Қуръон забт этган қалблар:
Қуръондан таъсирланган қария
Қатода ибн Диъома исмли олим ҳикоя қилади:
“Басра шаҳрида Утба ибн Абон исмли зоҳид, тақводор, маҳзунликда Ҳасан Басрийга ўхшаган, доим рўза тутадиган киши яшаб ўтган бўлиб, унинг Мисвар исмли кекса бир қўшниси бор эди. Қўрқуви қаттиқлигидан Қуръонни тинглашга бардоши етмасди. Агар унинг олдида Қуръондан бир-икки ҳарф ёки оят ўқилса, қаттиқ қичқириб, бир неча кун ақлини йўқотгандек юрарди. Бир куни унинг ёнига Хасъам қабиласидан бир киши келди. Келиб, ёнига ўтиргач, Қуръони Каримдаги:
يَوْمَ نَحْشُرُ الْمُتَّقِينَ إِلَى الرَّحْمَنِ وَفْداً
“Тақводорларни Роҳман ҳузурига меҳмон ҳайъати этиб тўплаган кунимизда”
وَنَسُوقُ الْمُجْرِمِينَ إِلَى جَهَنَّمَ وِرْداً
“Жиноятчиларни жаҳаннамга чанқоқ ҳолларида ҳайдаймиз” (Марям сураси, 85-86-оятлар) оятларини ўқиди. Буни эшитган қария “Мен жиноятчиман. Тақводорлардан эмасман. Эй қори, ҳозир ўқиган оятларни яна ўқи!” деди. Бояги киши оятларни яна ўқиди. Қария баланд овозда бақириб, “Оҳ!” деди-ю, омонатни топширди”.
Абу Исҳоқ Саълабийнинг “Қотла-л-Қуръан” номли
асаридан Нозимжон Иминжонов таржимаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ноёб ҳужжатли фильм – “Усмон Мусҳафи: Мадинадан Мовароуннаҳр сари” номли лойиҳа устида иш бошланмоқда. Фильмда дунёдаги энг қадимий Қуръон қўлёзмаси – VII асрда пергаментга ёзилган, ҳажми 53х68 см бўлган ва 353 варақдан иборат Усмон Мусҳафининг Мадинадан Мовароуннаҳргача бўлган тарихий йўли ёритилади.
Фильмда қўлёзманинг яратилишидан тортиб, турли цивилизациялар даврида бошдан кечирган мураккаб тарихий жараёнлар, унинг Ўзбекистонга қандай сақланиб келгани ва ҳозирда Ислом цивилизацияси марказида муқаддас мерос сифатида эъзозланаётгани ҳужжатлар, тарихий манбалар ҳамда мутахассисларнинг изоҳларига таянган ҳолда ёритилади.
Мазкур ҳужжатли фильм марказдаги экспозиция таркибига киритилиши режалаштирилган бўлиб, у зиёратчилар ва меҳмонлар учун муҳим маънавий-тарихий тажрибани тақдим этади. Фильм орқали томошабинлар нафақат Қуръоннинг тарихий қадр-қиммати, балки Ўзбекистон заминининг бу бебаҳо меросни асраб-авайлашдаги тутган ўрни ҳақида чуқур тасаввурга эга бўлишади.
cisc.uz