15 февраль куни Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур туманидаги хонадонда ёнғин содир бўлиши оқибатида ушбу хонадонда яшаб келган бир оиланинг етти нафар аъзоси ҳаётдан кўз юмгани ҳақиба хабар берилганди.
Маълум бўлишича, «Ҳилол» нашриётида бир неча йиллар давомида муҳаррир бўлиб ишлаган, «Тафсири Ҳилол», «Кифоя» каби асарларни таҳрир қилган Шаҳобиддин ҳожи Одиловнинг яқинлари ҳам ушбу фалокат туфайли ҳалок бўлган.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг ҳамдардликларини етказиш мақсадида, Диний идора масъуллари ушбу хонадонга бордилар.
Мусибатзада хонадан эгаларига чин кўнгилдан таъзия изҳор этиб, муфтий ҳазратларининг ҳамдардликлари етказилди. Бундай оғир синовларни чинакам мўминларга хос сабру матонат билан қарши олишларида Яратган Роббимиз мададкор бўлишини тиладилар.
Қуръони карим тиловат қилиниб, марҳумлар ҳаққига бағишланди.
Аллоҳ таоло ушбу марҳумларни Ўз раҳматига олиб, сабру жамил ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Савол: Аёл киши рукуда тиззасини букадими ёки эркаклар каби текис тутадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намоз ўқишда, аёллар билан эркакларнинг бир нечта фарқлари бўлиб, аёллар сатрлироқ ҳолда намоз ўқишга буюрилганлар. Рукуда ҳам шундай, яъни аёллар рукуда эркаклардан фарқли равишда, тиззаларини бироз букиб руку қиладилар.
Машҳур тобеий Ато ибн Абу Рабоҳ бундай деганлар:
تَجْتَمِعُ الْمَرْأَةُ إِذَا رَكَعَتْ تَرْفَعُ يَدَيْهَا إِلَى بَطْنِهَا وَتَجْتَمِعُ مَا اسْتَطَاعَت. مصنف عبدالرزاق
“Аёл киши руку қилганда, имкон қадар йиғилиброқ, икки қўлини қорнига яқинлаштириб туради” (“Мусаннафи Абдурраззоқ”).
“Фатавои Оламгирия”да бундай дейилган:
وَالْمَرْأَةُ تَنْحَنِي فِي الرُّكُوعِ يَسِيرًا وَلَا تَعْتَمِدُ وَلَا تُفَرِّجُ أَصَابِعَهَا وَلَكِنْ تَضُمُّ يَدَيْهَا وَتَضَعُ عَلَى رُكْبَتَيْهَا وَضْعًا وَتَحْنِي رُكْبَتَيْهَا وَلَا تُجَافِي عَضُدَيْهَا .كَذَا فِي الزَّاهِدِيِّ
“Аёл киши рукуда бироз эгилади, тиззаларига суянмайди, бармоқларини очмайди, балки қўлларини бирлаштириб, тиззаларига қўяди ва тиззаларини бироз букади ва билакаларини танасидан ажратмайди. “Зоҳидий”да шундай дейилган”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.