Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Январ, 2025   |   18 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:45
Пешин
12:38
Аср
15:41
Шом
17:25
Хуфтон
18:43
Bismillah
18 Январ, 2025, 18 Ражаб, 1446

Ҳизбут-таҳрир ва унинг кирдикорлари

16.05.2023   800   3 min.
Ҳизбут-таҳрир ва унинг кирдикорлари

Инсонлар жамоаланиш бўйича иккига бўлинади. Раҳмоннинг жамоаси ва шайтон малайлари. Аллоҳ таолонинг жамоаси тарқоқ бўлиши асло мумкин эмас. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Динларини (фирқаларга) бўлиб, (турли) гуруҳларга айланганлар (учун) бирор нарсада (Сиз масъул) эмассиз. Уларнинг иши Аллоҳга (ҳавола). Сўнгра (У) уларни қилиб юрган амалларидан огоҳ қилур» (Анъом сураси, 159-оят).

Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ Муовия розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Уларнинг ҳаммаси дўзахдадир. Биргина фирқа бундан мустасно”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Ўша бир тоифа ким, эй Аллоҳнинг Расули!” дейишди. У зот: “Жамоатдир”, дедилар. Сўнг қўшимча қилиб айтдилар: “Албатта, яқин орада шундай қавмлар келади, қутириш касали беморни қандай эгалласа, уларни ҳавои нафс худди шундай эгаллайди”, дедилар.

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган нарсалари воқеликда содир бўлди. Ҳавои нафсга эргашиш кўпайди. Фирқалар, жамоалар кўпайди. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло:

«Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади» (Оли Имрон сураси, 103-оят), деб марҳамат қилади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: «“Ўзларингиздан олдингилар йўлига худди (камон ўқининг) патлари бир хил жойлашгани каби, изма-из эргашасизлар. Ҳатто улар зобб (эчкиэмар)нинг инига кирган бўлсалар, сизлар ҳам албатта кирасизлар. Саҳобалар айтишди: “Ё Расулуллоҳ! Яҳудийлар ва насороларми?” Пайғамбар алайҳиссалом: “Унда ким?” дедилар.

Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Мўмин мўмин учун худди бир-бирини мустаҳкамлаб турувчи бино кабидир”.

Аммо бу ҳизблар-жамоалар ўзаро бир-бирларидан нафратдадирлар. Бир-бирларини таъна қиладилар, айблайдилар. Ҳатто бир киши: “Бу ҳизблар дин душманларининг ирода-истакларини, яъни умматни тафриқага солиш, хотирини паришон қилиш, оқибатда умматни заифлаштириш каби ишларни қилишяпти” деса, тўғри бўлади.

Хуллас, “Ҳизбут таҳрир” жамоаси қаттиқ адашган тоифалардан. “Ҳизбут таҳрир” пасткаш жамоа бўлиб, Урдунда пайдо бўлган. “Ихвонул муслимин”дан ажраб чиққан. “Ихвончилар” уларга бу йўлдан қайтишлари учун элчилар юборишган. Лекин улар қайтишдан бош тортишган. Уларнинг етакчиси Тақиюддин Набаҳоний эди.

Улар ақида масалаларида қуйидагиларни айтадилар: “Ақидавий ҳукм фақат ақлдан олинади. Агар самъий, яъни, нақлий далилдан олинса, у фақат қатъий далил бўлиши керак”.

Ҳизбчилар сафсата сотишга ўргатилган, динимизга мухолиф жамоадир.

Ҳизбчиларнинг етакчисидан: “Нима учун сизларда Қуръон ёдлатиладиган мадрасалар йўқ?” деб сўралганда, у бундай жавоб берган: “Мен дарвешлар етиштирмоқчи эмасман”.

Кўриб турганингиздек, илм, ахлоқ ва қалб тарбияси, зуҳд, тақвога сабаб бўлувчи илмлар улар учун қизиқ эмас. Фиқҳий масалаларда ҳам ҳадларидан ошишган. Масалан, уларнинг наздида эркак киши номаҳрам аёл билан қўл бериб кўришса, жоиз бўлади. Хуллас, “Ҳизбут таҳрир” адашган тоифалардан биридир.

Хулоса ўрнида шуни айтамизки: Ҳизбут-таҳрир” уламолари ўз таъвилларига одатда ҳеч бир ҳужжат келтирмайдилар. Минг­лаб саҳиҳ ҳадислар мавжуд бўла туриб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан аниқ ва саҳиҳ ривоятларни келтирмайдилар. На саҳобалардан, на тобеъинлардан ва на уларнинг атбоъларидан бирон асар тақдим этмайдилар. Барча Ислом уммати бирдек тан олган Аҳли сунна вал жамоа уламолари ижтиҳодларидан ва айтган сўзларидан мисол келтирмайдилар. Барча мусулмонларни бундай бузуқ тоифалардан узоқ бўлишга даъват этамиз

Муҳибуллоҳ Ҳудойбердиев Tўрақўрғон тумани бош имом-xатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Қуръонни ёдлай олмаяпман

17.01.2025   3445   2 min.
Қуръонни ёдлай олмаяпман

Ал-Кисоий ал-Куфий 119/737 йил Куфада дунёга келган.

Тўлиқ исми: Али ибн Ҳамза ибн Абдуллоҳ ибн Баҳман ибн Файрузм ал-Кисоий ал-Куфий. Имом ал-Кисоий ёшлигида илм ўрганишга жуда интиларди, лекин бошланғич даврда муваффақият қозона олмасди. Бир сафар Қуръонни ёд олишда қийналгач, устозига: “Мен ҳеч нарсани ёдлай олмаяпман, чарчадим”, деди.
Устоз унга сабр қилишни ва Қуръоннинг баракасига ишонишни тавсия қилди. Шундан сўнг, Имом ал-Кисоий сабр билан ҳаракат қилиб, Қуръонни мукаммал ёд олди ва кейинчалик машҳур қироат имомларидан бири бўлди. Бу воқеа сабр ва меҳнатнинг самарасини эслатади.

Ҳаёти: Ал-Кисоий Куфада туғилган ва тилшуносликда ҳам, қироатда ҳам юқори мақомга эга бўлган. Ундан нега «Кисоий» деб ном олганлиги ҳақида сўрашганида у, – "чунки мен ҳажда кисода (кийимда) эҳром боғлаганман", деб жавоб берган экан. У асли форс бўлиб, Бани Асад қабиласининг қулларидан эди.  

Илмий фаолияти: Унинг асосий устозлари Ҳамза ал-Куфий ва бошқа йирик қироатчилар бўлган. Бундан ташқари Куфа мактабини асосчиси ҳисобланади.
Муоз ал-Ҳарро ва Абу Жаъфар Руасийларда наҳвдан таҳсил олди. Улар-даги илмларни олиб бўлиб, улардан қониқмай қолгач, Басрага келиб Исо ибн Умар, Абу Амр ибн ал-Ало ва Ал-Халил ибн Аҳмаддан илм ўрганган. Қироатни эса Шўба ибн Ҳажжождан таълим олган. 

У зот жуда кўп асарлар ҳам ёзган: "Китаб мухтасар фи ан-наҳв" (Наҳвга оид қисқа бўлган китоб), "Китаб ал-ҳудуд фи ан-наҳв"  (Наҳвдаги ҳадлар оид китоб), "Китоб ал-қироат (Қироатга доир китоб)", "Китаб ал-адад (Сонларга доир китоб)", "Китаб ихтилаф ал-адад (Сонларнинг ихтилофига оид китоб)", "Китаб ал-ҳуруф (Ҳарфларга оид китоб)", "Китаб маоний ал-Қуръан (Қуръон маънолари ҳақидаги китоб)" каби кўплаб китоблар ёзган. 
Наҳвдан Фарро унинг хос шогирдларидан ҳисобланади. 

Кисоий 189/805 йил Рой шаҳрида вафот этган.

Маткаримов Нурмуҳаммад,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.