Бугун, 15 январь куни Ўзбекистон Қуръони карим мусобақасининг илк босқичи Жиззах вилояти Зомин туманидан бошланди. Ўлкамизнинг энг сўлим заминидан таралаётган Илоҳий калом нури бутун мамлакатимиз бўйлаб ўз файзу тароватини улашмоқда.
Мусобақа Қуръони карим тиловати билан бошланди. Дастлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур жаноблари муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг мусобақа иштирокчиларига йўллаган табрик ва саломларини етказдилар. Ташкилий ҳайъат раиси Абдулҳаким қори Матқулов эса мусобақанинг ўтказиш тартиби билан таништирди. Ҳайъат раиси ўринбосари Ҳасанхон қори Абдумажидов Қуръон мусобақаси иштирокчиларининг чиқишларини баҳолаш мезонини изоҳлаб берди.
Шундан сўнг кузатувчи ва баҳолаш ҳакамлари бирма-бир таништириб ўтилди.
Мусобақани “Ҳифз” йўналиши иштирокчилари бошлашди...
Бизни жонли тарзда кузатишда давом этинг.





Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирокида Андижон вилояти имом-хатибларининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди.
Мажлисда Давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар сарҳисоб қилинди. Хусусан, мўмин-мусулмонлар тоат-ибодат қилиши учун кенг имкониятлар берилгани, юзлаб янги жоме масжидлар очилгани, мадрасалар таъсис этилгани, Қуръони карим курслари ишлаётгани, илмий-тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилгани ва соҳа ходимлари ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаётганига урғу қаратилди.
Мана шундай хайрли ўзгаришлар Андижон вилояти мисолида ҳам ўз ифодасини топиб, жорий йилда иккита янги масжид очилиши, намозхонлар эҳтиёжларини таъминлаш йўлида самарали ишлар қилиниши, олий маълумотли имомлар салмоғи ошиши, хорижда касб-маҳоратини ошириш йўлга қўйилиши, тарғибот ишлари кенгайиши ва хайрия ишлари кўлами ортиши кабилар қайд этилди.
Йиғилишда диний соҳа ходимлари олдида турган устувор вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, ёшлар эътиқодини мустаҳкамлаш мақсадида манзилли ишлаш, жамоат намозларида қавм билан бўладиган маърифий суҳбатлар таъсирчанлигини ошириш, хорижда меҳнат қилаётган ватандошларимиз билан мулоқот ўрнатиш, уларни Фатво марказининг ишончли манбаларига йўналтириш каби вазифалар алоҳида таъкидланди.
Муфтий ҳазратлари имом-домлаларни шариат ходими сифатида меҳроб ва минбар масъулиятини қалбан ҳис этишга, қавмнинг илму маърифати ва тоат-ибодати йўлида сидқидилдан хизмат қилишга чақирдилар.
Масжидларда куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, намозхонлар учун қулай шароитлар ҳозирлаш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этиш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.
Тадбир сўнгида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати