Савол: “Салам байъ” дегани қандай байъ? Шу ҳақда маълумот берсангиз.
Жавоб: Байъ салам ва унинг шартлари:
Салам савдоси – насия молни нақд баҳога сотиш ёки зиммасига вожиб бўлган нарсани нақд баҳога сотишдир. Яъни, молнинг нархи аввалдан берилиб эвазига бериладиган молни кейинчалик муайян бир муддатда олишга келишишдир. Гўёки бир шахс бошқасига "Мана юз минг сўм. Эвазига фалон жойнинг, масалан, Сурхондарёнинг фалон навли буғдойидан фалон муддатда, айтайлик, июль ойида менга етказиб берасиз" дейишига ўхшаш. Бу савдо умумий савдолардан фарқ қилади. Аслида қоида шуки ҳали мавжуд бўлмаган ёки мулкига кирмаган нарсани сотиш жоиз эмас.
Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни байъ саламга бўлган эҳтиёжларини кўриб бунга рухсат берганлар. Бу савдо ҳам бошқа савдолар каби ижоби-қабул яъни "Менга шунча нарса етказиб беринг!" ва "Шунча сўм эвазига шу нарсани етказиб бераман" дейиши билан тамом бўлади. Ижоби-қабул ҳанафийлар наздида битмнинг рукни ҳисобланади.
Шариатда жоизлигига далил:
1. يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا تَدَايَنْتُمْ بِدَيْنٍ إِلَى أَجَلٍ مُسَمًّى فَاكْتُبُوهُ
«Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда уни ёзиб қўйинг...» (Бақара сураси, 282-оят).
Абдуллоҳ ибн Шаддот ибн Илҳод ва Абу Мусо Ашъарийнинг ўғли Абу Бурда ўртасида салам савдоси борасида ихтилоф пайдо бўлди. Ибн Шаддот салам савдоси жоиз бўлмаса керак, чунки унда сотиладиган нарса йўқ-ку, деган хаёлга борди. Абдуллоҳ ибн Абу Мужолид айтади: «У икковлари мени Ибн Абу Авфонинг хузурига жўнатишди. Мен бу борада ундан сўрадим. Ибн Абу Авфо: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умар замоналарида буғдой, арпа, майиз ва хурмода салам савдосини қилар эдик», деди. Ибн Абзодан ҳам сўраган эдим, у ҳам шундай деди».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо «Муайян муддатда етказиб беришликни зиммага олиш савдосини Аллоҳ Ўзининг китобида ҳалол қилгандир ва мен бунга изн берганига гувоҳлик бераман» деб юқоридаги оятни ўқиди. Суннатдан далил эса Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо келтирган қуйидаги ҳадисдир. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага келганларида Мадина аҳли бир, икки, уч йилга салам савдосини қилишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бирор нарсада салам савдосини қилса, маълум бир ўлчов, маълум кило ва муайян муддатга қилсин!» дедилар». Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ салам савдосига тегишли ҳадисларни жуда кўп санадлари билан ривоят қилган бўлиб, хулосасини айтганда, салам савдоси кайлий ёки вазний нарсаларда бўлсин ва бериладиган муддати тайин бўлсин!
Салам савдосининг ҳукми:
Раббис саламга (буюртмачи) насия тарзда етказиб берилиши керак бўлган нарсанинг мулки собит бўлади. Етказиб берувчи эса, дастмояга (молнинг қиймати) эга бўлади.
Бизнинг юртда салам савдосининг кўринишлари:
“Менга бир тонна картошка уруғ берсангиз, кузда (фалон ойнинг фалончи куни) ҳосилни йиғиштириб олганимда сизга 4 ёки 5 тонна картошка қайтараман”, дейди.
Бу савдо шаръан дуруст эмас. Чунки бир жинсли молни бир-бирига айрбошлашда бир-биридан кам ёки кўп қилиб бўлмайди. Демак, бир тонна картошка уруғлик олса, уни қайтаришда ҳам бир тонна бўлиши керак. Қолаверса, бир жинсли молни ўзаро айрбошлашда насия қилиш ҳам дуруст эмас. Шунинг учун бирор нарсанинг уруғлигига муҳтож бўлса, айрбошлаш йўли билан эмас балки, нақд пул олиб савдо молини насия қилиш мумкин. Унинг кўриниши қуйидагича бўлади. “Ҳозир картошкани килоси 1000 сўм, менга бир тонна картошка пулини, яъни 1000000 сўм бериб турсангиз. Кузда сизга 4 тонна картошка берар эдим”, дейди. Кузда картошканинг нархи қанча бўлишидан қатъи назар келишувга мувофиқ 4 тонна картошка беради. Шу ҳолатда кузда 4 тонна картошканинг пулини олиш мумкин эмас ёки картошканинг ўрнига сабзи, пиёзга ўхшаш бошқа савдо моли олиши ҳам мумкин эмас. Акс ҳолда рибо бўлади. Чунки рибовий молларни жинси бошқа бўлса ҳам насия савдо қилиш мумкин эмас.
2. Савол: Нақдга 10 сўмга сотиладиган буюмни кредитга ўхшатиб 12 ойда бўлиб тўлаш шарти билан 12 сўм деб баҳолаб ойига бир сўмдан тўловни шарт қўймоқда. Агар ойига шарт бажарилмаса буюмни қайтариб олади. Шу тўғри насия савдосими? 12 ойга байлашиб шу муддат ичида қурби етканча тўлаб бориши насия савдоси дейилмайдими?
Жавоб: Савдо молига нақдга фалон сўм, насияга фалон сўм деб икки хил нарх белгилаш мумкин. Уни ойма-ой тўлашга ёки охирида бирданига тўлашга келишиш ҳам мумкин.
“Агар ойига шарт бажарилмаса буюмни қайтариб олади...” савдода бунга ўхшаш шартларни қўйиш мумкин эмас. Чунки савдо бундай шартларни тақозо қилмайди. Агар шундай шарт қўйилган бўлса ҳам у бекор қилинади. Лекин пулни вақтида тўламагани сабабли, дарҳол ақдни бузмасдан, балки иложини қилиб, бир оз муҳлат бериш ҳам тавсия қилинган. Чунки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ночорга муҳлат берса ёки ундан бир қисмини кечиб юборса, Қиёмат куни, Унинг соясидан ўзга соя бўлмаган кунда Аллоҳ таоло уни Аршининг сояси билан соялантиради”, дедилар” (Имом Термизий ривоят қилган). Агар муҳлат берса ҳам, муддат тугаса ҳам қарзини тўлай олмаса, мазкур нарсани тортиб олмасдан, балки эгаси билан келишган ҳолда сотиб, қарзини ундириб олса бўлади. Бу каби масалалар икки томон бирга бўлган ҳолатда фатво олинадиган масала бўлгани учун бирор илмли кишига юзма-юз мурожаат қилинглар.
“12 ойга байлашиб шу муддат ичида қурби етканча тўлаб бориши насия савдоси дейилмайдими?” Йўқ, бу савдо тақсит савдоси дейилади. Насия савдосида эса пул белгиланган муддат етганида бирданига берилади. Агар бўлиб-бўлиб берилса тақсит савдоси дейилади. Қуйида тақсит ва насия савдоси тўғрисида баъзи маълумотларни тақдим этамиз.
“Тақсит” савдоси; насия савдо турлардан биридир. Унда савдо моли нақд берилиб, унинг пулини бериш кечиктирилади. Бундай савдо тури билан ҳозирги кунда ёлғиз шахслар ва ширкатлар ҳам шуғулланмоқда. Бугунги кунда исломий банкларнинг кўплари ўзларининг молиявий муомалаларини мазкур савдо тури билан олиб боради.
“Тақсит” савдоси “салам” савдосининг аксидир. Яъни салам савдосида пул нақд берилиб савдо моли насия қилинади. Тақсит савдосида белгиланган пулнинг барчасини ёки баъзисини ҳам насия қилиш мумкин. Кўпинча белгиланган маблағ бир неча қисмга ёки бир неча босқичларга бўлиб адо этилади. Агар белгиланган маблағ белгиланган муддатнинг охирида бирданига адо этилса, бу насия савдо бўлади. Агар белгиланган маблағ бир неча босқичда адо этилиши билан биргаликда савдо моли уни олувчининг мулкига ўтиши ҳам батамом бўлса, бу тақсит савдоси дейилади.
Юқоридаги таърифлардан келиб чиқиб тақсит савдоси қуйидаги хусусиятларга эга бўлади деб айтишимиз мумкин:
- савдо моли нақд бўлади;
- пули насия бўлади;
- пулни адо этиш бир неча бўлакларга бўлинади.
Тақсит савдосининг жоизлигига ижмоъ қилинган. Чунки у насия савдонинг бир туридир. Лекин икки жиҳатига кўра ундан фарқ қилади:
биринчиси, тақситда пул бўлиб-бўлиб адо этилади, насияда эса бирданига адо этилади;
иккинчиси, тақситда насия қилинган қиймат, нақднинг қийматидан ортиқроқ бўлади. Савдо молига одатда икки хил нарх белгиланади. Нақдга фалон сўм, насияга фалон сўм, ҳар иккаласи ҳам жоиз. Бу савдонинг жоизлигига китоб ва суннатдан ҳам далиллар етарлидир, Лекин гап чўзилиб кетмаслиги учун улар келтирилмади.
Исҳоқжон домла Бегматов
ЎМИ масжидлари бўлими ходими
ЎМИ матбуот хизмати
Энг кўп қандай дуо қиласиз?
Марвазий: “Энг кўп қайси дуони қиласиз?”.
Имом Аҳмад: “Аллоҳ таоло бизни одамлар ўйлаганларидек солиҳлардан қилсин ва биз ҳақимизда билмаганларини мағфират этсин”[1].
Қандай тонг оттирдингиз?
Имом Аҳмад Аллоҳдан қаттиқ қўрқарди, Унинг азоби ва иқобидан доимо хавфдан бўларди.
Кунларнинг бирида талабаларидан бири Нажийб Марвазий устозининг ҳолидан хабар олиш учун унинг олдига кириб: “Қандай тонг оттирдингиз?” деб сўради.
Имом Аҳмад лаблари титраб: “Роббиси фарз ибодатларни, Набийи суннат амалларни, фаришталар солиҳ амалларни, иблис фаҳш ишларни, ўлим фариштаси жон олишни, аҳли-аёли нафақасини талаб қилган ҳолда тонг оттирдим”.
Улар учун рухсат этилган нарса сенга рухсат этилмайди-ми?
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Халиф Восиқнинг ҳузурига кирди.
Имом Аҳмад: “Ассалому алайкум, эй мўминлар амири”.
Восиқ: “Сенга Аллоҳнинг саломи бўлмасин”.
Имом Аҳмад: “Эй мўминлар амири, жуда беодоб экансиз. Ахир Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай буюрган-ку: “Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз” (Нисо сураси, 86-оят).
Аллоҳга қасамки мен учун бундан гўзалроқ ва яхшироқ нарса йўқ.
Имом Аҳмад: “Қуръон ҳақида нима дейсиз?”.
Восиқ: “Махлуқ”.
Имом Аҳмад: “Қуръон махлуқ эмаслигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Ҳазрат Абу Бакр, Умар, Усмон, Али розияллоҳу анҳум билишган-ку?! Ёки улар билмаган деб ўйлайсиз-ми?”.
Восиқ: “Улар билишмаган”.
Имом Аҳмад: “Субҳаналлоҳ! Набий алайҳиссалом, хулафои рошидийн розияллоҳу анҳум билмаган нарсани сиз биласиз-ми?”.
Халифа бироз хижолат бўлиб: “Билишган, аммо одамларни унга даъват этишмаган”, деди.
Имом Аҳмад: “Улар учун рухсат этилган нарса сенга рухсат этилмайди-ми?”.
Шундан сўнг, Восиқ ўзи ёлғиз ўтирадиган хонасига кириб кетди. Имом Аҳмад айтган гапларни ҳаёлидан такрор-такрор ўтказди. Ниҳоят, унга айтилган гапларнинг ростлиги аён бўлди. Халифа дарҳол ўрнидан туриб, имомдан кишанларни ечишни, тўрт юз динор танга беришни ҳамда озод қилишни буюрди.
Ғийбатчини афв этди
Мўминлар амири Мутаваккил Имом Аҳмадни кўп ғийбат қилувчи бир кишини тутиб олди. Ва имомга: “Агар истасанг ўзим унинг адабини бераман, хоҳласанг уни сенга бераман”, деди.
Имом Аҳмад: “Уни кечирдим”, деди.
Мутаваккил: “Наҳотки, сени шунча ғийбат қилиб, чақимчилик қилган одамни кечирсанг?!” деди.
Имом Аҳмад: “Эҳтимол, унинг ёш фарзандлари бўлса, уларга бундан махзунлик етади”[2].
Мукофоти Аллоҳнинг зиммасида
Кеч тушди. Атрофни зимистон эгаллади. Имом Аҳмад уйғониб, кун ёришгунча хўнграб йиғлади. Шогирдларидан бири: “Устоз нима сабабдан кечаси кўп йиғладингиз?” деб сўради.
Имом Аҳмад: Муътасимнинг берган азоблари Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини тиловат қилганимда ёдимга тушди: “(Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас” (Шуро сураси, 40-оят).
Шунда Аллоҳга сажда қилиб уни кечиришини дуо қилиб сўрадим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари
Фазл ибн Робиънинг фарзандлари зиндонда ётган Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳни кўргани келишди. Имом Аҳмадга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочларидан учта тола беришди. Буни кўрган имомнинг кўзлари ёшга тўлди. Чуқур-ҳурмат ва эҳтиром билан сочларни кўзларига суртди. Агар имом бемор бўлса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочларини сувга солиб ичар ва тезда тузалиб кетарди.
Имом Аҳмад вафотидан олдин: “Вафот этсам, икки кўзимга ва тилимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соч толаларини қўйинг!” деб васият қилди. Имом оламдан кўз юмганда унинг васияти бажарилди.
Ношукрлик бўлади
Фаҳиқлар имоми, муҳаддислар шайхи Имом Аҳмадга беморлик етди. Тўшакка михланиб қолди. Оғриқнинг азобидан имом “оҳ, оҳ” деб инграрди.
Шунда унга: “Товус ибн Кайсон раҳматуллоҳи алайҳини беморни инграши ношукрлик бўлади деб айтгани эслатилди”.
Шундан сўнг, Имом Аҳмаднинг то вафот этгунига қадар бирорта овози чиқмади[3].
Фақат сажда қиларди
Кеч тушди. Имом Аҳмаднинг шогирди Сулаймон ибн Абу Матор уйқуга кетди. Устози унга кечаси туриб таҳорат олиши учун сув тайёрлаб қўйди.
Тонгда отди. Имом Аҳмад сув ишлатилмаганини билди. Шунда у: “Субҳаналлоҳ, ахир талабани кечаси бажарадиган вазифаси (вирди) йўқ-ми?” деди насиҳат овозда.
Шогирди Сулаймон: “Мусофирман-ку”, деди.
Имом Аҳмад: “Мусофир бўлсанг ҳам! Масруқ ҳаж ибодатини адо этганда, ҳар кечани ибодат билан ўтказган эди”, деди[4].
Қайтаришни ният қилганман
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ дўстидан икки юз дирҳам қарз олди. Бироз муддат ўтгандан сўнг Имом Аҳмад қарзини қайтарди. Шунда дўсти: “Сендан бу пулларни қайтариб олиш ниятим йўқ эди”, деди.
Имом Аҳмад қатъиятлик билан: “Лекин мен қайтариб беришни ният қилганман”, деб қарзини узиб, жўнаб кетди.
Икки ярим миллион жамоат қатнашган жаноза
Имом Аҳмад бемор бўлганларида бутун Ислом олами ташвишга тушди. У киши яшаётган шаҳар одамга тўлиб, юриб бўлмай қолди. Миршаблар фақат Имомнинг ўзлари истаган одамнигина кўришга қўйишар эдилар.
Имом Аҳмад ҳижрий 241 сана 12 робиъул аввал жума куни вафот этдилар. Жанозаларига келган жамоат масжидларни, кўчаларни тўлдириб юборди.
Тарихчиларнинг маълумотларига кўра, у зотнинг жанозаларига икки ярим миллион одам қатнашган.
Аллоҳ таоло улуғ имомни раҳмат этсин, Ислом ва мусулмонлар учун қилган хизматларини муносиб мукофотласин[5].
Даврон НУРМУҲАММАД
[1] Маноқибул Имом Аҳмад. 251.
[2] Маноқибул Имом Аҳмад. 318.
[3] Маноқибул Имом Аҳмад. 353.
[4] Маноқибул Имом Аҳмад. 191.
[5] Маноқибул Имом Аҳмад. 361.