Адлия тизимида ишлайдиган шахсларнинг шиори идоранинг номидан келиб чиққан ҳолда адолат бўлмоғи кераклигини катта-ю кичик, ҳамма билади. Аммо халқимиз ушбу идорада ишлайдиган кишиларнинг адолатли инсонлар эканига шубҳаланиб қарайди. Ана шубҳалар вазирлик ўтказган махфий тадбирда ўз исботини топди.
ЎзА ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, фуқароларга давлат хизматлари кўрсатувчи ходимларининг ўз ишига қанчалик ҳалол ва виждонан ёндашаётганини аниқлаш мақсадида Адлия вазирлигида мунтазам равишда “сирли мижоз” тадбирини ўтказиш йўлга қўйилган.
Бу ҳақда адлия идораларининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида Адлия вазири Русланбек Давлетов маълум қилди.
Бунда вазирлик ходими нотариус, ФҲДЁ идораси ёки давлат хизматлари кўрсатиш марказига мижоз сифатида боради. Улардан бирор хизмат кўрсатишни сўрайди. Бундан бехабар ходим эса...
“Сирли мижоз” Янгийўл тумани давлат хизматлари кўрсатиш марказига янги корхона ташкил этиш истагида борган. Масъул ходим эса мижоздан 400 минг сўм тамаъ қилган.
Урганч тумани давлат хизматлари кўрсатиш марказига хорижий корхона очиш истагида борган “сирли мижоз” қўлига ўз кучини йўқотган ҳукумат қарори тутқазилган.
Ана шундай хуфёна ўрганиш натижасида қўпол қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйган 17 ходим ишдан бўшатилган.
Мажлисда бундай ҳолатларга барҳам бериш борасида барча имкониятлар ишга солиниши қайд этилди.
Вазирлик “сирли мижоз” тадбирини ҳудудий адлия органларига ҳам ўтказишни топширган. Бироқ жойларда бунга “сен менга тегма, мен сенга тегмайман”, қабилида панжа ортидан қаралган.
Мажлисда Қорақалпоғистон республикаси адлия вазиридан бу борада қандай иш қилингани сўралганда жавоб бера олмади. Унга биринчи чорак якунигача юзта “сирли мижоз” тадбири ўтказиш топшириғи берилди. Бухоро, Сурхондарё адлия бошқармаларида йўл қўйилаётган камчиликлар ҳам танқид қилинди.
ФҲДЁ органлари фаолиятига танқидий баҳо берилди. Бу борада 232 орган аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Лекин улар олдига қўйилаётган энг долзарб вазифаларга совуққонлик билан қараётир.
Президентимиз топшириғи асосида тўй маросимларини ихчамлаштиришга қаратилган “Бекобод намунаси” ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди. Лекин бундан шу ишни бевосита амалга оширишга масъул бўлган жойлардаги адлия ходимлариинг ҳали хабари йўқ. Масалан, Хоразм вилояти адлия бошқармаси бошлиғидан бу ҳақда сўралганда у сукут сақлаган.
Ҳозирда 58 миллион далолатнома ёзуви мавжуд бўлиб, уларнинг электрон архиви яратилмоқда. Бу фуқароларга яратилаётан катта қулайлик бўлиб, зарур ҳужжатни тез ва осон топиш имкониятини яратади.
Бу борада Тошкент шаҳрида самарали иш олиб борилмоқда. Бироқ жойлардаги 75 ФҲДЁ органи тизим бўйича умуман иш олиб бормаган. Шунинг учун мажлисда ишни жадаллаштириш учун ҳар бир органга электрон архивга маълумот киритиш бўйича қатъий юклама қўйилиши айтилди.
Мажлисда бундан буён тизимнинг ҳар бир соҳаси бўйича қаттиқ назорат ўрнатилиши маълум қилинди. Бундан ўз вақтида хулоса чиқарган ходимларгина тизимда ишлашда давом этиши таъкидланди.
Қабулига келган одамнинг қўлига қараш, уларнинг осон битадиган ишларини тамагирликни қасд қилиб атайлаб қийин қилиб кўрсатиш, хизмат вазифасини суиистеъмол қилиб пора талаб қилиш давлатимиз қонунларига кўра – жиноят, миллатимиз фитратига кўра – хиёнат, динимиз таълимотига кўра – гуноҳи кабирадир.
Аёнки, бошига бирор мушкул иш тушмаган бировдан жабр кўрмаган ёки бошқа муаммоси бўлмаган киши адлия идораларига келмайди. Ташвишдан ёрдам сўраб келган одамдан бир нарса тамаъ қилиш унинг ишини янада оғирлаштириш демакдир. Шундан сақланишни амр этиб, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُوا بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُوا فَرِيقًا مِنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالْإِثْمِ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ
Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз! (Бақара сураси,188-оят).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам дўзахдадир”, деганлар (Табароний ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифдан аён бўладики, давлат идорасига порахўрликни касб қилиб, шундан бой-бадавлат яшашни ният қилиб ишга кирган киши ўзи билан бирга ҳузурига ёрдам сўраб келган кишини ҳам дўзахга етаклар экан. Чунки ишини битириб бермай ойлаб судраб юравергандан кейин одам мажбур бўлади-да, унинг сўраганини беришга. Шу билан у бечора ҳам бу дунёда, ҳам у дунёда зарар кўрувчи бўлиб қолади. Энг ёмони, халқнинг давлат идораларига бўлган ишончи буткул йўқолади. Адлия вазирлиги тизимида олиб борилаётган ислоҳтлардан вазирлик раҳбарияти айнан мана шу ёмон иллатларнинг олдини олиш бўйича қатъий қарор қабул қилганлари билимоқда.
ЎМИ матбуот хизмати
#xabar #haj2025
Макка шаҳрида зиёратчилар жойлашган меҳмонхоналарда маърифий суҳбатлар ўтказилиб, улуғ ибодат аҳкомлари ва ҳожилик одоблари ҳақида мавъизалар қилинмоқда. Юртимизда кейинги йилларда ҳаж ва умра сафарларини юқори даражада ташкил этилаётгани, юртдошларимизга ушбу ибодатларини чиройли адо этишлари учун ҳар томонлама қулайлик ва шароитлар ҳозирлашга катта эътибор қаратилаётгани таъкидланмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов, Қуръон ва тажвид бўлими мудири шайх Алижон қори Файзулла Махдум ўғли, Фатво маркази директори ўринбосари Ғуломжон домла Холбоев, Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов, Тошкент шаҳар вакили ўринбосари Абдуллоҳ домла Йўлдошев, “Абу Ҳанифа” жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммадамин домла Алихонов, “Эшон Бобохон” жоме масжиди имом-хатиби Таваккал домла Кенжаев, Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Муҳаммадбобур домла Йўлдошев каби уламолар ҳожиларга суҳбатлар қилиб беришмоқда.
Учрашувларда табаррук шаҳарлар қадр-қиммати, бу ерларда зиёрат ва ибодат қилиш улкан саодат экани, бу улуғ жойларда Расул алайҳиссалом юрганлари, Ислом тарихидаги муҳим воқеалар содир бўлгани, ҳаж улуғ ибодатлиги, бундай шарафга етказгани учун Аллоҳ таолога шукроналар айтиш, ҳар бир зиёратчи ҳақиқий ҳожилик мақомига етишиш йўлида юксак ихлос, гўзал одоб билан ҳаракат қилиш тавсия этилмоқда.
Шунингдек, маърифий суҳбатлар чoғидa, аввало, ниятни тўғри қилиш, дoимo Аллоҳ таолонинг зикpи билан банд бўлиш, иcтиғфоp, дyoлар ва Қypъoни кapимни тилoвaтини кўпайтириш, тилни бeҳyдa cўзлapдaн тийилиш, қўлидaн кeлгaничa oдaмлapгa яxшилик қилиш, қaлбни мaшғyл қилувчи нарсалардaн xoли бўлиш, ўзини камтар тyтиш, зeбy зийнaтгa эътибop беpмacлик сингари ҳаж одобларига амал қилиш ҳажнинг мабрур бўлишига сабаб бўлиши ҳақида шаръий далил ва ҳаётий мисоллар асосида эслатиб ўтилмоқда.
Суҳбатлар ниҳоясида зиёратчилар билан ҳаж ибодатига доир савол-жавоблар ҳам бўлмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати