Мазкур фестивалда дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатидан аудиовизуал лойиҳалар иштирок этди. “Туристик хизмат” (Tourism Service) номинациясидаги ушбу мукофот “Оскар” мукофоти совриндори Бен Кингсли иштирок этган “Маърифат акс-садоси” фильмига топширилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мега форматдаги лойиҳаси бўлиб, ислом цивилизациясининг илмий, маънавий ва маданий меросини ўрганиш, сақлаш ҳамда дунёга намойиш этишга қаратилган.
Terres фестивалининг олтин мукофоти “Маърифат акс-садоси” фильмининг халқаро муваффақиятларини давом эттирди. Фильм 2026 йилда New York Festivals ҳамда Канн корпоратив медиа ва телевидение фестивали финалистига айланган, Белграддаги SILKFEST 26 фестивалида эътироф этилган ва кейинроқ Испанияда Terres олтин мукофотига эга бўлди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистонни тарихий хотира, илм-фан, маданият ва маърифат маскани сифатида намоён этиб, ислом цивилизациясининг инсоният тафаккури ривожига қўшган ҳиссасини очиб беради.
Terres Travel Festival мамлакатлар ва ҳудудларнинг туристик салоҳиятини намоён этадиган, уларнинг маданий меросига қизиқиш уйғотадиган ҳамда халқаро аудиторияни саёҳат қилишга илҳомлантирадиган лойиҳаларни эътироф этади. Ушбу контекстда “Маърифат акс-садоси” фильми Ўзбекистонни нафақат сайёҳлик йўналиши, балки тарих, маданият, илм-фан ва маънавий мерос туташган буюк олимлар, мутафаккирлар ва кашфиётлар замини сифатида намоён этади.
Лойиҳада афсонавий Бен Кингслининг иштироки алоҳида ўрин эгаллайди. Актёр “Ганди” фильмидаги роли учун “Оскар” мукофотига сазовор бўлган ва жаҳон аудиториясига “Табиб” (The Physician) тарихий драмасидаги Абу Али ибн Сино (Авиценна) образи орқали яхши таниш. “Маърифат акс садоси” фильмида Кингсли Ўзбекистоннинг етук олим ва мутафаккирларига мурожаат қилиб, илм-фан, таълим, маданият ва инсоният тафаккури ривожига салмоқли ҳисса қўшган ислом цивилизацияси ҳақида ҳикоя қилади.
Terres олтин мукофоти Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказининг халқаро ютуқлари қаторини бойитди. 2026 йилда у Гиннеснинг рекордлар китобига “Ислом цивилизациясининг энг йирик музейи” сифатида расман киритилди, ТУРКСОЙ эса уни “Турк дунёсининг энг яхши музейи” деб тан олди. 2025 йилда Марказ Европанинг нуфузли “Prix Avicenne 2025” (Авиценна мукофоти) билан тақдирланган мукофотини қўлга киритган эди. Бунга қўшимча равишда, Сингапурда ўтказилган Бутунжаҳон ҳалол туризм саммитида у “Йилнинг исломий мерос объекти” мукофоти билан тақдирланди.
Terres Travel Festival Каталониянинг Тортоса шаҳрида ўтказилади ва саёҳатлар, туризм, маданият ҳамда ҳудудлар ҳақидаги фильмларга бағишланади. Фестиваль CIFFT — Туризм фильмлари фестиваллари халқаро қўмитасининг расмий аъзоси ҳисобланади. Мукофотланган ишлар CIFFT Ranking – World’s Best Tourism Films рейтингида иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Диний идоранинг Матбуот ва медиа бўлими ходими Давронжон Турсуновнинг волидаи муҳтарамалари вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан ҳожи онанинг яқинларига хусусан, Давронжон ҳожи Турсуновга ҳамдардлик билдирамиз.
Жаноза намози бугун, аср намозидан сўнг "Эшонхўжа ота" жоме масжидида ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz