Россия Федерацияси таркибидаги Ингушетия Республикаси пойтахти Магасда йирик исломий марказ қурилиши режалаштирилмоқда. Ушбу қурилаётган Ислом мажмуасига молиявий ёрдамни қатарлик инвесторлар кўрсатиши маълум қилинди. Бу ҳақда Islam-today.ru нашри хабар қилди.
Ингушетия раҳбари Юнусбек Евкуровнинг айтишича, мажмуа республикадаги йирик маданий-маърифий, диний ва тарбиявий марказга айланади.
Таъкидлаш жоизки, Қатар Ислом мажмуасидан ташқари Ингушетияда болалар боғчаси, уй-жой қуриш каби бир қанча ижтимоий лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Объектларнинг қурилиш ишлари жорий йилда бошланиши ҳамда жорий йилнинг баҳорида Қатардан делегация келиб, Ислом мажмуаси учун ажратилган ҳудудни кўздан кечириши маълум қилинган. Қатар нафақат объектни қурилиш ишларида қатнашади, балки бутун жараённи назорат қилиши қайд этилган.
Қурилиш режасига кўра, 20 гектарли ҳудудда жомеъ масжиди, Ислом университети, Мусулмонлар диний бошқармаси, талабалар учун ётоқхона, маданий-кўнгилочар мажмуа, савдо ва спорт маркази қурилиши кўзда тутилган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Cавол: Мен жамоат намозига боришни энди бошладим. Мен намозни секин ўқийман. Гап шундаки, кўпинча мен салавотни ўқиётганимда имом икки тарафга салом бераётган бўлади. Шу ҳолада мен салавотни тугатиб, кейин дуо ўқиб сўнг салом беришим керакми ёки имом билан баробар салом беришим керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз бу ҳолатда имом билан биргаликда салом берасиз. Зеро, салавот ўқиш суннат, имомга эргашиш эса вожиб амал саналади. Вожиб амал суннат амалдан юқори бўлгани сабабли сиз вожиб бўлган амални бажарасиз. Агар ташаҳҳуд (“Ат-таҳийёт...”) дуосини ўқиётганингизда имом салом бериб қолса, сиз ташаҳҳуд дуосини тугатиб, кейин салом берасиз. Чунки ташаҳҳуд дуосини ўқиш вожиб амал ҳисобланади.
Аллома ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ бундай дейдилар: “Фарз ва вожиб амалларда кечиктирмасдан имомга эргашиш вожиб саналади. Аммо имомга эргашиш билан бошқа вожиб амал тенг келиб қолса, “имомга эргашиш керак” деб вожибни тарк қилмайди, балки аввал вожибни бажариб, кейин имомга эргашади. Масалан, имомга иқтидо қилган киши ташаҳҳудни тугатишдан аввал имом учинчи ракатга турса, иқтидо қилган киши аввал ташаҳҳудни тугатиб, кейин ўрнидан туриб, имомга эргашади (Чунки иккиси ҳам вожиб бўлиб, бирини бажараман деб бошқасини тарк қилмайди).
Агар имомга эргашиш билан суннат амал тенг келиб қолса, юқоридагидек қилмайди. Масалан, (сажда ёки рукуда) имомга иқтидо қилган киши тасбиҳни уч марта айтишидан аввал имом бошини кўтарса – фуқаҳоларимиз энг тўғриси дея айтган гапга кўра - имомга эргашади. Чунки суннатни тарк қилиш вожибни кечиктиришдан кўра устундир” (“Раддул муҳтор” китоби).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази