Бизнинг болалик йилларимиз кўп қалтис йилларга тўғри келди. Ота-боболаримиз муқаддас китобларимизни яшириб сақлар ва доимо хавотир остида яшар эдилар. Аммо ўша, даҳшатли шарпалар кезиб юрган паллаларда ҳам бизни Қуръон илмига солиш учун Аллоҳ таолога таваккал қилиб ўқитар эдилар. Саводимиз ана ўша кезларда чиққан. Болаликдан Қуръони каримга муҳаббат қўйдик. Тунлар ухламасдан уни ҳижжалаб ўқиб ёдлаб ҳам олдик...
Аммо, азизлар! нафақат, мамлакатимиз, балки қўшни давлатларда ҳам мамлакат миқёсида катта Қуръон мусобақаси бўлибди, унда истаган кишилар қатнашибди деб эшитмаганман.
Биз ана шу кунларни қанчалик орзу қилган эдик. Оталаримиз-боболаримиз қанчалар орзу қилган эди. Чунки Қуръон мусобақаси барчани бирдай илм олишга чорлайди: бунда қатнашган қорилар илмини устозлар кўригидан ўтказиб пухталаб олади; бошқалар эса қироатлардан таъсирланиб илм олишни истаб қолади; фарзандларининг қори бўлишини ният қилиб, уларни Қуръон илмига йўналтиради.
Кеча мусобақа чоғида ёш қориларимизнинг, қорияларимизнинг тиловатларини тинглаб ўтириб, қанийди шу кунларни менга Қуръони каримни ўргатган қиблагоҳим ҳам кўрганида, қори бўлганимдан боши осмонга етган онажоним ҳам кўрганида қанчалик севинган бўлар эди, деб ўйлаб дийдам юмшади, кўзимга ёш келди. Қориларнинг ширали овозда, аниқ-тиниқ ўқиётганини кўриб, шундай ажойиб қорилар етишиб чиққанига шукрлар қилдим.
Буларнинг барчаси табаррук устозларимизнинг, Рамазони шарифларда қилинган узундан узоқ дуои хайрларнинг шарофатидир. Шу дуолар сабаб, меҳрибон Аллоҳимиз юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз фаровон бўлиши учун халқим, юртим дейдиган халқпарвар Раҳбарни бошимизга келтириб қўйди. Биз эса бунинг учун ҳар лаҳзада Аллоҳимизга шукурлар айтиб туришимиз, бу неъматларнинг қадрига етишимиз, дуои хайрларда бўлиб туришимиз лозим. Шунда Аллоҳ таъоло бу неъматларини бардавом қилади, иншооллоҳ.
Куни кеча бошланган Қуръон мусобақаси олдиндаги ниҳоятда буюк ишларнинг пойдеворидир. Зотан, пойдевор мустаҳкам бўлса, бинони истаган қадар юксалтириб боравериш мумкин. Шу жиҳатдан, Қуръони каримга асосланган билим, маърифат энг пешқадам илмга айланади, юртнинг эса келажаги порлоқ бўлади. Зотан, Қуръонни эъзозлаб бағрига босган бандаларни Аллоҳ таоло бағрига олади, уни кўзларига сурган халқнинг Аллоҳ таоло кўз нури бўлади, уни неъмат билган халққа неъматларни зиёда қилиб қўяди, уни эъзозлаган халқнинг мартабасини юксалтиради.
Қуръон байрами барчамизга муборак бўлсин, азизлар!
Марказий Осиё қориларининг фахрий устози Яҳё қори бува (88 ёшда)
ЎМИ матбуот хизмати
#Аждодлар_меросини_ўрганамиз
Буюк мутафаккир ва фақиҳ Бурҳониддин Марғинонийнинг етук шогирди, ҳанафий олим Имом Зарнужий раҳимаҳуллоҳнинг "Таълимул мутаъаллими ториқот таъаллуми" китоби асосида илм олишнинг фойдалари, одоблари, инсон ва жамият тараққиётида илм-фаннинг ўрни ҳақида сўз боради.
Саккиз асрдан бери илм аҳли, талабалар ва зиёлилар орасида кенг фойдаланиб келинаётган мазкур асар ҳақида Аллома Лакнавий раҳимаҳуллоҳ ҳақида "Кўп фойдаларга эга, нафис, манфаатли китоб", дея таъриф берган.
Абдувоҳид домла Аҳмадалиев
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази мутахассиси