Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Май, 2025   |   26 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:18
Қуёш
04:57
Пешин
12:25
Аср
17:29
Шом
19:46
Хуфтон
21:19
Bismillah
24 Май, 2025, 26 Зулқаъда, 1446

Гиёҳвандлик – дунё ва охират заволи

21.02.2018   4369   6 min.
Гиёҳвандлик – дунё ва охират заволи

 “Кўпи маст қиладиган нарсанинг ози ҳам ҳаромдир”

(Имом Термизий ривояти)

“2017 йилнинг охирида Ўзбекистондаги гиёҳвандлар сони 8036 киши экани қайд этилди. Уларнинг 2 фоизидан кўпроғи аёллардир. Спирти ичимликка муккасидан кетганлар эса 40 минг ортиқ. Гиёҳванд моддаларга тобе бўлиб қолганлар ичида 14 ёшгача бўлганлар кузатилмаган. Бироқ 15-20 ёш оралиғида 50 га яқин киши руйхатга тушган”, дея Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази мутахассиси Андрей Мокийга таяниб хабар беради gazeta.uz

Аллоҳ таоло бизга сиротул мустақимни кўрсатиб бу мумкин, бу мумкин эмас деб таълим берар экан, ҳаёти дунёда сермазмун ва манфаатли ҳаёт кечиришимизни ирода қилди. Шариатимиз ҳалол ва ҳаром нарсаларнинг бирортасини ҳам қолдирмасдан мукаммал баён қилиб берган. Нимаики соғликка фойдали ва шариат аҳкомларига мувофиқ бўлса – ҳалол. Нимаики ёмон, соғликка зарарли бўлса, шубҳасиз, ҳаромдир. Гиёҳванд воситалар ана шу иккинчи тоифа туркумига киради.

Дарҳақиқат, гиёҳвандлик аср вабосига айланди. Бу кушанда ҳар йили миллионлаб инсонларнинг ҳаётини издан чиқариб, умрига зомин бўлмоқда. Аллоҳ таоло “Моида” сурасининг 90-оятида: “Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ҳамда фол очадиган чўплар ифлос нарса. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз”,  деб марҳамат қилди.

Ушбу ояти каримадаги “хамр” сўзи араб тилида “тўсиш”, “беркитиш” деган маъноларни англатади. Тановул қилган кишининг онгига таъсир қиладиган, унинг ақлини тўсадиган, хаёлини чалғитадиган, бошқача айтганда, “маст қиладиган” ҳар  бир нарсага “хамр” дейилади. Бундан маст қилувчи ҳар бир, хоҳ у ичадиган алкогол, хоҳ истеъмол қиладиган гиёҳванд модда, хоҳ чекадиган тамаки бўлсин – барчаси ҳаромлиги тушунилади. Аллоҳ “Бас, улардан четда бўлинг, шояд нажот топсангиз”, деб амр қилди.

Таассуфки, сўнгги йилларда ушбу заҳарли моддаларнинг зарар доираси кенгайиб кетди. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчилар оғир касалликларга йўлиқиб, охири эса даволаб бўлмас ҳолга етиб бормоқда. Шунингдек, онколог шифокор мутахассисларнинг таъкидлашича, ўпка рак касаллиги кўп ҳолатда тамаки чекиш, алкогол маҳсулотлари эса кўплаб жиноятлар содир этилишига сабаб бўлмоқда. Энг ачинарлиси, уларнинг аччиқ хатоси оқибатида бегуноҳ фарзандлар турли туғма нуқсонлар билан дунёга келаётир...

Наркотик моддаларни истеъмол қилиш, ўзини-ўзи ўлдириш билан баробардир.  Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 29-ояти каримасида: “Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг”,  деб амр қилади.

Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар ким ўзини-ўзи заҳар билан ўлдирса, қиёмат куни жаҳаннам ўти билан азобланади”, деб айтганлар.

Бу ҳадиси шариф ва ояти каримадан аён бўладики, инсон ўз соғлигига зарарли бирор нарсани истеъмол қилиш мумкин эмас. Уларнинг барчаси ҳаром. Чунки гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш кишининг на дини ва на ақлига ҳам фойдали бўлган, бўлмайди ҳам! Демак, уларнинг истеъмолида заррача ҳам фойда йўқ, балки зарар бор. Нафақат ўзига, балки бутун жамиятга улкан зарар ва таҳдид бор.

Ёмон иш қилишнинг ўзи гуноҳ бўлса, унга шароит яратиб берган инсонга ҳам унинг миқдорича, балки ундан-да кўп гуноҳ бўлиши ва дунёю охиратда жазоси оғир бўлиши кўплаб ояту ҳадисларда бот-бот такрорланган бўлса-да, баъзилар ўзига ибрат олмаяпти.

“2017 йил Ўзбекистонда 5 мингга яқин гиёҳвандлик билан боғлик жиноят содир этилган ва наркотик модда бўлган ўсимликларни етиштириш билан боғлиқ 895 ҳолат аниқланган. Шунингдек, психофаол воситаларни сотиш билан 310 шахс ушланган. Улардан 62,5 минг дона дори воситалари олинди”, деб uza.uz сайти хабар беради.

Бундай воситаларни сотиш, етказиб бериш билан шуғулланаётган ҳамда истеъмол қилаётганлар кўзларини очсинлар. Аввало Аллоҳ таоло олдида жавоб беришини унутмасин. Беш кунлик ҳаётда арзимаган сариқ чақага учиб, ҳаром йўл билан пул топиб, гуноҳ ишларни қилиб охиратдаги абадий роҳатдан бенасиб қолишдан эҳтиёт бўлишсин. Сўнг халқига, юртига зарар етказиб, ёш авлодни йўлдан уриб, ўзи билан бирга бошқаларни ҳам жиноят домига тортишдан сақлансин. Ёмон иш жазосиз қолмайди, эртага, албатта, қонун олдида жавоб беришади. Ундай инсонлар ҳеч қачон яхшиликка ета олишмайди, ҳаётда зор, охиратда эса хор бўлади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Ҳар бир маст қилувчи – хамрдир. Ва ҳар бир маст қилувчи ҳаромдир. Ким дунёда хамр ичиб ўлса ва унга муккасидан кетган бўлса, у охиратда ичмайди (яъни жаннатдаги покиза ва тотли шароблардан ичмайди, чунки жаннатга кира олмайди)”.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда: “Ким хамр ичса, унинг намози қирқ кун қабул қилинмайди. Агар тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Ва агар (хамр ичишга) қайтса, Аллоҳ унинг ибодатини қирқ кун қабул қилмайди, агар тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Ва агар (хамр ичишга яна) қайтса, Аллоҳ унинг ибодатини қирқ кун қабул қилмайди, агар тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Ва агар (хамр ичишга) тўртинчи маротаба қайтса, Аллоҳ унинг ибодатини қирқ кун қабул қилмайди, агар тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилмайди ва уни “Хобал” дарёсидан суғоради”, дедилар. Шунда: “Эй Абу Абдурраҳмон, “Хобал” дарёси нима у?” деб сўралди. “У – дўзах аҳлининг йирингдан бўлган дарёсидир”, деб жавоб бердилар”. (Имом Термизий ривояти).

Шундай экан, Аллоҳ таолодан тавфиқ сўраб, ҳаётимизни тўғри кечиришга ҳаракат қилишимиз, фақат, ҳалол, пок нарсалар истеъмол қилишимиз; ёмон, зарарли, ҳаром нарсалардан сақланишимиз лозим. Нафақат ўзимиз, балки оила-аҳлимизга, дўсту биродарларимизга ҳам эътиборли бўлишимиз даркор. Зеро, ҳаром нарсалар инсонга манфаат келтирмайди. Гуноҳларнинг оқибати эса ачинарли бўлади.

ЎМИ матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Менинг онам эканликларини Роббим билади... (ҳаётий воқеа)

23.05.2025   2829   3 min.
Менинг онам эканликларини Роббим билади... (ҳаётий воқеа)

Саудиялик бир шифокор аёл ҳикоя қилади: "Муҳаммад исмли ёши тахминан ўттизларда бўлган бир йигит қабулимга келди. Унинг ёнида онаси бор эди — у ундан қочмоқчи бўлар, у эсa уни бағрига босарди. 
Онаси рўмолини улоқтирарди, у эса қайтадан жойига тўғирлаб қўярди. Унинг қўлларини тишлар, тирнарди, юзига туфларди — у эса жилмаярди.

Онаси шифохонага кирди-ю, рўмолини улоқтириб, ақли йўқ мажнун одам каби кулиб, шифокорнинг столи атрофида югуриб айлана бошлади.

Шунда мен сўрадим:
— Бу ким?
— Онам, — деди у.
— Унга нима бўлган?
— Улар шу ҳолларида, ақлсиз туғилганлар, — деди у.
— Ундай бўлса, сиз қандай туғилгансиз?
— Бобом уларни отамга олиб берган эканлар, шояд фарзандли бўлар деб. Отам бир йилдан сўнг уни талоқ қилган эканлар. Онам менга ҳомиладор бўлган эканлар. Сўнг мен туғилганман.

— Қачондан бери уларга қарайсиз, парвариш қиласиз?
— Ўн ёшимдан бери. Уларга овқат тайёрлайман, қарайман. Ухламоқчи бўлсам, чиқиб кетиб қолсалар қидириб юрмайин деб оёғимни оёқларига боғлаб ухлайман...
— Нега бугун бу ерга олиб келдингиз?
— Уларнинг қон босимлари юқори, қандли диабет касаллари бор.

Онаси кулиб:
— Картошка бер, — деди.
У берди. Онаси юзига туфлади. У кулиб, юзини тозалади.
Шунда мен сўрадим:
— У сизга она эканини биладиларми, сизни танийдиларми?
— Йўқ, валлоҳи, мен ўғлилари эканимни билмайдилар. Лекин Яратган Роббим биладики, у зот менинг онамдирлар.

Онаси қараб туриб:
— Эй ўғлим, сен ёлғончисан! Нега мени Маккага олиб бормаяпсан? — деди.
У эса:
— Пайшанба куни олиб бораман деб айтмадимми, онажон? Пайшанба куни борамиз — деди.
Мен сўрадим:
— Унинг зиммасидан (ақли жойида эмаслиги сабаб) соқит бўлса, Маккага олиб бориш керакми?
У жавоб берди:
— Опа, онам билан Роббимнинг ҳузурига ҳисобда турганимизда: “Муҳаммад, нега мени Маккага олиб бормаган эдинг?” — дейишини хоҳламайман.
 Мен Роббимга қарата: “Роббим, мен онамни елкамда опичлаб кўтардим, тавоф қилдирдим, замзам ичирдим, Каъбага қаратиб қўйдим”, дейишни хоҳлайман. 
   Яна: “Аллоҳим! Гарчи уларнинг ақллари бўлмаган бўлсада, менинг онам эканларини албатта Сен билгувчисан!”, дейишни истайман”, деди. 

Мен жим бўлиб қолдим, кўзим ёшга тўлди. Сўнгра унга:
— Онангга кўрсатган бу эҳтироминг учун Аллоҳ сенга ажру мукофотлар ато этсин! Бугунгидай ота-онага яхшилик қилишни кўрмаганман.
У эса жавоб берди:
— Мен бу ишимни (куни келиб) фарзандларим ҳам менга шундай муомала қилишлари умидила қилапман. Чунки биррул волидайн (албатта қайтадиган) қарздир".