Айни пайтда Саудия Арабистонидаги футбол ўйинларида ҳакамлик қилаётган англиялик Марк Клаттенбург азонни эшитган заҳоти ибодат учун ўйинни тўхтатди ва маҳаллий футбол ишқибозларининг қўллаб-қувватловига сазовор бўлди.
Қирол кубоги учун ўтказилаётган "Ал-Фейх" ва "Ал-Фотиҳ" жамоалари ўртасидаги учрашув пайтида яқин орадаги масжидлардан азон овози эшитилиб қолади. Бу пайтда ўйиннинг қўшимча дақиқалари ўтиб бораётган эди.
Англиялик ҳакам ҳуштак чалиб ўйинни тўхтатди ва саудияликлар унинг бу қарорини гулдурос қарсаклар билан олқишлашди.
"Ал Фейх" якунда 118-дақиқада урилган гол эвазига 2:1 ҳисоби билан ғалаба қозониб, чорак финалга чиқди.
42 яшар Марк Клаттенбург авваллари Евро-2016 ва Чемпионлар лигаси-2015/16 финалларида ҳакамлик қилган. Англия Премьер лигасида 2004 йилдан то ўтган йилнинг февраль ойига қадар ҳакамлик қилиб келган. Ўтган йилнинг охиридан бошлаб Саудия Арабистони ҳакамлар қўмитасини бошқариб келмоқда. Daily Mail нашри маълумотига кўра, у бу ерда йилига 1 млн. Евро ишлаб топади. Худди шундай миқдордаги маошни унга Хитойдан ҳам таклиф қилишган эди, аммо у Саудия Арабистонини маъқул кўрди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси таниқли уламо Абдуқаҳҳор Ғаффоров (Шоший)нинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум уламони Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Маълумот ўрнида Абдуқаҳҳор Шоший 1939 йили Тошкент шаҳридаги "Ҳазрати Имом" даҳасида туғилганлар. 1956-1960 йиллари Бухородаги “Мир Араб” мадрасасида, 1965-1969 йиллари Мисрдаги “Ал-Азҳар” дорилфунунида ўқиганлар. Сўнг Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси халқаро бўлими мудири, “Мир Араб” мадрасаси директори, Тошкент Ислом олий маъҳади ректори вазифаларида ишлаганлар. “Ислом ақидаси”, “Ислом арконлари”, “Қуръоний ҳикоялар” каби ўнлаб китоблар муаллифи ва таржимонлари саналади.
Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси