Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Июн, 2025   |   20 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:39
Шом
20:01
Хуфтон
21:40
Bismillah
16 Июн, 2025, 20 Зулҳижжа, 1446

“Жаннат райҳонлари”ни пулга сотганлар

14.02.2018   9299   5 min.
“Жаннат райҳонлари”ни пулга сотганлар

“Дарҳақиқат, сизлар (фарзандлар) жаннат райҳонларисиз”

(Умар ибн Абдулазиз ривояти). 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ақроъ ибн Ҳорис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолди. У зот (невараси) Ҳасан ёки Ҳусайнни ўпаётган эдилар. Ақроъ “Менинг ўн нафар фарзандим бор улардан бирортасини ўпмаганман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким раҳм қилмаса, раҳм қилинмайди”, дедилар”.

Аллоҳ таоло ато этган неъматларнинг ичида бири борки, у бўлмаса, инсоннинг, хоссатан, болажон ўзбек халқининг уйида қувонч бўлмайди. У – фарзанд неъматидир. Ана шу неъмат халқ ифодасида “Болали уй бозор – боласиз уй мозор”, деб таърифланади.

Бироқ Аллоҳ таоло ушбу неъматни ҳаммага ҳам ато қилавермайди. Баъзиларни кўп йиллар кутдириб кўз ёшларини қонга айлантириб, ана ундан кейин беради. Баъзиларни эса буткул “тирноқ”қа зор қилиб қўяди. Бошқалари эса шундай буюк неъматнинг қадрига етмайди.

Куни кеча daryo.uz сайтида уч нафар аёл 20 кунлик чақалоқни сотмоқчи бўлаётганда қўлга олингани ҳақида хабар берилди. Ундан бир оз олдин турли сайтларда янги туғилган чақалоғини сотмоқчи бўлган ота-она қамалгани, 24 ёшли она 4 ёшли, 23 ёшли она 3 ёшли қизчасини, яна бир эри ташлаб кетган 30 ёшли аёл бир неча ойлик чақалоғини “боқа олмайман” деб сотмоқчи бўлгани ва 16 ёшли ўзи ҳали гўдак бўлган она ҳам ўз фарзандини сотишга уринган вақтда қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.

Аслида одам савдоси ҳамма замонларда энг ўткир муаммолардан бири бўлиб келган. Бироқ бу иллат бизнинг ўзи емай боласига едирган, ўзи киймай боласига кийдирган болажон халқимизда ҳеч қачон бўлмаган. Аксинча, халқимиз оғир даврларда ҳам бошқа миллатларнинг 400 мингдан ортиқ фарзандини бағрига олиб, меҳрини бериб катта қилган. Ҳозир эса баъзиларга ўзи дунёга келтирган фарзанди ҳам ортиқчалик қилаётганга ўхшайди. Нима халқимиз ўша вақтларда Аллоҳ таолонинг “Розиқ” – “Ризқ берувчи” сифатига ишонган-у, биз моддиятга шу қадар берилиб кетганимиздан ишонмай қўйдикми?

Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 151-оятида: “Келинг, Раббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб бераман: “Унга ҳеч нарсани ширк келтирманг! Ота-онангизга яхшилик қилинг. Очликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз... Фаҳш – бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг... “Ушбуларни сизга амр қилдикки, шояд ақл юритсангиз”,  деб айт”, дея марҳамат қилади.

Дарҳақиқат, жоҳилият даврида одамлар фарзандларини “боқа олмайман” деб ўлдириб юборар эди. Энди эса маърифат-маданият чўққисига чиққан даврга келиб ўша баҳона билан сотишга ўтиб олишдими?! Ахир Аллоҳ таоло “уларни ҳам ризқини Ўзимиз берамиз” демоқда-ку! Бу ҳодисалар одамларимизнинг асл миллийлигидан нақадар узоқлашгани ва уларнинг диний саводи устида ҳали кўп меҳнат қилишимиз кераклигидан далолат беради.

Бунинг яна бир сабаби эса ўйламасдан зинога қўл уриб, ҳомиладор бўлиб қолишдир. Сўнг улар бу шармандаликни беркитиш учун фарзандини ё кўчага ташлаб кетиш ёки сотиб юбориб, ундан қутулишгача етиб боради. Аллоҳ таоло юқоридаги оятда “Фаҳш – бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг”, деб уларнинг ёмон оқибатидан огоҳлантирмоқда.

Номусини бой берган аёлнинг жамиятда ҳеч қандай қадр қиймати қолмагани каби фарзандини сотган аёлнинг ҳам  бағрида бир ўпирилиш бўлади ва уни у кейин юзта эрга тегиб чиқса ҳам, мингта бола туғса ҳам тўлдира олмайди – бағри бўм-бўш бўлиб тураверади.

Фиқҳий китобларнинг “Савдо-сотиқ” бобида шундай масала келади: “Ҳур – озод инсонни сотиш қатъиян мумкин эмас. Чунки инсон сотиладиган нарса эмас. Озод инсоннинг устидан эгалик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Зеро, Аллоҳ таоло Исро сурасининг 70-оятида: “Батаҳқиқ, Биз бани одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик”, деб марҳамат қилади. Бирор киши шундай савдо қилса ҳам, унинг савдоси ботил бўлади”, деб айтилади.

Ислом дини ҳур одамнинг савдосини бирор ҳолатни мустасно қилмасдан мутлақо ҳаром қилган. Зеро, Аллоҳ таоло азизу мукаррам қилиб қўйган инсонни хор қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу ишлар эса гуноҳи азимдир. Ҳар бир иш учун эртага жавоб берилади. У кунда эса “Ким раҳм қилмаган бўлса, раҳм қилинмайди”. Аллоҳ таолодан уларга тавфиқ беришини сўраймиз.

ЎМИ матбуот хизмати

 

 

 

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Кийим ўғирлаган тош

13.06.2025   7345   1 min.
Кийим ўғирлаган тош

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ ﷺ айтдилар:

"Албатта, Мусо (алайҳиссалом) ниҳоятда кучли ҳаё эгаси бўлиб, баданини доимо ёпиб юрадиган киши эди. У ҳаё қилгани учун ўз танасидан бирор жойини очиб юрмас эди. Бану Исроил орасида баъзи кимсалар уни камситиб: ‘У доимо ўз танасини яширади, бу – унинг бадани нуқсонли бўлгани учун шундай қилар. Балки у абрас (пес), ёки мояксиз (одар), ёки яна бирор балога учраганидандиръ, дейишди.

Аллоҳ таоло эса уларнинг бу гап-сўзларидан Мусони поклашни ирода қилди.

Бир куни Мусо алайҳиссалом чўмилгани борди. Кийимларини тош устига қўйиб, чўмилишга киришди. Сувдан чиқиб, кийимларини олиш учун тош олдига қайтганида, тош унинг кийимларини олиб қочди.

Мусо алайҳиссалом ҳассасини олди-да, тош ортидан қувди ва: "Эй тош, кийимимни қайтар! Эй тош, кийимимни қайтар!", дер эди.

У шу ҳолатда Бану Исроилнинг бир гуруҳига дуч келди. Улар Мусони кийимсиз ҳолда кўришди – Аллоҳ яратганлар ичида энг чиройли, энг соғлом бадан эгаси эканига гувоҳ бўлишди.

Аллоҳ таоло Мусони уларнинг гап-сўзларидан поклаб қўйди.

Тош тўхташи билан Мусо алайҳиссалом кийимларини олиб кийди-да, асоси билан тошни ура бошлади.

Пайғамбаримиз ﷺ айтдилар: "Аллоҳга қасамки, Мусо урган тошда уч, тўрт ёки бешта из қолди (яъни, урилган зарбалар изи қолди)."

Бу борада Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай деди: "Эй мўминлар! Мусога озор берганлар каби бўлманглар. Бас, Аллоҳ уни айбларидан поклади. Ва у Аллоҳнинг ҳузурида обрўли зот эди" (Аҳзоб сураси, 69-оят).