Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки:
“Мўмин барча инсонларнинг ишончли кишисидир”.
“Мўмин мўминнинг кўзгусидир. Ва мўмин мўминни орқасидан ҳам ҳимоя қиладиган ва уни қўллаб қувватлайдиган биродаридир”.
“Мўминлар бир-бирига ёпишган иморат кабидир”.
“Мўмин киши дўст бўлади ва дўст тутилади. Дўстлаша олмайдиган ва дўст тутилмайдиган кишида хайр-яхшилик йўқдир. Инсонларнинг хайрлиси инсонларга фойдаси тегадиганидир”.
“Мўмин киши ғайратли-рашкли бўлади. Аллоҳ таоло эса энг ғайратли- рашклидир”.
“Мўмин киши жуда заковатли, қобилиятли, зийрак ва ҳушёрдир”.
“Мўмин гуноҳига тавба қилгувчидир”.
“Мўмин банда икки хавф ўртасидадир. Биринчиси: ўтган гуноҳларидан қўрқадики, уларни Аллоҳ нима қилганини билмайди. Иккинчиси: умрининг қолган қисмида бошига нима ҳалокатлар келишини билмайди”.
“Мўминнинг елкаси юмшоқ бўлади, биродарига кенглик қилади, мунофиқ эса тўнгдир, биродарига танглик қилади. Мўмин аввал салом беради, мунофиқ эса менга салом берсин деб тураверади”.
“Ҳақиқий мўмин бировга оғирлиги тушмайдиган кишидир”.
“Инсонлар моллари ва жонларини ишониб топширадиган киши ҳақиқий мўминдир”.
“Инсонларга аралашиб юрадиган ва уларнинг азиятларига сабр қиладиган мўмин киши, одамларга аралашмайдиган ва уларнинг азиятларига сабр қилмайдиган мўмин кишидан афзалроқдир”.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Шу йил 3 март куни Рамазон ойи муносабати билан Наманган шаҳридаги "Роял" тантаналар мажмуасида ифторлик дастурхони ташкил қилинди.
Муҳтарам Президентимизнинг "Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида"ги қарорига биноан бу йилги қутлуғ ой "Рамазон - саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи" шиори остида ўтказилмоқда.
Наманган вилояти бош имом-хатиби Мусохон домла Аббасиддинов, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Наманган вилоят бошқармаси ҳамда Вақф хайрия жамоат фонди Наманган вилоят филиали раҳбарлари бошчилигида Наманган шаҳри, Янги Наманган ва Давлатобод туманларида истиқомат қилувчи ногирон, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқоролар ва бошқа конфессия вакилларига мурувват кўрсатилиб ифторлик дастурхони ёзилди.
Дуога қўл очган фуқароларимиз юртга тинчлик-омонлик сўрадилар, бундай ҳур, эмин-эркин замоннинг қадрига етиш, шукрона келтириш лозимлигини таъкидладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати