Оғир кунларда доимо бир-бирига елкадош бўлган халқимиз шу кунларда Қозоғистонда рўй берган фожиадан ҳалок бўлган ҳамюртларимиз оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, таъзия билдиришда давом этишмоқда. Ҳатто қўшни ва олис вилоятлардан ҳам келиб, бундай қайғули кунларида шерик эканларини изҳор қилишмоқда. Савобли ишларда пешқадам бўлган имом-хатибларимиз бу ишда ҳам ибрат бўлишмоқда. Зеро, мўмин-мусулмонлар оға-ини эканлари Қуръони каримда таъкидланган: “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар...” (Ҳужурот, 10).
Мана шу хитобни ўзларига шиор қилган Тошкент вилояти имом-хатиблари бош имом-хатиб Хайрулло Турматов бошчилигида фожиада қурбон бўлганларга ҳамдардлик билдириш учун кеча, 22 январь куни Наманган вилоятига боришди. Вилоятдаги ҳар бир хонадонга кириб, машъум фожиада ҳалок бўлганларнинг ҳақларига тиловати Қуръон ўқиб, дуолар қилинди. Динимизда бирор фожиа билан вафот этган мўминнинг даражаси юқори бўлиши, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида киши сувга ғарқ бўлиб, ўтда куйиб, том остида қолиб, аёл киши тулғоқ пайтида вафот этса, шаҳидлик мақомини топишини айтиб, мусибат эгаларига тасалли берилди.
Имом-домлалар Яратган Парвардигордан ҳалок бўлганларнинг солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилишини, гуноҳларини мағфират этишини, ётган жойларини жаннат боғларидан бир боғ қилишини илтижо қилиб сўрашди. Уларнинг оила аъзолари ва яқинларининг мусибатларига шерик эканларини билдириб, сабру жамил тилашди.
Ўз навбатида мусибат эгалари ҳамдардлик изҳор қилинганидан маҳзун кўнгиллари ёришгани ва уламолар қайғуларига шерик эканлари бошларига келган қайғуни бироз аритганини таъкидлашди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Шу йил 13-16 январь кунлари Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд шафеълигида ўтказилаётган Ҳаж анжуманида Ўзбекистон делегацияси фаол иштирок этмоқда.
Жидда шаҳрида бўлиб ўтаётган конференция-кўргазмада 100 га яқин давлатдан вазирлар, муфтийлар, олимлар, фан докторлари, академиклар, экспертлар, тадқиқотчилар, дипломатлар ҳамда ҳаж тадбирларини ташкил этишга мутасадди идора ва компаниялар қатнашмоқда.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчиликларидаги Ўзбекистон делегацияси “Ҳаж – 2025” мавсумини юқори даражада ташкил этиш мақсадида, анжуман доирасида Саудия Арабистонидаги вазирликлар, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва соҳа мутахассислари билан музокаралар ўтказиб, атрофлича ўрганишлар ва қиёсий таҳлиллар олиб бормоқда.
Шунингдек, ҳаж мавсумига тайёргарлик ишлари ва янги тартиб-қоидалар тўғрисида маълумотларга эга бўлинмоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширлаётган ҳаж ва умра сафарлари йўналишидаги ташкилий-ҳуқуқий асослар ва рақамлаштириш жараёнлари ҳақида маълумотлар тақдим этилмоқда.
Ҳаж ва умра вазирлиги томонидан ўтказилаётган конференция доирасидаги шўъбалар, ҳаж суҳбатлари, экспертлар тавсиялари, турли соҳа мутахассислари семинар-тренинглари, хорижий делегатлар билан тажриба алмашиш ва замонавий хизматлар тақдимотлари фойдали бўлмоқда.
Маълумот учун, Ҳаж конференцияси тўртинчи марта йирик масштабда бўлиб ўтмоқда. Инновацион дастурлар, илғор ташаббуслар, тажриба алмашиш, ҳаж сафарини юқори савияда ўтказишга оид билимларни ошириш ва муборак зиёратларни чиройли бажариш учун мустаҳкам пойдевор ҳозирлаши билан ушбу тадбир улкан муваффақиятларга эришади. Энг йирик кўргазма эса томонлар ўртасидаги ҳамкорликни янада равнақ топтириш орқали хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати