Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Декабр, 2024   |   27 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:48
Пешин
12:30
Аср
15:20
Шом
17:04
Хуфтон
18:24
Bismillah
28 Декабр, 2024, 27 Жумадул сони, 1446

19.01.2018 й. Имон ҳаловати – ақида мусаффолигида

12.01.2018   7412   8 min.
19.01.2018 й. Имон ҳаловати – ақида мусаффолигида

بسم الله الرحمن الرحيم

ИМОН ҲАЛОВАТИ АҚИДА МУСАФФОЛИГИДА 

Муҳтарам биродарлар! Ислом дини бешта рукнга бино қилинган бўлиб, уларнинг энг биринчиси, қолган тўрттасининг мақбул бўлишига асос саналган рукни имондир. Ақида масаласи айнан мана шу рукнга тегишли бўлиб, бу ҳақда барча мусулмонлар етарли даражада илмга эга бўлишлари лозимдир. Зеро, улуғ машойихлардан Сўфи Оллоҳёр айтганларидек:

Ақида билмаган шайтона элдур,

Агар минг йил амал деб қилса елдур.

Ақида борасида битилган энг мўтабар китоблардан биринчиси Имом Абу Ҳанифа р.ҳ.га мансуб “Ал-фиқҳул акбар” китоби бўлиб, бу асар биз мотуридий ақидасига эргашувчи мусулмонлар учун асосий манба саналади. Абу Ҳанифа р.ҳ. бу китобда шундай деганлар:

أَصْلُ التَّوْحِيدِ وَ مَا يَصِحُّ اْلاِعْتِقَادُ عَلَيْهِ يَجِبُ أنْ يَقُولَ: آمَنْتُ بِاللهِ، وَ مَلاَئِكَتِهِ، وَ كُتُبِهِ، وَ رُسُلِهِ، وَ الْبَعْثُ بَعْدَ الْمَوْتِ، وَ الْقَدَرِ خَيْرِهِ وَ شَرِّهِ مِنَ اللهِ تَعَالَى،  وَالْحِسَابُ وَ الْمِيزَانُ، وَالْجَنَّةُ وَ النَّارُ حَقٌّ كُلُّهُ. وَاللهُ تَعَالَى وَاحِدٌ لاَ مِنْ طَرِيقِ اْلعَدَدِ، وَلَكِنْ مِنْ طَرِيقِ أنَّهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ: قُلْ هُوَ اللهُ أحَدٌ* اَللهُ الصَّمَدُ* لَمْ يَلِدْ وَلَمْ يُولَدْ* وَلَمْ يَكُنْ لَهُ كُفُواً أحَدٌ

(سورة الإخلاص).        

яъни: “Тавҳиднинг асли ва эътиқод қилиш тўғри бўлган нарса шуки: ҳар бир мусулмон шундай деб айтиши вожиб бўладики: Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, вафот этгандан сўнг қайта тирилишга, тақдирнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканлигига имон келтирдим. Ҳисоб, тарозу, жаннат ва дўзах барчаси ҳақдир. Аллоҳ таоло бирдир, лекин соноқ жиҳатидан эмас, балки Унинг шериги йўқлиги жиҳатидан. Қуръони каримда айтилганидек: (Эй Муҳаммад!),  айтинг: “У Аллоҳ ягонадир. Аллоҳ беҳожат, (лекин)  ҳожатбарордир. У туғмаган ва туғилмаган ҳам. Шунингдек, Унинг ҳеч бир тенгги йўқдир” (Ихлос сураси).

Ушбу матнда ақиданинг асослари ва унинг тўғри бўлиш тарзи зикр этиб ўтилмоқда. Банда юқорида айтилган ақидаларга аввало чин дилдан ишонмоғи лозим. Сўнгра уни тилида айтса имони комил бўлади. Агар дилида тасдиқлаб, узрсиз тилида айтмаса у Аллоҳнинг наздида мўмин бўлади, лекин одамларнинг наздида мўмин ҳисобланмайди. Аксинча, тилида айтиб, дилида тасдиқламаса одамларнинг назарида мўмин ҳисоблансада, лекин аслида мунофиқ бўлади. Шунинг учун имоннинг комил бўлиши учун дилда тасдиқ ва тилда иқрор бўлиши шарт қилинган.

Ҳар бир мусулмоннинг ақидаси тўғри бўлиши ўта муҳимдир. Яъни, ақиданинг зарурий масалаларини билмаган киши ҳар қанча ибодат қилса ҳам, ақидаси тўғри бўлмагани сабабли, қилган ибодатлари унга ҳеч қандай наф бермайди.

Муҳтарам жамоат! Ақидани яхши билмаслик динда чуқур кетишга олиб боради. Динда ғулувга кетиш эса, инсонни ҳалокатга элтади. Бу борада Расулуллоҳ с.а.в. шундай деганлар:

عن ابن مسعود رضي الله عنه أنَّ النبي صلى الله عليه وسلم قَالَ: "هَلَكَ المُتَنَطِّعُونَ" قَالَهَا ثَلاَثا"

(رواه الإمام مسلم).

яъни: Ибн Масъуд р.а.дан ривоят қилинади: Пайғамбар с.а.в.: “Ҳаддан ташқари чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар”, деб уч марта такрорладилар (Имом Муслим ривояти). Бундан мурод мусулмон киши диний ишларда Қуръони карим ва суннати набавияда бўлмаган турли ибодатларни кўпайтириб олиб, меъёрга риоя қилмасдан ҳаддан ошириб юборишдир. Шуни таъкидлаш лозимки, баъзилар динни жуда ҳам енгил олиб, Аллоҳ таоло буюрган амалларни адо қилишни ортга сурсалар, яна баъзилар эса уни ҳаддан ошириб юборишади. Бу иккиси ҳам нотўғридир.

Динда ғулувга кетиш - мусулмон халқларининг ўртасини бўлиб юборишга сабаб бўлади. Бунинг оқибатида ватанда беқарорлик вужудга келади. Юртнинг қуввати заифлашади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

وَأَطِيعُوا اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَلَا تَنَازَعُوا فَتَفْشَلُوا وَتَذْهَبَ رِيحُكُمْ

 (سورة الأنفال/46).

яъни: Аллоҳга ва Расулига итоат қилингиз ва низолашмангиз, акс ҳолда сустлашиб кетурсиз ва “шамолингиз” (обрўйингиз) кетиб қолур (Анфол сураси, 46-оят). Демак, ўзаро келишмовчиликда, низода ва ихтилофда бўлиш, турли оқим ва фирқаларга бўлиниш шу халқнинг сустлашиши ва қувватининг кетиб қолишига сабаб бўлади.

Бугунги кунда диний билимни ёшларимиз турли интернет воситаси орқали ўрганиб, ўзлари билмаган ҳолда нотўғри эътиқодга кириб қолишмоқда. Болаларимизнинг ақидаси тўғри шаклланиши учун улар мадраса кўрган, интизомий дарс ўқиган устозлардан намуна олишлари зарурдир. Бундан ташқари исломий ақидадан умуман бехабар кишилар орасида муқаддас ислом динини менсимасдан миссионерларнинг даъватига алданиб қолаётганлар ҳам учрамоқда. Мусулмон кишининг ўз динидан воз кечиб, ўзга динни қабул қилиши Аллоҳ таолонинг даргоҳида кечирилмас гуноҳдир. Мўмин мусулмон халқимиз бундай ишлардан ҳазарда бўлишлари лозим.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо, халқимиз фаровонлигини бундан ҳам зиёда айлаб, барчамизни рушду ҳидоятда барқарор бўлмоғимизни насибу рўзи қилсин. Омин!

Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг Ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар баёни қисмида жамоат намози хусусида сўз юритамиз.

Беш вақт намоз учун имом билан бирга икки киши, жума намози учун эса имомдан ташқари уч киши жамоат ҳисобланади.

Жума ва икки ҳайит намозларини жамоатсиз адо этиб бўлмайди. Яъни ҳеч бир киши ёлғиз ҳолида мазкур намозларни ўқиши мумкин эмас.

Беш вақт намоз учун жамоат суннати муаккададир. Яъни узрсиз кишилар учун беш вақт намозни масжидда жамоат билан адо этиш таъкидланган суннатдир.

Агар икки киши намозни жамоат бўлиб ўқимоқчи бўлса, имом чап тарафда туради, унга иқтидо қилувчи эса, имомнинг ўнг тарафида бир қадам орқада туради. Агар иқтидо қилувчиларнинг сони иккитадан ортиқ бўлса, имомнинг ортидан саф тортадилар.

Аёллар намозни жамоат қилиб ўқимайдилар, имомликка ўтмайдилар.

Масжидда жамоат намози ўқиб бўлингандан кейин кеч қолиб келган кишиларнинг намози борасида икки хил ҳолат мавжуд:

  1. Агар масжид маҳалла ичида жойлашган бўлиб, шу масжиднинг қавми жамоат намозини ўқиб бўлганидан сўнг, жамоатга кеч қолиб келган кишиларнинг ҳар бирлари намозларини жамоат қилмай ёлғиз ўқийдилар.
  2. Агар масжид катта йўл бўйида жойлашган бўлиб, у масжиднинг қавми жамоат намозини ўқиб бўлганидан кейин ҳам йўловчилар бирин-кетин масжидга кириб келишлари доимий тарзда, одатий ҳолга айланган бўлса, у ҳолда бундай масжидда жамоатга кеч қолган кишилар намозларини қайтадан жамоат қилиб ўқишлари жоиз бўлади. Бироқ, кейинги жамоатнинг имоми аввалги жамоатнинг имоми турган меҳробдан бошқа жойда туради.

Шуни билмоқ лозимки, кейинги жамоатга етиб олишдан умидвор бўлиб аввалги жамоатга қасддан кеч қолиб келиш макруҳдир.

Таҳоратли киши узрли киши (соҳиби узр)га иқтидо қилмайди. Қори (қироати намозга яроқли) киши омий (қироати тажвидга мувофиқ бўлмаган) кишига иқтидо қилмайди. Руку ва сажда қилишга қодир бўлган киши имо-ишора билан намоз ўқийдиган кишига иқтидо қилмайди. Фарз ўқийдиган киши нафл ўқиётган кишига ёки бошқа фарзни ўқиётган кишига иқтидо қилмайди.

Таҳорат олган киши таяммум қилган кишига, аъзоларини ювган киши масҳ тортган кишига, нафл ўқийдиган киши фарз ўқийдиган кишига иқтидо қилиши жоиз.

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар

Яҳудий ва Авф ибн Молик қиссаси

26.12.2024   5443   4 min.
Яҳудий ва Авф ибн Молик қиссаси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Байҳақий, Абу Убайд ва Ибн Асокирлар Сувайд ибн Ғафла розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Умар розияллоҳу анҳу Шомга келганида аҳли китоблардан бири: «Эй мўминларнинг амири! Мўминлардан бири мени ўзинг кўриб турган ҳолга солди», деди. У калтакланган, боши ёрилган ҳолда эди. Умар розияллоҳу анҳу қаттиқ ғазабланди ва Суҳайб розияллоҳу анҳуга:

«Бор, қара-чи, бунинг соҳиби ким экан?» деди.

Суҳайб розияллоҳу анҳу бориб қараса, у Авф ибн Молик розияллоҳу анҳу экан.

Суҳайб унга: «Мўминларнинг амири сендан қаттиқ ғазабланди. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг олдига бор, у зот билан гаплашсин. Умар шошилиб, сени бир нарса қилиб қўядими, деган хавфдаман», деди.

Умар розияллоҳу анҳу намозни ўқиб бўлиб:

«Суҳайб қани?! У одамни келтирдингми?!» деди.

«Ҳа», деди Суҳайб.

Авф Муознинг олдига бориб, бўлган воқеани айтиб берган эди, бас, Муоз ўрнидан туриб:

«Эй мўминларнинг амири! У Авф ибн Молик экан. Унинг гапини эшитиб кўринг. Шошилиб, уни бир нарса қилиб қўйманг», деди. Умар унга:

«Сенинг бу билан нима ишинг бор?!» деди.

«Эй мўминларнинг амири, қарасам, бу бир муслима аёлнинг эшагини етаклаб кетаётган экан. Эшак сакраб, аёлни йиқитиб юборай дебди. Лекин аёл йиқилмабди. Манави бўлса, уни туртиб йиқитиб, ўзини аёлнинг устига отди», деди Авф.

Умар унга: «Менга аёлни олиб кел, айтганингни тасдиқласин», деди.

Авф аёлнинг олдига борди. Аёлнинг отаси билан эри: «Нима қилиб қўйдинг?! Бизнинг соҳибамизни шарманда қилдинг-ку!» дедилар.

Бироқ аёл: «Аллоҳга қасамки, у билан бораман!» деди.

Отаси билан эри: «Биз бориб, сенинг номингдан гапирамиз», дедилар ва Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келиб, Авф айтган гапларга ўхшаш гап айтдилар.

Бас, Умар амр қилди. Яҳудий осилди.

Сўнгра Умар: «Биз сизлар билан бунга сулҳ қилганимиз йўқ. Эй одамлар! Муҳаммаднинг зиммаси ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Улардан ким бу ишни қилса, унга зимма йўқ!» деди.

Сувайд: «Ўша мен кўрган яҳудий Исломда биринчи осилган одам эди», деди».

Бу ҳодисада Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг сиёсат ёки ташвиқот учун эмас, балки адолат учун иш олиб боришлари яққол намоён бўлмоқда. Мазкур яҳудий қилар ишни қилиб қўйиб, маккорлигини ишга солган эди. У: «Мусулмонларнинг халифаси келиб турибди, ҳозир сиёсат нозик пайтда унга арз қилсам, сиёсат учун менинг тарафимни олади», деб ўйлаган эди.

Дарҳақиқат, иш аввалига, сиртдан қараганда яҳудий ўйлаганича бошланди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу катта саҳобий Авф ибн Молик розияллоҳу анҳунинг обрўсига эътибор қилмай, ишнинг ҳақиқатини суриштира бошладилар. У кишидан бошқа одам бўлганида бир яҳудийни деб, ўзимизнинг обрўли одамни хижолат қилмайлик, деган мулоҳазага бориши мумкин эди. Аммо ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг табиатларида ва у киши кўрган тарбияда бундай мулоҳаза бўлиши мумкин эмас эди.

У кишидан бошқа одам бўлганида сиёсат учун, ноҳақдан бўлса ҳам уларнинг ёнини олиши мумкин эди. Аммо ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бундай қилишлари мумкин эмас эди. У киши айб­дор ким бўлишидан қатъи назар, унинг айбига яраша жазосини бериш тарбиясини олганлар. Ва шундай қилдилар ҳам.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди