саҳобалар ҳаёти
Асли Бани Маън қабиласидан бўлган Суъда бинти Саълаба саккиз ёшли ўғли билан она қишлоғига яқинларини зиёрат қилиш учун отланди. Карвонга қароқчиларнинг тўсатдан ҳужум қилиши мумкинлиги қариндошларини кўриш илинжида хурсанд кетаётган Суъданинг хаёлига ҳам келмаган эди...
Бани Қайн қабиласидан бўлган қароқчилар карвондагиларни талади. Кўпчилик қатори Суъданинг саккиз ёшли ўғли Зайд ибн Ҳорисани ҳам асир олиб, Уккоз бозорига олиб кетишди.
Қурайш қабиласидан бўлган Ҳаким ибн Ҳизом ибн Хувайлид ҳам шу бозорга борган эди. Унинг карвонига Зайд билан яна икки-уч нафар бола қўшилиб Маккага қайтишди.
Маккада Ҳаким ибн Ҳизом ўзини зиёрат қилиш учун келган аммаси, турмушга чиқиш арафасида турган Хадича бинти Хувайлидни (розийаллоҳу анҳу) хурсанд қилмоқчи бўлди: “Аммажон! Сизни жуда яхши кўраман. Уккоздан икки-уч ғулом олдим. Улардан хоҳлаганингизни олинг, ўғлингиз каби хизматингизни қилиб юрсин”, деди.
Хадича бинти Хувайлиднинг кўзига Зайд яхши кўринди. Фарзандидек тарбия қилишни ўйлаб, уни олишларини айтдилар.
Кўп ўтмай, Хадича онамиз билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўйлари бўлиб ўтди. Тўйдан кейин онамиз розияллоҳу анҳо Зайдни Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бошлаб кириб: “Сизни хурсанд қилмоқчиман. Зайдни яхши кўришингизни биламан. Уни сизга бераман, хизматингизни қилиб юради”, дедилар.
* * *
Ёш Зайд муборак хонадонда фарзанддек меҳр, эътибор кўриб, катта бўлди. Ота-онаси уни соғиниб, қидирмаган жойлари қолмади.
Бир йили ҳаж мавсумида Маккада Каъбани тавоф қилаётган отасининг қавмдошлари худди Зайдга ўхшаш болани кўришди. Суриштиришгач, у Зайд экани аниқ бўлди. Ҳажлари тугаб, ортларига қайтишганида Ҳорисага ўғли Маккада эканини айтдилар.
Эр-хотиннинг боши осмонга етди. Ҳориса дарров укаси Каъбни олиб, Маккага шошилди. Тўғри Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уйига келди-да, эшикни тақиллатди. Расулуллоҳни кўргач, муддаосини айта бошлади:
– Эй Абдумутталибнинг ўғли! Сизлар муборак масжид атрофида истиқомат қилувчи қавмсизлар. Келган-кетганлардан яхшиликларингизни аямайсизлар. Шу десангиз, уйингизда югуриб юрган бола менинг ўғлимдир. Уни анчадан бери қидириб юрган эдик, шу ердалигини билгач, сиз томон шошилдик. Ёнимизда бир мунча пул билан боламни олиб кетгани келдик. Пулни олинг-да, фарзандимизни қайтариб беринг!
– Ўғлим деб кимни айтяпсиз?
– Зайдни.
– Унда сизларга бир нарсани таклиф қиламан.
– Нимани?
– Зайдни чақирамиз, ўзидан сўраймиз. Агар сизлар билан кетишни истаса, пул бермасдан ҳам олиб кетишингиз мумкин. Агар қолишни хоҳласа, мен уни фикридан қайтаришга ожизман.
– Инсофли гапни айтдингиз. Биз рози.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Зайдни чақирдилар-да, меҳмонларнинг кимлигини сўрадилар.
– Булар отам Ҳориса ва амаким Каъблар.
– Мен сенинг бир нарсани танлашингни истайман. Хоҳласанг, улар билан кетишинг мумкин. Истасанг, мен билан қол. Ихтиёринг ўзингда.
– Мен сиз билан қоламан.
Отасининг кайфи учди:
– Нималар деяпсан, Зайд? Ота-онангнинг олдига қайтишни хоҳламайсанми?
– Мен бу инсонда бошқаларда бўлмаган хислатларни кўрдим. Уни асло тарк этмайман.
* * *
Бу гапларни эшитган Муҳаммад ибн Абдуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Зайдни Каъбага, қурайшликлар ўтирадиган жойга бошлаб келдилар-да, баланд овоз билан дедилар:
– Гувоҳ бўлинг, қурайшликлар! Зайд менинг ўғлим ва меросхўримдир.
Бу ҳолатни кўрган ота ва амаки Зайддан кўнгиллари тўқ бўлиб, орқага қайтишди.
Ўша кундан бошлаб у Зайд ибн Муҳаммад, яъни Муҳаммаднинг ўғли Зайд, деб чақирила бошланди. Бу ҳолат то Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий тушиб: «...уларни (асранди фарзандларни) ўз оталари (исми) билан чақирингиз» ояти нозил қилингунича давом этди. Шундан кейин яна Зайд ибн Ҳориса деб чақириладиган бўлди.
* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик тушгач, эркаклардан биринчи бўлиб Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу мусулмон бўлди. Шундан сўнг, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирдоши, маслаҳатчиси, сафарларга чиққанларида ўринбосари бўлиб қолди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд розияллоҳу анҳуни қанчалар яхши кўришларини у зотнинг суюкли аёллари Ойша онамиз розияллоҳу анҳо айтиб берадилар.
“Бир куни Зайд Мадинага қайтиб келганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда эдилар. Зайд эшикни тақиллатди. У пайтда Расулуллоҳ муборак елкалари очиқ ўтирар эдилар. Хурсанд бўлганларидан шу ҳолда бўлса ҳам югуриб, унга пешвоз чиқдилар. Сўнг қучоқлаб кўришдилар. Аллоҳга қасам, ундан олдин ҳам, кейин ҳам Расулуллоҳни шу ҳолатда кўрмаганман”.
Пайғамбаримиз қаттиқ муҳаббат қўйганлари боис мусулмонлар уни “Зайдул ҳуб”, яъни “Муҳаббат Зайди”, деб чақиришарди.
Зайд ибн Ҳориса ҳижрий саккизинчи йили “Муъта” сафарида вафот этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суюкли инсонларининг вафотидан қайғурдилар. Таъзия билдиргани уйларига келганида, Зайднинг ўғли Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу унсиз йиғлаб ўтирган эди. Набиралари Ҳасанга тенгдош Усоманинг йиғисидан У зот ҳам ўзларини тутиб туролмай, унсиз йиғладилар. Ёнларидаги Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ! Бу нима?” деб сўраганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу Ҳабибуллоҳнинг ҳабибига йиғисидир”, деб жавоб бердилар.
Зиёуддин МАҚСУДОВ
тайёрлади.
ЎМИ матбуот хизмати
Ҳозирги кунда ислом жамиятида, дунё мусулмонлари, айниқса юртимиз мусулмонлари орасида фатво бериш, фатво чиқариш, фатво сўраш каби атамалар кўп ишлатилмоқда.
Фатво сўзи араб тилида “саволга жавоб бериш” маъносини англатади. Истилоҳда эса, шаръий масала ҳақида савол сўраган одамга далилга асосланган ҳолда жавоб беришдир.
Биринчи фатво берувчи шахс Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бўлган. У зотдан кейин саҳоба, тобеин ва кейинги давр мужтаҳид уламолар фатво бериш билан шуғулланиб, бугунги кунимизгача давом этиб келмоқда. Шариатда мусулмонлар ҳаётида пайдо бўладиган саволлар бўйича фатво берилиши бу фарзи кифоя амал ҳисобланади.
Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқаришнинг ўзига хос талаблари мавжуд. Қуръон ва ҳадисга асосланган ҳолда мусулмонларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, инсон камолоти, жамият фаровонлиги ҳамда унинг ижтимоий тараққиётини кўзлаб ҳукм чиқариш алоҳида билим ва малака талаб этади. Мўътабар манбаларда қайд этилишича, араб тили, Қуръон ва ҳадис илмлари, фиқҳ ва ислом тарихини жуда чуқур ва мукаммал биладиган ва яна бошқа зарур сифатларга эга бўлган шахсларгина фатво бериш ҳуқуқига эга.
Шундай бўлса-да, бирор-бир масалада ҳукм чиқариш зарур бўлиб қолса, аввало, мазҳаблар таълимотига таянилади, агар уларнинг бирортасида масаланинг ечими топилмаса, мусулмонларга осонлик ва қулай шароит яратиш нуқтаи назаридан муфтийлар томонидангина фатволар чиқарилиши мумкин.
Фатво бериш масъулияти. Исломда фатвонинг ўрни ва таъсири муҳим бўлиши билан бирга ўта масъулиятли вазифа ҳам ҳисобланади. Чунки фатвода Аллоҳнинг ҳукмларини баён қилиш мақсад қилиниб, унда ҳалол-ҳаром, савоб-гуноҳ, жаннат-дўзах орасидаги амаллар кўрсатиб берилади. Имом Шотибий раҳматуллоҳи алайҳ фатво бериш масъулияти ҳақида тўхталиб қуйидагиларни таъкидлайди: “Муфтий – ҳукмларни етказишда Расулуллоҳ саллалллоҳу алайҳи васалламга ўринбосар ва У зотнинг меросхўри ҳисобланади. Шу боис у Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васаллам номларидан гапиради”.
Ҳақиқатан, Абдуллоҳ ибн Жаъфардан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада огоҳ ва эътиборли бўлишга чақириб: “Фатвога журъатли бўлганларингиз дўзахга журъатли бўлганингиздир”, – деганлар. Яъни воқеъликни тўлиқ ўрганмай, етарли билим ва тажриба орттирмай туриб, қўрқмасдан журъат билан фатво беришдан қайтарганлар.
Буни чуқур англаб етган мусулмонларнинг дастлабки авлодлари ўзларидан илмли шахс бўлган жойда сукут сақлашган.
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан гоҳо элликта масала сўралганда биттасига ҳам жавоб бермаган пайтлари бўлган экан. Бунинг сабаби сўралганда, у зот: “Жавоб берувчи ўзини аввал дўзахга солиб кўрсин, халос бўлишига кўзи етса, жавоб берсин”, – деган эканлар.
Абу Алий аз-Зарирдан ривоят қилинади: “Мен Аҳмад ибн Ҳанбалга: “Кишига фатво бериши учун қанча ҳадис етарли, юз минг ҳадис етадими?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Икки юз мингчи?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Уч юз мингчи?”, – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Тўрт юз мингчи?” – дедим. У яна: “Йўқ”, деди. Шунда мен: “Беш юз минг бўлсачи?”, – деган эдим, у: “Умид қиламан”, – деб айтди”.
Юқорида келтириб ўтилган далиллардан келиб чиқиб шуни таъкидлаш лозимки, фатво бериш ўта масъулиятли бўлганлиги жиҳатидан унга ҳамма ҳам журъат қилавермайди. Бунинг ортида жамият ва унда яшовчи шахслар учун ғоят хатарли зарарлар келиб чиқиш мумкин. Шайх Рамазон Бутий айтади: “Ҳукм чиқариш илми тиббиёт илми кабидир. Мабодо бировнинг фарзанди оғир касалга чалиниб қолса, у тегишли ташхис қўйиш ва фарзандини даволаш учун тиббиётга оид китобларни титадими ёки малакали шифокорнинг олдига борадими? Тўғрисини айтганда, унинг эси жойида бўлса, кейинги йўлни танлайди. Динда ҳам худди шундай. Аслида бу тиббиётдан ҳам муҳимроқ, шунингдек қамрови жиҳатидан хавфлироқдир”.
Ҳеч кимга сир эмаски, ҳозирги кунда баъзилар ўзича оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариб, нотўғри фатволар бериб, ўзини ва ўзгаларни адаштирмоқда.
Баъзи бир эътироф этилмаган шахслар ёки маълум мақсадларга йўналтирилган тузилмалар томонидан қўштирноқ ичидаги “фатволар” инсонларни ислом маърифатидан узоқлаштиришга сабаб бўлмоқда. Айниқса, уларнинг “жиҳод”, “байъат”, “такфир”, “бемазҳаблик”, “ҳижрат” каби масалалардаги асоссиз “фатволари” ноҳақ қон тўкилишига олиб бормоқда ва инсонларнинг кафолатланган ҳуқуқларига раҳна солинишига сабаб бўлмоқда. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг устозлари бўлган Робиа ибн Абдураҳмонни йиғлаган ҳолда кўриб, ундан бунинг сабабини сўрашганда, у зот кишилар диний-ҳуқуқий саволларни билими бўлмаган шахслардан сўрашаётганини кўрганлиги, бу ҳолат исломда катта хатар пайдо бўлганлигидан дарак беришини таъкидлаган эканлар.
Демак, чуқур илм, тажриба ва холислик каби фазилат бўлмай туриб, фатво беришнинг оқибати хайрли эмас. Шундай экан, баъзи доира ёки гуруҳлар томонидан исломда улкан масала сифатида қаралган ҳукмларга эътиборсиз ва масъулиятсизлик билан фатво беришлари ўзлари ва ўзгаларни ҳам адаштиришдир. Қандай қилиб шахсларни ва бутун бошли жамиятларни кофирга чиқариб, жамоат олдида уларга эргашишни ҳаром демоқдалар?!
Хулоса қилиб айтганда, фатвонинг мусулмонлар ҳаётида ўрни муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда илм ва салоҳиятсиз фатво бериш ёки учраган кишидан фатво сўраш ва унга эргашиб кетавериш адашувга олиб боради. Бу каби салбий оқибатларни келтириб чиқарувчи ихтилофларнинг олдини олиш биринчи навбатда ислом марказлари ва уламоларнинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.
Аллоҳ таоло барчамизни турли ихтилоф ва фитналардан асраб, барчамизни мамлакатимизда минг йиллардан бери амал қилиб келинаётган ҳанафий мазҳабимизга мувофиқ ибодатларини адо этиб, завқли ҳаёт кечириш бахтига насиб этсин!