Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Июн, 2025   |   24 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:50
Пешин
12:30
Аср
17:40
Шом
20:03
Хуфтон
21:41
Bismillah
20 Июн, 2025, 24 Зулҳижжа, 1446

Бухорода туризмни янада ривожлантириш концепцияси билан танишув

18.02.2018   6436   3 min.
Бухорода туризмни янада ривожлантириш концепцияси билан танишув
Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида вилоятда туризм соҳасини янада ривожлантириш концепцияси асосида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. 

Бухоро ўзининг бетакрор тарихий обидалари, осори-атиқалари, асрлар оша давом этиб келаётган миллий ҳунармандлик анъаналари билан юртимиз туристик жозибадорлигини оширишда улкан салоҳиятга эга. 

bd5a7f43-d3b8-022a-2fce-7ab245d85341.jpg
 
2018 йилда вилоятда туризмни янада ривожлантириш концепциясига мувофиқ 61 лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган. Жумладан, 32 меҳмонхона, 12 мотел, 10 истироҳат боғи барпо этилиб, “Бухоро Палас”, “Варахша” ва “Зарафшон” меҳмонхоналари реконструкция қилинади. Бундан ташқари, туризм бўйича халқаро ва миллий ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, ресторанлар қуриш, сайёҳларга хизмат кўрсатувчи транспорт воситалари харид қилиш, маданий мерос объектларини тадбиркорларга ижарага бериш, ҳаво шарида саёҳатни ташкил қилиш, Ғиждувон, Шофиркон, Вобкент ва Жондор туманларида қишлоқ туризмини йўлга қўйиш режалаштирилган. 

Ушбу лойиҳалар натижасида вилоятга келаётган хорижий ва маҳаллий сайёҳлар оқимини сезиларли даражада кўпайтиришга эришиш мумкин. Тармоқда хизматлар экспорти ҳажми ортиб, кўплаб янги иш ўринлари ташкил этилади. 

27e9f807-2c11-872a-7865-b7ae3ca8fc68.jpg
 
Давлатимиз раҳбари вилоятга ўтган йилги ташрифи чоғида Бухоро шаҳрининг сайёҳлик инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида унинг тарихий қисмида ҳунармандлар мавзеси қуриш, Ҳақиқат ва Хўжа Нуробод кўчаларини кенгайтириб сайлгоҳга айлантириш, Пойи Калон ва Мир Араб мадрасаларини қайта таъмирлаш бўйича топшириқлар берган эди. 

Шунга мувофиқ Ҳақиқат кўчаси кенгайтирилиб, 1,5 метр қалинликдаги тупроқ қатлами олиб ташланди, тарихий обидалар атрофи очилди. Йўл атрофида биринчи қаватида дўкон ва устахоналар бўлган, иккинчи қаватида ҳунармандлар оилалари яшайдиган уйлар қуришга киришилди. Натижада кўча шаҳарнинг тарихий қисмига монанд сайлгоҳга айланиб бормоқда. Вилоятга келаётган сайёҳлар бу ерга ҳам ташриф буюриб, уста-ҳунармандларнинг иш жараёни билан танишмоқда, ипак гиламлар, кашталар, зарбоф тўнлар, турли кийим-кечак, уй-рўзғор буюмлари, сувенирлар харид қилиб, Бухоронинг қадимий довруғини дунёга ёйишга муносиб ҳисса қўшмоқда. 

2018 йилда Пойи Калон мажмуасидаги тарихий обидаларни таъмирдан чиқариш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, Хўжа Нуробод кўчасида жойлашган Абдулазизхон ва Улуғбек мадрасаларида таъмирлаш ва тиклаш ишлари амалга оширилади. Арк қўрғони мажмуаси атрофи ободонлаштирилиб, унинг ичкарисидаги бино ва иншоотлар таъмирланади. Мир Араб мадрасаси биносини қуриш ва қайта тиклаш ишлари олиб борилади. Шу кўчада ҳунармандлар растаси қурилади. 

Шавкат Мирзиёев эски шаҳар қисмининг туризм инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари билан танишар экан, ушбу ҳудуд том маънода Бухоронинг юраги бўлиши кераклигини таъкидлади. 

Давлатимиз раҳбарига шаҳарнинг тарихий қисмидаги маданий мерос объектларини таъмирлаш ва тиклаш, улардан самарали фойдаланиш, тарихий обидаларни қамраб олган Бухоро шаҳар кичик ҳалқа йўли ҳамда пиёдалар йўлаклари қуриш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини рекострукция қилиш, "Ўзмиллийбанк” томонидан мамлакатимизда замонавий кинотеатрлар тармоғини барпо этиш лойиҳалари ҳақида маълумот берилди. 

Президент ҳар бир лойиҳа юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини берди. Мир Араб мадрасаси бино ва иншоотлари, туристларга хизмат кўрсатувчи автоуловлар, инфратузилма объектларини кўздан кечирди. 
 

Матназар Элмуродов, ЎзА
 
Манба: http://uza.uz
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Талабага хизмат - Аллоҳга ибодат қилиш

11.04.2025   11312   3 min.
Талабага хизмат - Аллоҳга ибодат қилиш

Илм йўлида юрганларга ёрдам – Қуръон ва суннат нурида

Илм – бу инсоният тараққиётининг асоси бўлиб, динимиз эса бу ҳақиқатни ҳар жиҳатдан юксак даражада таъкидлаб келади. Ислом дини илмни нафақат мақтайди, балки уни талаб қилишни ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга вожиб деб санайди. Айниқса, илм талаб қилаётган кишиларга ёрдам бериш, уларни қўллаб-қувватлаш, йўлларини очиш ва уларга енгиллик яратиш – бу фақат инсонийлик эмас, балки ибодатнинг ўзидир. Ушбу мақолада Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар ва уламолар ҳикматлари асосида бу мавзу чуқурроқ таҳлил қилинади.


Қуръони каримда илм аҳлига эҳтиром

“Агар ҳар бир жамоатдан бир гуруҳ чиқиб, динни ўрганиб келса ва ўз қавмларини огоҳлантирса, эҳтимолки, улар (гуноҳлардан) сақланурлар эди” (Тавба сураси, 122-оят).

Бу оят илм талаб қилишнинг ижтимоий ва диний масъулият эканлигини очиқ-ойдин ифодалайди. Динни чуқур тушунадиган кишилар жамиятнинг маънавий устунидир. Уларнинг тайёргарлиги учун шароит яратиш – бу жамоанинг иймонига далолатдир. Ҳар бир мусулмон илм аҳлини рағбатлантириши, моддий-маънавий ёрдам бериши бу оят асосида шаръий масъулият бўлиб қолади.

Айтинг: билганлар билан билмаганлар тенг бўлурми? Фақат ақл эгалари ибрат олурлар (Зумар сураси, 9-оят).

Аллоҳ таоло илм эгаларининг даражасини улуғлаб, уларни билмаганлардан ажратмоқда. Бу оят, илм эгасини қадрлашни, унга хизмат қилишни ва унга ёрдам кўрсатишни Аллоҳнинг марҳаматига яқинлаштирадиган амаллардан бири деб англашга ундайди.


Ҳадиси шарифлар: Илм йўлида юрганларга жаннат йўли очилади

“Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннат сари йўлни осон қилади” (Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадис илм йўлида юрган кишини қўллаб-қувватлаган ҳар бир инсонни жаннат йўлининг шерикларидан бири бўлиши мумкинлигини билдиради. Илм олувчига сув олиб бериш, китоб олиб бериш, йўл харажатига ёрдам бериш, ҳатто унга дуолар қилиш ҳам бу йўлга хизмат қилишдир.

Агар Аллоҳ бир кишига яхшиликни хоҳласа, уни динни тушунишга муваффақ қилади (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Бу ҳадисда Аллоҳнинг бир бандага берган энг катта неъматларидан бири – илмга рағбатдир. Шундай инсонларни қўллаб-қувватлаш, Аллоҳ иродасини бажараётгандай ажр олиб келади.

Талаба – Аллоҳнинг розилигини истаётган банда. Унга ёрдам – бу розилик сари қўл чўзишдир.


Уламолар ҳикматларида:

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: Илм талаб қилувчига хизмат қилиш Аллоҳга ибодат қилишдир”.

Бу сўзлар илмга хизмат қилишнинг даражасини аниқ белгилайди. Бу фақат одамга эмас, балки Аллоҳга қилинаётган хизмат сифатида баҳоланади.

Ибн Қаййим Жавзийя раҳимаҳуллоҳ: Илм эгаларини кўтариш, уларга йўл очиш – жамиятнинг юксалиши учун замин яратади”.

Илм аҳли ёрдам олмаса, жамият заифлашади. Уларнинг илм олишига, ривожланишига, хизмат қилишига ёрдам бериш жамиятнинг тараққиётига хизматдир.

Илм йўлида ҳаракат қилаётган кишилар – бу умматнинг келажак пойдеворидир. Уларга ёрдам бериш, уларга хизмат қилиш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш – Қуръон ва Суннат кўрсатмасидир. Ҳар биримиз бу йўлда ҳисса қўшсак, Аллоҳ ҳузурида ажру савоб оламиз ва охиратда илм билан дўстлашганлардан бўламиз, иншаАллоҳ.

Хулоса қилиб айтганда Илм эгасига берганинг – Аллоҳга берганингдир! бу сўзлар ҳар бир мусулмон қалбига ёзилиши керак.


Анвар ХУЖАХАНОВ,
Тошкент Ислом институти талабаси.