Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Май, 2025   |   6 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:46
Қуёш
05:17
Пешин
12:25
Аср
17:18
Шом
19:27
Хуфтон
20:51
Bismillah
04 Май, 2025, 6 Зулқаъда, 1446

Қуръони каримни тўлиқ ёд олиш учун тавсиялар

24.01.2018   24328   3 min.
Қуръони каримни тўлиқ ёд олиш учун тавсиялар

Қуръони каримни қироат қилиш савоби катта амал. Аллоҳ таоло марҳамат қилган: “Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва оз хайрли амалларни ҳам қабул қилувчидир” (Фотир, 29-30).

Бу оятда дастлаб Қуръон тиловат этиш зикр қилиниши Қуръони каримни ўқиш ва унга амал қилиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг  доимий одати бўлиши лозимлигига ишора. Ҳар бир мусулмон намоз ўқиш учун керак бўлган сураларни ёддан билиши фарзи айн, Қуръони каримни тўлиқ ёдлаш эса фарзи кифоядир. Яъни, бир жамоадан айрим кишилар уни тўла ёдласа, бошқаларнинг зиммасидан соқит бўлади.

Усмон розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Сизларнинг энг яхшиларингиз, Қуръонни ўрганиб, уни ўргатадиганларингиздир”» (Имом Бухорий ривояти).

Қуръонни ёдлаш бошқа илмларни ҳам ўзлаштиришга ёрдам беради. Қуръон – нурдир. Уни ёдлаган кишининг қалби мунаввар бўлади. Қалбнинг ободлиги имон-эътиқод ва Қуръон тиловати билан бўлади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расули акром соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қалбида Қуръондан бир оят ҳам бўлмаган киши хароба уйга ўхшайди”, деганлар” (Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Абу Зарр! Эрталаб туриб Аллоҳнинг китобидан бир оят ўрганишинг сен учун юз ракат нафл намозидан афзалдир”, дея марҳамат қилганлар.

Мусулмон киши Аллоҳнинг китобини имкони қадар ёдлаши керак. Зеро, Қуръонни ёд олган кишининг мақоми икки дунёда юксак бўлади. Қуръони каримни тўлиқ ёд олишнинг бир қанча услублари бор. Қуйида улардан энг машҳурларини келтирамиз:

1-услуб. Қуръон ярим бет ёки бир, икки, уч, тўрт, беш бетдан бошидан охиригача уч юз мартадан ўқиб чиқилади, иккинчи қайтаришда икки юз мартадан ва учинчисида эса, юз мартадан такрор қилинади.

2-услуб. Олдин ҳар бир поранинг фақат бош бетлари ёдлаб чиқилади. Кейин иккинчи бетлари ёд олинади. Сўнгра учинчи, тўртинчи ва ҳоказо бетларини ёдлаш давом эттирилади. Бу услубда пораларнинг бўлиниш жойлари яхши ёдда қолади.

3-услуб. Ҳар бир бет юзтадан ўқиб чиқилади. Бир марта тўлиқ ёдлаб, хатм қилгач, иккинчи марта яна бошқатдан хатм қилишни бошлайди ва яна юз мартадан такрор қилади. Хатмни тугатгач, яна бошидан бошлайди. Шу тариқа саноғи мингтага етгунича такрор ёдлайверади.

4-услуб. Бир сура тўлиқ, пишиқ-пухта ёдланмагунича бошқа сурани ёдлашга ўтилмайди. Бу услуб Қуръонни охиридан бошига қараб ёд олишда қулай. Саҳобалар розияллоҳу анҳумларнинг Қуръон ёдлаш услублари шунга яқин бўлган.

 

Гулобод ҚУДРАТУЛЛОҲ қизи,

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар мадрасаси мударрисаси

ЎМИ  Матбуот хизмати

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қабристондан жой сотиб олиш мумкинми?

02.05.2025   3512   1 min.
Қабристондан жой сотиб олиш мумкинми?

Савол: Ҳозирги кунда айрим одамлар қабристонлардан ўзлари, оиласи учун ер сотиб олиб, сағана қилдириб қўйишмоқда. Бу ишлари тўғрими?


Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қабристонлар омма фойдаланиши учун ҳукумат тарафидан берилган умумий жой ҳисобланади, ҳеч кимнинг шахсий мулки эмас.

Шунга кўра унга кимдир эгалик қилиши, у жойдан ер сотиши ёки сотиб олиши мумкин эмас. Биздан аввалги авлодлар, ота-боболаримиз қабристондан бирор нарсани олишга, ҳатто қуриган гиёҳ олишдан ҳам чўчиганлар.

Ҳозирда ҳам айрим одамлар қабристондаги мева ва ўт-ўланлардан фойдаланиш ҳақида кўп савол беришлари бежизга эмас, ана шу ҳадикдан пайдо бўлган. Аммо минг афсуски, айрим одамлар томонидан кимлар биландир тил бириктириб, ер сотиб олиш ҳолати оз бўлса-да, пайдо бўлмоқда. Бундан эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки бу ноҳақдан ер олиш ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ огоҳлантириб, бундай деганлар: “Ким бир қарич ерни ноҳақдан олса, қиёмат куни уни етти қават ер ютади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир қарич ерни зулм ила олса, қиёмат куни унинг бўйнига етти қават ер осиб қўйилади”, деганлар (Муттафақун алайҳ).

Бу ишнинг қанчалик оғир эканини тушунмаган одамлар турли воситалар билан бир қарич бўлса ҳам бировнинг ерини ўзига қўшиб олишга ҳаракат қиладилар. Исломда бу иш зулм ҳисобланади ва катта гуноҳ сифатида қораланади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Мақолалар