Азиз Қуръон мухлислари бугун, 1 февраль куни Андижон вилоятининг бир неча туманларида Қуръон мусобақасининг ҳудудий босқичларига оқ фотиҳа берилади. Ушбу вилоятдаги мусобақалар жуда ҳам ўзгача файзу тароватда бўлиб ўтиши кутилмоқда. Сабаби юртимиздаги энг машҳур қорилар айнан Андижон заминидан етишиб чиққан. Қуръон мусобақасини безаб турган Ҳасанхон қори, Исмоил қори, Абдулбосит қори, Аваз қори ва Муҳиддин қори каби зийнат қорилар мана шу ўлка фарзандларидир.
Қуръон мусобақаси сабаб элимиз қалбига нур кириб келди. Зеро, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “... Биз Қуръонни шундай нур қилдикки, у билан бандаларимиздан Биз хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилурмиз...» (Шўро сураси, 52-оятидан).
Шубҳасиз, Қуръон сабаб кишиларимиз ҳидоят топмоқда. Барча ҳолатларимизда ҳожатбароримиз бўлган Аллоҳ таоло Қуръон ила бизни тўғри йўлга бошламоқда. Мана шу сабабидан юртимизга Аллоҳнинг раҳмати ва нури ёғилмоқда, десак сира муболаға бўлмайди.
Азиз Қуръон мухлислари, бугун сизлар билан Андижонда бўлиб ўтадиган мусобақаларни бирга-бирга кузатиб борамиз. Нафақат водийда балки бутун Ўзбекистонда қорилар тайёрлашда етакчилик қиладиган Андижон вилоятида жуда ҳам кўп қори ва қориялар рўйхатдан ўтганки, уларнинг сони илк йилдаёқ 1182 нафарни ташкил этди. Шунингдек, айни дақиқадарда вилоятда мусобақага жуда ҳам катта тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилмоқда.
Муҳтарам Қуръон ихлосмандлари, бугун Андижон шаҳридаги “Андижон” тўйхонаси, Андижон вилоят вакиллиги биноси, Олтинкўл тумани “Олтинкўл” жоме масжиди, Избосган тумани “Аҳмадали ҳожи” жоме масжиди, Асака тумани “Холид ибн Валид” жоме масжиди, Шаҳрихон тумани “Намозгоҳ” жоме масжиди, Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди, Қўрғонтепа тумани “Рамазон қори” жоме масжидида мусобақанинг ҳудудий босқичлари бошланади. Вилоятдаги мусобақа жадвали илова қилинади.
Қуръонга муҳаббатли инсонларни мана шундай шукуҳли лаҳзаларни жонли кузатиб боришга чақирамиз, бизни кузатишда давом этинг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
#Хатмона_2025 #Битирувчилар
Шу йил 11 июнь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2021-2025 ўқув йилида таълим олган талабаларининг “Хатмона – 2025” битирув тадбири бўлиб ўтди.
Давлат мадҳияси янграгач, битирувчи курс талабаси Саидбурхон қори Фазлиддиновнинг Қуръон тиловати ва хайрли дуолари билан тадбир бошланди.
Дастлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков сўзга чиқиб битирувчиларни табриклади. Сўнг Диний идора раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг битирувчиларга йўллаган табрикларини ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов битирувчиларни табриклаб сўзга чиқди.
Шунингдек, Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуровнинг битирувчиларга табрик сўзлари ҳам етказилди.
Маълумот ўрнида, Тошкент ислом институтини 2024-2025 ўқув йилида 78 нафар талаба тамомламоқда. Шундан 8 нафари аёл-қизлар саналади.
Oliymahad.uz