Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Феврал, 2025   |   8 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:08
Қуёш
07:28
Пешин
12:42
Аср
16:05
Шом
17:50
Хуфтон
19:05
Bismillah
07 Феврал, 2025, 8 Шаъбон, 1446

“Муаззинеки, ҳақ ибодатиға нидо қилғай, жон анга фидо!”

16.02.2018   4406   9 min.
“Муаззинеки, ҳақ ибодатиға нидо қилғай, жон анга фидо!”

Бугун “Ҳазрати Имом” жоме масжидида Олмазор тумани қориларининг қироатини тингладик. Ёш-ёш йигитлар, юзидан нур ёғилади. Бир қироат қилдиларки, кўнгиллар яйради. Уларни кўрган ҳар киши борки, фарзандларининг ҳам улардек хушовоз қорилар бўлишни орзу қилади. Қандай ажойиб ўғлонлар!..

Пешин намозига турганимизда, адашмасам, зийнат қори Муҳаммад Лойиқ Аминов азон чақирди. Муаззиннинг ушбу азондаги оҳанги шу вақтга қадар эшитган азонларимиз оҳангига унчалик ўхшамас эди. Лекин жуда ҳам гўзал. Шунақа услуб ҳам бор экан-да, деб қойил бўлдик.

Азоннинг киши табиатига кучли таъсир кўрсатишини барча бирдек эътироф қилади. Чунки у эриниб ўтирган кишини ғайратга ундайди, маст уйқуда ётган одамни уйғотади, намозига беэътибор кимсаларни хижолат қилади, даҳрийларнинг бошига тўқмоқдек тегади ва яна биз билмаган фазилатлар жуда ҳам кўп унинг.

Ана шу жиҳатларидан келиб чиқиб, мўмин-мусулмонларнинг ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган азоннинг тарихига бир кўз югуртириб чиқсак фойдадан холи бўлмайди, деган умиддамиз. Албатта. азоннинг тарихи обдон ўрганилса  катта китоб ҳам бўлади. Аммо биз иймонлашиш ниятида билганимизча сўз юритишни ният қилдик. 

Намозга қандай чақириш маслаҳати

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилиб Мадинага келганларида шаҳар аҳолиси у зотни катта хурсандчилик билан кутиб олди. Маккалик муҳожирлар ва мадиналик ансор Аллоҳ ризолиги йўлида дўсту биродар бўлди. Ансорлар муҳожирлардан молини ҳам, жонини ҳам аямади, қўлидан нима яхшилик келса ҳаммасини қилди. Маккада мушрикларнинг қаттиқ зулмидан эзилган муҳожирлар ана шу ерга келганидан кейин кун кўргандек бўлдилар.

Шу тариқа, бу муаззам шаҳарда Ислом дини кенг ёйилди. Мусулмонларнинг боши узра соя солиб турган хатарлар ортда қола бошлагач, уларга намоз, закот, рўза фарз қилинди, ҳад (жазо тури) жорий қилинди, ҳалол ва ҳаромнинг чегаралари белгилаб берилди.

Дастлабки кезларда мусулмон­лар намозга ҳеч қандай чақириқсиз тўпланиб келаверарди. Аммо бунда баъзилар намозга кечикиб қолмаслик учун вақтли келиб жуда кўп вақт сарфласа, баъзилар кечикиб қолар эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийлар ибодатларига чақирадигандек карнай чалдирмоқчи бўлдилар, сўнг бу фикрдан қайтдилар, сўнгра мусул­монларни чақириш учун занг чалмоқчи бўлдилар. 

Умар розияллоҳу анҳу ва Абдуллоҳ ибн Зайднинг туш кўргани

Ибн Ҳишомдан Атога ибн Журайж бундай дегани ривоят қилинади: «Убайд ибн Умайр ал-Лайсийдан шундай деганини эшит­дим: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар намозга занг чалиб чақиришга иттифоқ қилдилар. Шунга мувофиқ Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу занг учун иккита ёғоч сотиб олмоқчи бўлиб юрган кунларда бир кеча тушида намозга азон айтиш кераклиги ишора қилинади. Сўнг кўрган тушини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтмоқчи бўлиб борганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келиб бўлган ва Билол розияллоҳу анҳу азон айтаётган эди. Умар туши ҳақида хабар бергач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Ваҳий сендан илгарилаб кетди (ол­дин келди)», дедилар.

Ўша кунларнинг бирида Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Саълаба ибн Абду Раббиҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Бу кеча тушим­да олдимдан эгнига яшил кийим кийган, қўлида занг тутган бир киши ўтди. Мен ундан: «Эй Аллоҳнинг бандаси! Бу зангни сотмайсанми?» деб сўрадим. У: «Буни нима қиласан?» деди. Мен: «Бу билан намозга чақирамиз», дедим. У: «Сенга бундан ҳам яхшироқ нарсани ўргатайми?» деди. Мен: «У нима экан?» дедим. У: «Сен бундай дегин: Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ! Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ! Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ! Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ! Ҳайя ала-с-солаҳ! Ҳайя ала-с-солаҳ! Ҳайя ала-л-фалаҳ! Ҳайя ала-л-фалаҳ! Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ла илаҳа иллаллоҳ! деб ўргатди», деди. 

Азонни биринчи бўлиб Билол розияллоҳу анҳу чақирган

Абдуллоҳ ибн Зайд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб бергач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ хоҳласа, бу рост туш. Боргин-да, уни Билолга ўргат ва у азон айтсин. Чунки унинг овози сеникидан баландроқ», дедилар. Билол азон айтгач, уйида ўтирган Умар буни эшитди ва дарҳол тўнини су­драганча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: «Эй Аллоҳниг Пайғамбари! Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, худди шу нар­сани мен ҳам тушимда кўрдим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга ҳамд бўлсин!» дедилар. 

Муаззинларнинг даражаси

Муаззинларнинг мартабаси қанчалик бўлиши ҳақида кўп ҳадислар ривоят қилинган. Аммо гапимиз чўзилиб кетмаслиги учун Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган мана бу ҳадис билан кифояланамиз. “Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни муаззинлар энг бўйи узун кишилар бўлади (яъни даражалари баланд кишилар бўлишади)», дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Муаззиннинг қанчалик маҳорат ила ёқимли овозда азон чақириши инсонларнинг кайфиятига ҳам жиддий таъсир кўрсатади. Чиройли чақирилган азон одамларни қанчалик хурсанд қилса, ўрнига келтирмасдан азон чақирган киши уларни ранжитади.

Мўътабар манбаларнинг бирида ўқиган эдим. Бир замонлар қайсидир қишлоқда бир муаззин бўлган экан. У шунчалар бемаза овозда азон чақирар эканки, одамлар қанийди азонни шу одам чақирмаса деб орзу қилар экан. Қишлоқнинг донишманди унинг азон чақиришидан қутулишнинг чорасини топибди. У айтган фикрга барча рози бўлибди. Муаззинга агар бошқа қишлоққа кўчиб кетсанг, сенга бутун қишлоқ халқи бир динордан берамиз, дейишибди. У таклифга жон деб рози бўлибди. Уйини сотиб қишлоқ аҳолиси йиғиб берган пулни чўнтакка жойлаб бошқа қишлоққа кўчиб кетибди. У одам кўчиб борган қишлоғида ҳам азон чақирибди. Кейин орадан уч-тўрт кун ўтиб қишлоғига келиб ўша донишмандга учраб: “У қишлоқнинг одамлари агар бошқа жойга кўчиб кетсанг, икки динордан йиғиб берамиз, деяпти, нима қилсам экан?” деб маслаҳат сўрабди. Донишманд унга: “Кўнма, улар икки баробардан ҳам кўп беради”, дебди.

Ҳазрат Навоий ҳам “Маҳбуб ул-қулуб” асарида хушовоз муаззинларни ва уларнинг акси бўлган азончиларни қуйидагича таърифлаган:

“Муқрийлар зикрида

Муаззинеки, ҳақ ибодатиға нидо қилғай, жон анга фидо, агар яхши васт бирла адо қилғай. Агар поклик ва ниёз бу ишга мулҳақдур, ому хос кўнглига мақбули мутлақдур. Бу нидо ёмонларни фисқ кунжидин масжид сори бошқарур андоқки, фусунгар йилонни тарона била тешукдин чиқарур. Агар муқрий лаванддур, бад овози кулғудидур, лаҳни носоз, бадани вузуъ қайдидин нопок ва хуш вақт риоятидин бебок. Руҳи тоат завқидин бехабар ва уни савт ул-ҳамирдин анкар. Манъ ва наҳй туфроғин оғзиға урмоқ авло, балки тоқ минордан учурмоқ авло.

Рубоий:

Муқрийки, эрур покрў ва зоҳидваш,

Алхони хуш ва ҳусни адоси дилкаш.

Жон анга фидоки, руҳ этар андин ғаш,

Агар бўлса мунинг акси нафас урмаса хаш”. 

Азоннинг чақирилиши дақиқалар орасида ҳам узилмайди

Бирлашган Араб Амирликлари олимлари Ер шарида бир кеча-кундузда бир дақиқа ҳам азон овози тинмай янграшини илмий асосда исботлашди. Математик олим Ал-Фадил бундай дейди: "Сайёрамиз 360 вақтлик меридианга эга. Бир меридиандан иккинчи меридиан вақти 4 дақиқа фарқ қилади. азон айтилиши қоидасига кўра, тўғри айтилган азон учун ҳам 4 дақиқа вақт сарфланади. Шунга кўра, бир меридианда азон айтиб тугатилиши билан кейинги меридианда азон айтиш бошланади. Шу тариқа азон Ер юзида 1440 дақиқа ёки 24 соат айтилиши давом этади.

Таклиф

Яратганга шукр юртимизда Қуръон мусобақаси чиройли тарзда ўтяпти. Ушбу мусобақа якунига етганидан сўнг муаззинлар мусобақаси ўтказилса бўлмасмикан. Сиз нима дейсиз?

Дамин ЖУМАҚУЛ

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Бугунги кунда қандай муаммоларга учраяпмиз?

7.02.2025   969   5 min.
Бугунги кунда қандай муаммоларга учраяпмиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугунги кунда учраётган муаммоларимиз нималардан иборат эканига эътибор берайлик. Ислом инсонларнинг турмуш тарзига, ҳаётига, риоя қилиб яшайдиган дастурига айланиши учун нима қилиш керак? Исломий илмларни қандай қилиб ёйиш ҳақида ўйлаш керак, бунинг учун мумкин бўлган ҳамма имкониятни, воситаларни ишга солиш керак. Хўш, ҳозирги кунда Қуръон илмларини, тажвид илмларини оммага ёя оляпмизми?

Ҳа, алҳамдулиллаҳ. Биз бундан хурсандмиз, булар энг яхши, энг гўзал илмлар. Лекин ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарзи айн бўлган илми ҳолни ҳам ёйишимиз шарт. Афсуски, бугунги кунда ундан анча узоқлашиб қолдик. Бундан бошқа илмларни билиш суннат, мустаҳаб ҳисобланади, яъни фарз эмас. Масалан, Урдунда ким динга амал қилмоқчи бўлса, бориб, тажвид ўрганади. Тажвидни ўргатадиган минглаб марказлар бор. Тўрт минг-беш минг атрофида. Лекин фиқҳни ўргатадиган марказлар деярли йўқ. Ҳолбуки, барча мазҳабларнинг иттифоқига кўра, тажвид илмини пухта эгаллаш фарз эмас, суннат, мустаҳаб амал саналади.

Мусулмонлар дуч келаётган муаммо айнан шунда: тўғри қироат қилиш учун тажвид илмларини ўрганади, лекин таҳорат, намоз, рўза фиқҳи, эр-хотинлик муносабатлари фиқҳи, савдо-сотиқ фиқҳи каби илмларни ўрганмайди, чунки энг муҳим илмларни, фарзи айннинг аҳамиятини унутиб қўйяпмиз. Мусулмонларнинг бугунги аҳволга тушиб қолишига сабаб Ислом илмларини, биз юқорида айтиб ўтган илми ҳолни ўрганмай қўйишларидир. Аҳволни ислоҳ қилиш учун бунга катта эътибор беришимиз, бу илмни мусулмонлар орасида ёйишимиз, уларнинг савиясини кўтаришимиз, бунинг учун қилинадиган ишларни чуқур ўйлашимиз керак.

«Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ фақатгина далилдан келиб чиқиб гапирганларига аниқ ишонамиз», деймиз. Ҳолбуки, мазҳабда у кишининг барча фикрларига ҳам суянавермаймиз. Бунинг сабаби нимада?

Бу саволга жавоб шундай: Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ фақат ва фақат далилдан келиб чиқиб гапирганлар. Агар бирор масалада далилсиз гапириб юборганларида, фосиқ бўлиб қолардилар. Лекин нима учун биз у кишининг кўплаб қавлларини қабул қилмаганмиз? Агар кимдир: «Абу Ҳанифанинг барча сўзлари далилларга суянган, деяпсизлар, унда нега «Абу Ҳанифанинг 100 дан 50 фоиз сўзларини қабул қилмаганмиз», дейсизлар?» деса, бу чигалликка шундай жавоб берамиз: «Аввало, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг бирорта сўзини олмасак, бундан у кишида бу масалада далил бўлмаган, деган гап келиб чиқмайди. Бир масалага фиқҳий ҳукм беришда иккита босқич бўлади: танзир ва татбиқ босқичлари. Танзир – масаланинг назарий жиҳати бўлса, татбиқ уни амалда қўллаш демакдир.

Танзир босқичи шариатда бир масалага ҳукм бериш фақат ва фақат мутлақ ижтиҳод даражасига етган, ўзида мутлақ мужтаҳиднинг барча шартларини мужассам этган, мутлақ мужтаҳиднинг усулларини, яъни ҳукм олиш қоидаларини тўлиқ эгаллаган зотдангина қабул қилинади. Кимки бу шартларни тўла қамраб олмаган, ижтиҳод даражасига етмаган бўлса, унинг гапи эътиборга олинмайди. Шунинг учун ҳозирги кунда замондош одамларнинг Қуръон ва Суннатдан янги ҳукм истинбот қилишга тааллуқли гаплари умуман қийматга эга эмас, чунки улардан бирортаси мутлақ ижтиҳод даражасига чиқа олмаган.

Бу гап менинг даъвоим эмас! Умматнинг тарихига қарасак, биринчи, иккинчи ва учинчи асрларда сон-саноқсиз мутлақ мужтаҳидлар бўлган. Лекин уммат улардан тўрттасининг сўзини олиб, бошқалариникини қабул қилмаган. Албатта, бу умумий гап, тафсилотини кейинроқ айтиб ўтамиз.

Уммат мазкур кўплаб мутлақ мужтаҳидлар орасидан маълум зотларнинг сўзини қабул қилган. Юқорида таъкидлаганимиздек, умумий қилиб айтганда, улар тўрт киши. Уларнинг усуллари, яъни далил олиш қоидалари бошқаларникидан устунроқ, кучлироқ бўлган, улар энг олий ижтиҳод даражасида бўлишган. Уларнинг замонидаги бошқа мужтаҳидларнинг ижтиҳоди уларникидан қуйироқ бўлгани учун уммат уларни қабул қилмаган. Ушбу тўрт имомдан кейин, уламолар айтганидек, имом Табарий роҳимаҳуллоҳдан бошқа ҳеч ким мутлақ ижтиҳодни даъво қилмаган. Аммо Табарийнинг бу даъвосига ҳам рози бўлинмаган, яъни мутлақ мужтаҳидлик даъвоси рад этилган. Буни имом Лакнавий роҳимаҳуллоҳ айтганлар.

Демак, уламолардан фақат имом Табарийгина буни даъво қилганлар. Тўртинчи, бешинчи, олтинчи, еттинчи, саккизинчи асрларда бошқа даъвогарлар йўқ. Тўғри, қишлоқларда, тоғу тошларда туриб, илмсиз бўлса ҳам, нималарнидир даъво қиладиганлар топилган, лекин уларга ҳеч ким эътибор бермаган, сўзини қабул қилмаган. Шундай қилиб, мазкур тўрт мазҳабдан бошқа эътироф қилинадиган, мазҳаб сифатида танилган, амал қилиб келинаётган ва ҳукми юритиладиган мазҳаб йўқ.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Мақолалар