18-январь куни Қозоғистон Республикасининг Актўбе вилоятида содир бўлган фожеа ҳалигача кўз ўнгимиздан кетмаяпти. Қанчадан-қанча ватандошимиз, диндошимиз олов ичра бу фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилдилар. Биз бир-бирларимиз билан бир тану бир жонмиз. Бирор бир дўстимизга, биродаримизга, диндошимизга заррача тикон кирса бизга киргандек бўлади. Шунинг учун ҳам бугун бутун Ўзбекистон халқи жуда катта қайғуда, изтиробда турибди. Мана шундай қайғу ва изтиробли кунларда бир-бирларимизнинг ҳолимиздан хабар олиш эса энг гўзал фазилатларидан ҳисобланади.
Шунинг учун ҳам Андижон вилоятининг барча масжидларида Актўбедаги фожеа қурбонлари эсга олинди, уларнинг ҳақларига Қуръони карим тиловатлари қилиниб, дуолари бағишланди.
Кеча эса Андижон вилояти бош имом-хатиби Нуриддин ҳожи Холиқназаров ва бир гуруҳ имом-хатибларимиз Актўбедаги фожеа қурбонларининг хонадон аҳлларига таъзия изҳор қилиш, уларга ҳамдардлик билдириш мақсадида Қорасув шаҳри ва Наманган вилоятининг Тўрақўрғон, Косонсой туманларидаги хонадонларига бордилар.
Машъум фожеада ҳалок бўлганларнинг ҳақларига Қуръон тиловати ва дуолар қилиш, мағфират сўраш ва яқинларига тасалли бериш барчамизнинг инсонийлик бурчимиздир. Инсон қачон, қаерда ва қандай ҳолатда вафот этишини билмайди. Динимизда бирор фожеа билан вафот этган мўминнинг даражаси юқори бўлиши айтилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида Киши сувга ғарқ бўлиб, ўтда куйиб, том остида қолиб, аёл киши тулғоқ чоғида вафот этса, шаҳидлик мақомини топишини айтганлар.
Динимизда ўтганларни эслаш, уларга дуойи хайрлар қилиш мўминлик ҳақларидан ҳисобланади. Қуръони каримда шундай дейилган:
“Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси, 10-оят)
Шундай экан, ушбу фожеада вафот этган юртдошларимизнинг ҳақларига дуо қилиб, Яратган Парвардигордан уларнинг солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилишини, гуноҳларини мағфират этишини, ётган жойларини жаннат боғларидан бир боғ қилишини илтижо қилиб сўраймиз. Уларнинг оила аъзолари ва яқинларининг мусибатларига шерик эканимизни билдирган ҳолда сабру жамил тилаймиз.
ЎМИ Матбуот хизмати
Мусулмон киши ҳар бир ишида Аллоҳ таолога таваккул қилади. Зеро, Аллоҳ таоло таваккал қилувчиларни яхши кўради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:“(Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг. Зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни яхши кўради” (Оли Имрон сураси, 159-оят). Ушбу оят тафсирида: “Аллоҳга таваккул қилиш улуғ фазилат. Аммо таваккул, Аллоҳ ирода қилганидек, тўғри ҳолда бўлиши керак. Баъзи кишилар таваккулни яхши англашмайди. Ўйламай, уринмай, чора-тадбир кўрмай, сабабларини ахтармай, кўр-кўрона туришни таваккул деб тушунувчилар бор.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Уҳуд урушида қилган таваккулларини олайлик. У зот мушриклар аскар тортиб Уҳудга етиб келганларини эшитиб, тезда мусулмонларни йиғиб, кенгаш ўтказдилар. Ўзлари биринчи бўлиб Ҳужраи саодатга кириб, устма-уст иккита совут кийиб чиқдилар. Эътибор беринг – Аллоҳга таваккул қилувчиларнинг энг улуғи, пешвоси бўлган зот урушга кетаётиб бир эмас иккита совут кийиб чиқдилар! Одамларни жиҳодга тарғиб қилдилар. Манзилга тезроқ, осонроқ ва тинчроқ элтувчи йўлни биладиган одамни топиб, унга йўл бошлашни топширдилар. Етиб борганларидан кейин душманнинг куч-қувватини яхшилаб ҳисоб-китоб қилдилар. Сўнг ўз жангчилари билан бирма-бир танишиб, ҳаммани жой-жойига қўйдилар. Ўнг қанот ва чап қанотларда кимлар бўлишини белгилаб, режа туздилар. Хуллас, урушга зарур бўлган чора-тадбирларни кўрдилар. Аммо Аллоҳга таваккул қилишлари бу ишлардан айри эмасди.
Таваккул буларнинг барчасини боғлаб турадиган бир ип мисоли. У ҳар бир ишда, чора-тадбирда Аллоҳни вакил деб эътиқод қилишдир. Афсуски, кўпчилик таваккулни ҳаракатсизлик, уриниб кўрмаслик билан боғлиқ ҳолда тушунади. Баъзилар Аллоҳга таваккул қилдим, деб ҳаракат қилишлари керак бўлган ишларни ҳам қилишмайди. Бу эса дангасалик, холос.
Пайғамбар алаҳиссалом даврларида бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ! Туямни боғлайми ёки эркин қўйиб, таваккул қилайми?” деб сўради. Пайғамбар алайҳиссалом: “Боғлаб қўйиб, ундан кейин таваккул қил” дедилар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзига таваккал қиладиган бандалари қаторида қилиб, икки дунё саодатига мушарраф этсин!
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими