Қуръон мусобақаси иштирокчиларини рўйхатга олиш ниҳоясига етганга қадар ҳужжат топширсамми ёки кейинги йил уриниб кўрсамми деб иккиланганлар бўлди. Уларнинг баъзилари кейинги йил қатнашишга қарор қилиб бу йил ҳужжат топширмади. Рўйхатга олиш эса 15 январь куни якунланди. Ушбу рўйхатдан 5366 нафар иштирокчи ўрин олди: 3263 нафар эркак, 2103 нафари аёл-қизлар. Бу – ёшнинг чеклови билан олинган кўрсаткичдир. Яъни 18 дан 40 ёшгача бўлган қори ва қорияларнинг мусобақада қатнашишга азму қарор қилганларининг ҳисоби бу.
Қорилар ва қорияларнинг вилоятлар бўйича ҳисобининг эълон қилинганини кўрган киши уларнинг сони турли вилоятда турлича эканига гувоҳ бўлади. Аслида бу ҳам бир синов. Замонавий иборада айтилганда мониторингдир.
Жадвалдан аён бўлишича, Умумий ҳисобда, биринчи турган Фарғона вилоятида мураттаб ва мужаввид қори ва қориялари сони 1237 та; иккинчи ўринда турган Андижон вилоятида шундай қори ва қориялар1182 киши экан.
Фарғона вилояти 219 ҳисоб билан энг кўп мураттаб қори бўйича ҳам биринчи ўринда турибди. Андижон вилояти бу борада ҳам 174 ўрин билан иккинчи ўринда. Аммо Андижон ҳифз йўналишида 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган қорилар ичида 74 ҳисоб билан ҳаммадан олдинда.
Мураттаб қориялар бўйича Тошкент шаҳри ва Наманган вилояти 8 та ҳисоб билан биринчи ўринда, Сурхондарё ва Тошкент вилояти 7 ҳисоби билан иккинчи ўринда турибди.
Айни кунларда Бухоро, Жиззах, Сирдарё, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон республикасида мураттаб қориялар йўқ экан. Навоий вилоятида эса бир нафар қория бор экан. Лекин ушбу вилоят ёшларининг илм олиши учун яратилган қулайликлар ва аёл-қизларимизнинг илмга чанқоқлиги, иншоаллоҳ, яқин йиллар ичида бу камчиликни ёпиб кетади ва кейинги йилларда ўтказиладиган танловларда ушбу ҳудудлардан ҳам мураттаб қориялар чиқиб қатнашади.
Ушбу қорилар ва қориялар – Қуръони каримда марҳамат қилинганидек, орамиздаги яхшиларимиз, ҳадиси шарифда таърифланганидек, Қиёматда Қуръонни ўқиб кўтарилиб бораверувчилар, ота-онасига тож кийдирувчи энг фазилатлиларимиздир. Бу инсонларга хайрихоҳ бўлган, уларнинг сафи кенгайишига ҳисса қўшган, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турган кишилар асло кам бўлмайди. Қуръони каримга қараш ҳам савоб, уни эшитиш ҳам савоб. Уни ўқиб ўрганиш, ёдга олишнинг савоби ҳақида гапиришга тил ожиз. Қуръони карим тиловат қилинган жойга Аллоҳ таъолонинг файзи илоҳийси ёғилиб туради, раҳмат фаришталари ҳозиру нозир бўлади, балою қазолар, офатлар дафъ бўлади, шайтоннинг ҳийлалари кесилади. Қуръони каримни севувчилар кўп бўлган юртда барака ҳам, фаровонлик ҳам, тинчлик-хотиржамлик ҳам бардавом бўлади. Зеро, биз билмаган яна қанчадан қанча неъматлар борки уларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг Каломи шарофатдидандир.
Барчангизга Қуръон байрами муборак, азиз юртдошлар!
ЎМИ Матбуот хизмати
2025 йил 10 июль куни Қуръони Карим ходими, устоз, шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум бошчилигида «Қуръон ва тажвидни ўргатиш» бўлими ходимлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасига ташриф буюришди.
Маълумки, кутубхонада турли мавзудаги нодир қўлёзма асарлар, Қуръони Карим қўлёзма нусхаларининг намуналари сақланади. Мана шундай нодир манбалардан бири Ҳазрати Усмон мусҳафи ҳисобланади. Қуръони Каримнинг ушбу ноёб ва қадимий қўлёзма нусхаси тадқиқотчилар ва кенг жамоатчиликнинг доимий эътиборида бўлиб келган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2023 йил 22 декабрь куни ўтказилган Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида музейлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича етти йиллик дастур қабул қилиниши эълон қилинди. Ушбу йиғилиш давомида берилган топшириқлар бўйича 50-сон Баённоманинг 47-бандида Муқаддас китоб – Усмон Қуръони саҳифаларининг консервация ва реставрация қилинишини таъминлаш белгиланган. Мазкур дастурни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси қўллаб қувватлови остида хорижлик мутахассислар, жумладан, Кембриж университетидан Кристине Росе, франциялик реставраторлар Акселл Делеау ва Коралие Барбе, Истанбул қўлёзмалар устахонаси ва архив бўлими мудири Нил Байдар Усмон мусҳафини босқичма-босқич таъмирлаш режасини ишлаб чиқиб, келгусида муҳофаза қилиш бўйича тавсияларни бердилар. Жумладан, «енгил реставрация ишлари»ни амалга оширишдан аввал Ҳазрати Усмон Қуръони саҳифаларини сканер қилиш ва матнини кодикологик тадқиқ қилиш бўйича йўналишлар белгилаб олинди.
Ушбу хайрли ишларнинг давоми сифатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида Ҳазрати Усмон Мусҳафи матнини кодикологик тадқиқ қилиш бўйича муҳим йиғилиш бўлиб ўтди. Унда «Қуръон ва тажвидни ўргатиш» бўлими мудири шайх Алижон қори Файзуллоҳ ва Кутубхона мудири Камолиддин Маҳкамов бошчилигида бўлим ходимлари иштирок этишди. Йиғилишда «Мўйи муборак» мадраса-музейида сақланаётган Ҳазрати Усмон Мусҳафининг тарихи ва бугунги кундаги аҳамияти ҳақида сўз юритилиб, уни келажак авлодлар асраб-авайлашга хизмат қиладиган муҳим масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, Ҳазрати Усмон Қуръони саҳифалари ва фондда сақланаётган 1905 йилда Санкт-Петербургда олинган нусхасини кодикологик тадқиқ қилиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилиб, келгусида қилинадиган ишлар режалаштирилди.
AlQuranuz