Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Январ, 2025   |   21 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:43
Пешин
12:39
Аср
15:44
Шом
17:29
Хуфтон
18:46
Bismillah
21 Январ, 2025, 21 Ражаб, 1446

Жаннат аҳли жаннатда нима билан машғул бўладилар?

26.02.2018   6751   4 min.
Жаннат аҳли жаннатда нима билан машғул бўладилар?
  • Жаннат аҳли жаннатда безаниб оладилар: «...Улар у жойда олтин билакузуклар ва марваридлар билан безалурлар, либослари эса ҳарир (ипак) бўлур» (Ҳаж сураси, 23-оят).  
  • Жаннат аҳли беҳуда гап-сўзларни эшитмаслар, уларга ўзлари истаган ризқлар пайдо бўлади: «У жойда улар беҳуда сўз эшитмаслар, балки «салом» (сўзини эшитурлар). У жойда улар учун эртаю кеч ризқлари ҳозирдир» (Марям сураси, 62-оят).
  • Жаннат аҳли жаннатда хурсандчиликлар қиладилар: «Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равза (жаннат)да хурсандчилик қилурлар» (Рум сураси, 15-оят).
  • Жаннат аҳли Аллоҳни кўрадилар: «У кунда баъзи юзлар яшнаб турувчи, Парвардигорларига боқувчидир» (Қиёмат сураси, 22-оят).
  • Жаннат аҳлига Аллоҳ таолонинг саломи бўлади: «(Уларга) раҳмли Парвардигор (томони)дан салом (айтилур)» (Ёсин сураси, 58-оят).
  • Жаннат аҳли салқин сояларда ўтирадилар: «Улар ўз жуфтлари (хотинлари) билан бирга сояларда, сўриларда суяниб ўтирурлар» (Ёсин сураси, 56-оят).
  • Жаннат аҳли оч ҳам, ялонғоч ва ташна ҳам бўлмаслар: «Шубҳасиз, сен у жойда (жаннатда) оч ва яланғоч ҳам қолмайсан. Шунингдек, сен у жойда ташна ҳам бўлмайсан ва иссиқда ҳам қолмайсан» (Тоҳо сураси, 118-119-оят).
  • Жаннатда жаннат аҳли учун фақат роҳат-фароғат, анвойи нозу неъматлар бўлади, у ерда ўлим, касаллик, мусибату ғам-ташвиш бўлмас: «Албатта, жаннат аҳли у кунда (роҳат ва фароғат) иш(лари) билан шоддирлар» (Ёсин сураси, 55-оят).
  • Жаннат аҳли турли хил ширин мевалар истеъмол қиладилар: «...Ризқ этилган мевалардан ҳар гал тановул қилганларида: «Бу илгари биз еган меваларнинг худди ўзи-ку?!» – дейдилар. Зеро, уларга (сурати) бир-бирига ўхшаш мевалар берилган эди...» (Бақара сураси, 25-оят).

Жаннатдаги ноз-неъматларнинг ташқи кўриниши худди бу дунёдагига ўхшаш бўлиб, мазасининг тотлилиги билан фарқ қилар экан. Жаннат аҳли тановул қилмай туриб: “Бу олдин (дунёда) тановул қилган нарсаларимизнинг ўзи-ку!” дер эканлар. Еб кўрганларидан кейин эса, жаннат меваларининг мислсиз тотли эканига амин бўлар эканлар.

  • Жаннат аҳли баланд кўрпачалар устида ўтирадилар: «(Улар) тикансиз бутазорларда, тизилган бананзорларда, ёйиқ соя (ости)да, оқизиб қўйилган сув (бўйи)да, кўплаб мева (узра)ки, (улар) туганмас ва ман этилмасдир. Шунингдек, (улар) баланд тўшалган кўрпачалар (усти)дадирлар» (Воқеа сураси, 28-34-оят).
  • Жаннат аҳли пок шароб ичадилар: «Устиларида яшил ипак ва шойи либослар бўлиб, улар кумуш билакузуклар билан безанган бўлурлар ва Парвардигорлари уларга пок шароб ичирур» (Инсон сураси, 21-оят).
  • Жаннат аҳли сут, май ичадилар, асал ва мевалар ейдилар: «Тақволи зотлар учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (сифати будир): Унда айнимас сувдан иборат анҳорлар ҳам, таъми ўзгармас сутдан иборат анҳорлар ҳам, ичувчилар учун лаззатли (ақлдан оздирмайдиган) майдан бўлмиш анҳорлар ҳам ва мусаффо асалдан иборат анҳорлар ҳам бордир. Улар учун у жойда барча мевалардан бордир ва (у жойда) Парвардигорлари (томони)дан мағфират бордир» (Муҳаммад сураси, 15-оят).
  • Жаннат аҳли кўрпачалар устида, ёстиқлар узра ястаниб ўтирадилар: «(Жаннат аҳли) астарлари шойидан бўлган кўрпачалар узра ястанган ҳолда (ўтирурлар)» (Раҳмон сураси, 54-оят). (Жаннат аҳли) яшил ёстиқлар ва гўзал гиламлар узра ястанган ҳолларида (ўтирурлар) (Раҳмон сураси, 76-оят).
  • Жаннат аҳли Аллоҳ таолога ҳамд айтадилар: ...(Шунда) айтурларки: «Ушбу (ҳидоят)га бизни бошлаган Аллоҳга ҳамд (айтамиз). Агар бизни (Ўзи) бошламаганида, тўғри йўлни топа олмаган бўлур эдик. Раббимизнинг пайғамбарлари ҳақиқатни келтирган эканлар». Уларга нидо қилинурки: «Мана шу – жаннат. Қилган (савобли) амалларингиз сабабли у сизларга мерос қилиб берилди» (Аъроф сураси, 43-оят).

Аллоҳ таоло барча мўмин-мусулмонларни жаннат боғларида тақводор ва солиҳлар билан бирга қилишини, Ўз раҳмати билан ўраб олишини ҳамда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шафоатларига ноил  қилишини сўраб, дуолар қиламан. Омин Я Роббал Аъламийн.

 

Даврон НУРМУҲАММАД тўплади

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Онага муҳаббат — ибодат, хотинга муҳаббат — саодат

16.01.2025   6634   2 min.
Онага муҳаббат — ибодат, хотинга муҳаббат — саодат

Доктор Мустафо Маҳмуд айтадилар:

"Бир куни бир она менга шикоят қилиб бундай деди:
— Ўғлимнинг хотинига бўлган муҳаббати менга бўлган муҳаббатидан кучлироқ.
Мен ундан сўрадим:
— Помидор яхшими ёки апельсин?
У ажабланганча менга қараб:
— Бундай солиштириш нотўғри, чунки помидор сабзавот, апельсин эса мевалардан, — деди.
Мен унга шундай жавоб бердим:
— Муҳаббат ҳам ҳудди шундай, унинг ҳам турлари кўп ва бир турини бошқа бири билан солиштириш тўғри эмас.
Она мендан тушунтиришимни сўради.
Мен давом этдим:
— Сиз — онасиз, сиз ўғлингиз учун ердаги жаннатсиз, ўғлингиз эса қалбингизнинг бир бўлаги. Унинг сизга бўлган муҳаббати ибодатдир. Хотини эса унинг жуфти, Аллоҳ уни унга бахт учун яратган, унинг хотинига бўлган муҳаббати эса, саодатдир.
Шунинг учун ўғлингизга ибодатда ёрдамчи бўлинг ва унинг бахти учун аёлига бўлган муҳаббатини қўлланг. Унинг сизга бўлган муҳаббатини бошқа муҳаббат билан солиштириб, унинг қадрини туширманг. Ўғлингизни эркин қўйинг, шунда унинг қалби сизни ўз ихтиёри билан қайта топади ва жаннатни сиз орқали излайди.
Шунда она бошини силкитиб гапимни тасдиқлади ва юзини розилик нурли ёритди. У кетар экан, такрорлар эди:
— Унинг менга бўлган муҳаббати ибодат, хотинига бўлган муҳаббати эса саодат. Мен унга ибодатини мукаммал қилишида ёрдам беришим ва хотини билан бахтли бўлишига қўйиб беришим керак.

Азизим она...
Бу суҳбатимизни хотирангизда сақланг. Ўғлингиз турмуш қурганида шу сўзларни эсланг ва унинг хотини билан бахтли яшашига қўйиб беринг. Унинг сизга бўлган муҳаббати ва итоати ила ибодати мукаммал бўлишига ёрдамчи бўлинг. Бу гапларни ҳечам унутманг: "Агар сизга итоат қилишини истасангиз, унга тоқати етадиган ишни буюринг".

Онага бўлган муҳаббат — ибодат,
Хотинга бўлган муҳаббат — саодат.
Ҳар икки муҳаббат ҳам қалбдан чиқади, аммо турли хил ва уларни бир-бири билан солиштириб бўлмайди.
Шундай экан, ибодатингизни гўзал адо этинг ва бахтли бўлинг".

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ