Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 декабрдаги ПҚ-3433-сонли “Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан Ўзбекистон Ислом академияси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Бугун, 16 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Адлия вазирлигининг Жамоат, нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар бошқармаси вакили муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига ва Ислом академияси ректори, академик Неъматулла Иброҳимовга Ислом академияси давлат рўйхатига олингани тўғрисидаги гувоҳномани топширди.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил қилинган ушбу Академия ҳузурида икки йиллик магистратура, уч йиллик таянч докторантура ва уч йиллик докторантура фаолият юритиши мўмин-мусулмонларимиз учун жуда катта туҳфа бўлганини таъкидладилар.
Ушбу Академияда “Қуръоншунослик”, “Фиқҳ илми”, “Ҳадисшунослик” ва “Калом илми” мутахассисликлари бўйича магистрлар, шунингдек, ушбу соҳада чуқур тадқиқотлар олиб борувчи илмий-педагог кадрлар тайёрланиши юртимиздан яна Имом Бухорий, Имом Термизий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк алломалар етишиб чиқишини асосий омил эканини билдирдилар.
Академия Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигидаги диний ва дунёвий таълим берувчи нодавлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасасидир. Унинг асосий мақсадлари – республикада фаолият олиб бораётган олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларини юқори малакали илмий кадрлар билан таъминлаш ҳамда тайёрланаётган мутахассисларнинг илмий ва касбий салоҳиятини ошириш, шунингдек, қуръоншунослик, тафсир ва фикҳ, ҳадисшунослик, калом илми йўналишлари бўйича магистрларни, етук илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлашдан иборатдир.
Академия Ўзбекистондан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг бой илмий меросини, Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган жаҳон алломаларининг асарларини ўрганиш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, дин ниқоби остида ҳаракат қилаётган турли оқим ва йўналишларнинг бузғунчи ғояларига қарши илмий раддиялар тайёрлаш ва бошқа бир қатор муҳим вазифалар билан ҳам шуғулланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Cавол: Саждаи саҳв қилиш учун салом беришда бир томонга салом бериладими ёки икки томонгами?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳар иккиси ҳам тўғри. Яъни намозхон саждаи саҳв қилишда бир томонга салом берса ҳам, икки томонга салом берса ҳам тўғри иш қилган бўлади. Чунки фуқаҳоларимиз ҳар икки ҳолатни саҳиҳ — тўғри деб фатво беришган. Айрим фуқаҳолар ёлғиз намоз ўқиётган киши – икки томонга салом бериши, имом эса – бир томонга салом бериши яхшидир, деганлар. Чунки имом икки томонга салом берса, эргашувчиларнинг баъзиси намоз тугалланди деб ўйлаб намозга зид ҳатти-ҳаракат содир этиши мумкин, дейишган (“Дурарул ҳуккам” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.