий мақолалари чоп этилади. Икки томон олимлари қўшма илмий гуруҳи ташкил этилади. Ҳамкорликда долзарб мавзуларда тадқиқотлар амалга оширилади», — дейилади хабарда.
Томонлар, шунингдек, Кембриж университетида Хоразмий ва Ибн Сино стипендияларини таъсис этиш тўғрисида ҳам келишиб олди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 12 февралидан эътиборан Кембриж университетида ўзбек тили дарслари ташкил этилди. Эришилган келишувларга мувофиқ, янги ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондан келган мутахассислар ушбу курсларда дарс бера бошлайди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Саудия Арабистонининг етакчи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон ҳаётида кечаётган муҳим воқеларни ёритишда давом этаяпти, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Хусусан, ушбу мамлакатдаги оммабоп "Sahm News" электрон нашрида Ўзбекистон 2026 йилда Глобал экологик фонд ассамблеясига мезбонлик қилиши ҳақидаги маълумотни тарқатди.
"Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳри 2026 йилги Глобал экологик фонд ассамблеясига мезбонлик қилиш учун танланди. Ассамблея Марказий Осиёда иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва ер деградациясига қарши курашиш учун маблағ йиғиш платформасига айланиши кутилмоқда", – дейилган материалда.
Қайд этилишича, 2026 йилда Самарқанд шаҳрида Глобал экологик фонднинг саккизинчи йиғилиши ва Глобал экологик фонд кенгашининг етмиш биринчи йиғилиши ўтказилиши режалаштирилган. "Бу қарор АҚШнинг Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган Кенгашнинг олтмиш тўққизинчи йиғилишида қабул қилинди", дея урғуланган мақолада.
Саудиянинг етакчи "Watan News" нашри эса Ўзбекистон Президентининг яқин келажакда Брюсселга ташриф буюриши ҳақида ёзди. "Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тобго Клан тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форумда маълум қилди", дея таъкидланган манбада.
"Бундай ташриф тарихий воқеа ҳамда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш учун ноёб имконият яратади", – дея Тобго Клан фикрларидан иқтибос келтирилган мақолада.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати