Аллоҳ таоло барча махлуқотлари ичида инсонни азиз, мукаррам, мукаммал ва афзал суратда яратган. Ҳақ таоло Қуръони каримда инсонга жуда кўп неъматлар ато этганини, унга покиза нарсалардан ризқ-рўз қилиб берганини эслатиб айтади: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ҳамда денгизда (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик. Уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”.
Оятда инсоннинг қадр-қиммати нечоғлик улуғ экани, унинг барча жонзотлардан афзаллиги баён қилинган. Парвардигор бизга шунчалик мурувват кўрсатган экан, биз инсоният аҳли шунга мос равишда ҳаёт кечирмоғимиз даркор. Инсонга берилган ҳаёт, умр – энг катта омонатдир. Инсон бу омонатга хиёнат қилса, ўзини ҳалокат домига ташлаган бўлади. Бу эса Аллоҳ таолонинг иродасига зид амал бўлиб, у қаттиқ қоралангандир.
Инсонга ҳаёт неъматини Аллоҳ таоло ато қилди, унинг ҳаётини фақат Ўзигина олишга ҳақлидир. Ҳаттоки, яшаш ҳуқуқи берилган киши ўз ҳаётига ўзи суиқасд қила олмайди. Ислом динида бировни ўлдириш қанчалик гуноҳ бўлса, ўзини ўзи ўлдириш ҳам шунчалик оғир маъсият саналади. Пайғамбар с.а.в. ҳам ўзларининг ҳадиси муборакларида ўз-ўзини ўлдириш – худкушлик ҳаром эканлиги, бундай ишни қилганлар учун охиратда қаттиқ азоблар борлиги ҳақида айтиб ўтганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жонига қасд қилиб ўткир тиғли нарса билан ўзини ўлдирса, жаҳаннам оловида қорнига ўша ўткир тиғни ушлаб абадул-абад санчаверади. Ким заҳар ичиб ўз жонига қасд қилса, жаҳаннам оловида абадул-абад ўша заҳарни ютади. Ким тоғдан ўзини ташлаб ўз жонига қасд қилса, жаҳаннам оловига абадул-абад ўзини улоқтиради», дедилар” (Имом Бухорий ривояти)
Афсуски, ҳозирги кунимизда баъзи замондошларимизга сабру матонат етишмай, ўз жонларига қасд қилаётганларининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу ҳолат Аллоҳ таоло берган ҳаёт – умр деб аталган неъматга ношукурлик оқибатидир. Бу мудҳиш ҳодисалар қазои қадар тушунчаларини билмаслик, тақдирга рози бўлмаслик, Ҳақ таолонинг амрига қарши чиқишлик натижасида юз беради. Ислом илмидан етарли хабари бўлмаган иймони заиф кимсалар турмуш қийинчиликларига, бошга тушган турли хилдаги мусибатларга, баъзи ғийбатчи, туҳматчи кимсаларнинг миш-мишларига сабр қилмай, охирги чора сифатида ўз жонларига қасд қилиб, Аллоҳ таоло ато қилган ҳаёт нурини бевақт ўчиришга, икки дунёда абадий лаънатга ва дўзах азобига дучор бўлишдек оғир гуноҳ қилишга ўтмоқдалар. Аллоҳ таоло сабр қилган бандасига неъматини зиёда қилиб беришини, акс ҳолда ношукурлик қилувчилар учун азоби қаттиқ эканлигини баён қилиб: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим сураси, 7-оят) деб огоҳлантиради.
Хоҳ эркак ва хоҳ аёл бўлсин шундай тўкин, тинч ва фаровон замонда яшаётгани учун Аллоҳ таолога шукр қилиши лозим. Ҳар қандай ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни сабр-қаноат, чиройли тадбир, маслаҳат ва машварат билан ҳал қилса бўлади. Аммо сабрсизлик натижасида ношукурлик қилинса, оқибати хайрли бўлмайди. Ёки бўлмаса, айрим иродаси бўш кишилар ичкилик ва гиёҳвандликка берилиб, бебаҳо умрларини хазон қиладилар. Бундай кимсалар ушбу нарсалар динимизда ҳаром саналишини билмайдилар, ёки билиб туриб нафсларининг амрига қулоқ солиб, ўзларини абгор қиладилар. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло бу ҳақда барчамизни огоҳлантириб, айтади: “...Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..” (Бақара сураси, 195- оят)
Энг ачинарлиси, ўзини турли йўллар билан ўлдириш – худкушлик ҳозирги вақтда баъзи бир мутаассиб тоифалар орасида одат тусига айланиб қолмоқда. Дунёда рўй бераётган ҳодисаларни, танасига портловчи моддаларни боғлаб, жамоат жойларида ўзларини портлатиб юбораётган кимсалар тўғрисида эшитяпмиз. Бундай аянчли ҳолатни “шаҳидлик мақоми” деб баҳолаётган кишилар ана шу мудҳиш жиноятларнинг сабабчиларидир. Ҳолбуки, ўз-ўзини ўлдириш – ҳудкушлик шаҳидлик эмас, балки жаҳолат ва қабоҳатдир. Ўзларини портлатаётган кимсалар гуноҳи азимга қўл урмоқдалар, қанчадан-қанча одамларнинг ўлимига, болаларнинг етим қолишига, ота-оналарнинг фарзанд доғида куйишларига сабабчи бўлмоқдалар. Бугунги кунда ўзларини гўёки мусулмонлардек тутиб, одамларни исломга даъват қилиб юрган, асл ниятлари эса, терроризм ва ноҳақ одам ўлдириш бўлган манфурларни бутун дунё қораламоқда. Улар мақсадларини амалга ошириш учун диний илми етарли бўлмаган, ғўр ёшлар онгига ўз ғояларини сингдириш йўлида барча имкониятлардан, шу жумладан, интернет сайтларидан фойдаланмоқдалар. Ёшларимизнинг мана шундай қора ниятли кишиларнинг таъсир доирасига тушиб қолмасликлари учун ҳар бир ота-она ўз фарзандига, устоз ўз шогирдига, ёши улуғ отахонлар маҳалладаги ўғил-қизларга ҳамиша кўз-қулоқ бўлиб, гўзал тарбия берган ҳолда насиҳат қилишлари лозим. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, “Дин – насиҳатдир”, вақт борида бу муаммоларнинг муолажасига киришмоғимиз керакки, касални даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал. Мана шундагина кўнгилсиз воқеаларнинг олди олинади, ҳаётимиз гўзал, фарзандларимиз эса салоҳиятли бўлади.
Аллоҳ таоло берган ҳаёт неъматини савобли ишлар, хайрли амаллар қилиш билан ўтказиш, ҳаётий муаммоларни чиройли тадбир билан ҳал этиш, Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб яшаш ҳақиқий имонли кишининг фазилатидир.
Азизхўжа ИНОЯТОВ,
“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти мудири
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Муборак айтади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдларига келди ва: «Эй Расулуллоҳ, қиёмат кунида Аллоҳ таоло билан ҳамсуҳбат бўлувчилар ҳақида хабар беринг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар Аллоҳдан қўрқувчилар, Аллоҳга бўйсунувчилар, ўзларини камтар олувчилар, Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчилар», дедилар. У киши: «Эй Расулуллоҳ, жаннатга биринчи кирувчилар ҳам ўшаларми?» деб сўради. У зот: «Йўқ», дедилар. У кейин: «Унда, жаннатга биринчи кирадиганлар кимлар?» дея сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фақирлар жаннатга киришда бошқалардан ўзиб кетади. Шунда уларнинг олдидан фаришталар чиқиб: «Ҳисоб-китобга қайтинглар!» дейди. Фақирлар: «Нимамизга ҳисоб-китоб қилинамиз? Аллоҳга қасамки, бизларда мол-давлат бўлмаган бўлса, уни баъзилардан қизғаниб, баъзиларга исрофларча сарф қилмаган бўлсак. Шунингдек, бизлар амир ҳам эмасдик, баъзиларга адолат қилиб, баъзиларга зулм этган бўлсак. Бироқ бизларга Аллоҳнинг амри келди, биз Унга ибодат қилдик ва то ҳузурига келгунимизга қадар Унга тоатда бўлдик», дейди. Шунда уларга: «Жаннатга киринглар, амал қилувчиларнинг ажр-мукофоти нақадар яхши!» дейилади».
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фақирлар ҳақида Аллоҳ таолодан қўрқинглар! Чунки Аллоҳ таоло қиёмат кунида: «Бандаларим ичидан танлаганларим қани?» дейди. Фаришталар: «Эй Парвардигор, улар кимлар?» деб сўрайди. Шунда Аллоҳ таоло айтади: «Улар қадаримга рози бўлган, сабр қилган фақирлардир, уларни жаннатга киргизинглар!» Бас, улар жаннатга киритилади. Фақирлар еб-ичиб турганида, бойлар ҳали ҳисоб қилинаётган бўлади».
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мусулмонларнинг фақирлари жаннатга бойларидан ярим кун олдин киради», деганларини эшитдим. Шунда: «Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ярим кун қанча?» деб сўрашди. У зот: «Беш юз йил», дедилар. «Бир йили неча ой?» дейишди. «Беш юз ой», дедилар: «Бир ой неча кун?» дейишди сўнг: «Беш юз кун», дедилар. «Бир куни қанча?» деб сўрашган эди, «Сизлар санайдиган кундан беш юзтаси», дедилар Расулуллоҳ».
Абу Али Даққоқдан: «Қайси сифат афзал: бой-беҳожатликми ёки фақирлик?» деб сўрашди. У киши: «Бой-беҳожатлик, чунки у Аллоҳнинг сифати, фақирлик эса, банданинг. Аллоҳнинг сифати банданинг сифатидан афзал, Аллоҳ таоло: «Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар. Аллоҳнинг Ўзи (барча оламлардан) беҳожат ва (барча) мақтовга лойиқ зотдир» (Фотир, 15), деган», деди.
Банданинг шарафи Аллоҳга муҳтожлиги, Уни улуғлаши, Унга бўйсуниши биландир. Агар бўйин Аллоҳга тавозеъ билан эгилса, шу эгилиш унинг азизлигидир.
Бойлик ҳам, фақирлик ҳам мол-давлатнинг кўп ёки камлигида эмас. Бу ерда энг олий учинчи даража ҳам бор. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраган «каффоф», яъни, инсонларга муҳтож бўлмайдиган даражадаги ўртача ризкдир. У зот: «Эй Аллоҳим, Муҳаммад оиласининг ризқини етарли қил», деб сўраганлар. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша ҳолатларнинг афзалини, даража ва амалларнинг олийини сўраганлар.
Шунингдек, ҳамма олимлар ўта фақирлик ҳам, туғёнга олиб борувчи бойликнинг ҳам ёмонлигига иттифоқ қилишган.
Етарли ризқ эса, ночорлик билан беҳожатликнинг ўртасидир.
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ишларнинг яхшиси ўртачасидир», деганлар. Чунки ўртаҳоллик туғёнга олиб борувчи бойлик офатидан ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳ сўраган ўта ночорликдан ҳам саломат бўлишдир.
Соҳиби каффоф – ўртаҳол одам дунё неъматлари-ю шодликларида дабдаба қилмайди. Унинг ҳолати фақирникига яқин. Унга ҳам сабри учун фақирга бериладиган савоб берилади. Шунга кўра ўрта ҳол кишилар ҳам, иншааллоҳ, жаннатга фақирлар қаторида бойлардан беш юз йил олдин киради. Чунки улар ўртача ҳаёт кечирадилар, бой эмаслар. Ўртачалик эса, айни адолатдир. Аллоҳ таоло:
«Шунингдек, сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик» (Бақара, 143), деган.
Имом Қуртубийнинг «Тазкира»сидан