بسم الله الرحمن الرحيم
ИМОН ҲАЛОВАТИ – АҚИДА МУСАФФОЛИГИДА
Муҳтарам биродарлар! Ислом дини бешта рукнга бино қилинган бўлиб, уларнинг энг биринчиси, қолган тўрттасининг мақбул бўлишига асос саналган рукни имондир. Ақида масаласи айнан мана шу рукнга тегишли бўлиб, бу ҳақда барча мусулмонлар етарли даражада илмга эга бўлишлари лозимдир. Зеро, улуғ машойихлардан Сўфи Оллоҳёр айтганларидек:
Ақида билмаган шайтона элдур,
Агар минг йил амал деб қилса елдур.
Ақида борасида битилган энг мўтабар китоблардан биринчиси Имом Абу Ҳанифа р.ҳ.га мансуб “Ал-фиқҳул акбар” китоби бўлиб, бу асар биз мотуридий ақидасига эргашувчи мусулмонлар учун асосий манба саналади. Абу Ҳанифа р.ҳ. бу китобда шундай деганлар:
أَصْلُ التَّوْحِيدِ وَ مَا يَصِحُّ اْلاِعْتِقَادُ عَلَيْهِ يَجِبُ أنْ يَقُولَ: آمَنْتُ بِاللهِ، وَ مَلاَئِكَتِهِ، وَ كُتُبِهِ، وَ رُسُلِهِ، وَ الْبَعْثُ بَعْدَ الْمَوْتِ، وَ الْقَدَرِ خَيْرِهِ وَ شَرِّهِ مِنَ اللهِ تَعَالَى، وَالْحِسَابُ وَ الْمِيزَانُ، وَالْجَنَّةُ وَ النَّارُ حَقٌّ كُلُّهُ. وَاللهُ تَعَالَى وَاحِدٌ لاَ مِنْ طَرِيقِ اْلعَدَدِ، وَلَكِنْ مِنْ طَرِيقِ أنَّهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ: قُلْ هُوَ اللهُ أحَدٌ* اَللهُ الصَّمَدُ* لَمْ يَلِدْ وَلَمْ يُولَدْ* وَلَمْ يَكُنْ لَهُ كُفُواً أحَدٌ
(سورة الإخلاص).
яъни: “Тавҳиднинг асли ва эътиқод қилиш тўғри бўлган нарса шуки: ҳар бир мусулмон шундай деб айтиши вожиб бўладики: Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, вафот этгандан сўнг қайта тирилишга, тақдирнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканлигига имон келтирдим. Ҳисоб, тарозу, жаннат ва дўзах барчаси ҳақдир. Аллоҳ таоло бирдир, лекин соноқ жиҳатидан эмас, балки Унинг шериги йўқлиги жиҳатидан. Қуръони каримда айтилганидек: “(Эй Муҳаммад!), айтинг: “У Аллоҳ ягонадир. Аллоҳ беҳожат, (лекин) ҳожатбарордир. У туғмаган ва туғилмаган ҳам. Шунингдек, Унинг ҳеч бир тенгги йўқдир” (Ихлос сураси).
Ушбу матнда ақиданинг асослари ва унинг тўғри бўлиш тарзи зикр этиб ўтилмоқда. Банда юқорида айтилган ақидаларга аввало чин дилдан ишонмоғи лозим. Сўнгра уни тилида айтса имони комил бўлади. Агар дилида тасдиқлаб, узрсиз тилида айтмаса у Аллоҳнинг наздида мўмин бўлади, лекин одамларнинг наздида мўмин ҳисобланмайди. Аксинча, тилида айтиб, дилида тасдиқламаса одамларнинг назарида мўмин ҳисоблансада, лекин аслида мунофиқ бўлади. Шунинг учун имоннинг комил бўлиши учун дилда тасдиқ ва тилда иқрор бўлиши шарт қилинган.
Ҳар бир мусулмоннинг ақидаси тўғри бўлиши ўта муҳимдир. Яъни, ақиданинг зарурий масалаларини билмаган киши ҳар қанча ибодат қилса ҳам, ақидаси тўғри бўлмагани сабабли, қилган ибодатлари унга ҳеч қандай наф бермайди.
Муҳтарам жамоат! Ақидани яхши билмаслик динда чуқур кетишга олиб боради. Динда ғулувга кетиш эса, инсонни ҳалокатга элтади. Бу борада Расулуллоҳ с.а.в. шундай деганлар:
عن ابن مسعود رضي الله عنه أنَّ النبي صلى الله عليه وسلم قَالَ: "هَلَكَ المُتَنَطِّعُونَ" قَالَهَا ثَلاَثا"
(رواه الإمام مسلم).
яъни: Ибн Масъуд р.а.дан ривоят қилинади: Пайғамбар с.а.в.: “Ҳаддан ташқари чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар”, деб уч марта такрорладилар (Имом Муслим ривояти). Бундан мурод мусулмон киши диний ишларда Қуръони карим ва суннати набавияда бўлмаган турли ибодатларни кўпайтириб олиб, меъёрга риоя қилмасдан ҳаддан ошириб юборишдир. Шуни таъкидлаш лозимки, баъзилар динни жуда ҳам енгил олиб, Аллоҳ таоло буюрган амалларни адо қилишни ортга сурсалар, яна баъзилар эса уни ҳаддан ошириб юборишади. Бу иккиси ҳам нотўғридир.
Динда ғулувга кетиш - мусулмон халқларининг ўртасини бўлиб юборишга сабаб бўлади. Бунинг оқибатида ватанда беқарорлик вужудга келади. Юртнинг қуввати заифлашади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
وَأَطِيعُوا اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَلَا تَنَازَعُوا فَتَفْشَلُوا وَتَذْهَبَ رِيحُكُمْ
(سورة الأنفال/46).
яъни: “Аллоҳга ва Расулига итоат қилингиз ва низолашмангиз, акс ҳолда сустлашиб кетурсиз ва “шамолингиз” (обрўйингиз) кетиб қолур” (Анфол сураси, 46-оят). Демак, ўзаро келишмовчиликда, низода ва ихтилофда бўлиш, турли оқим ва фирқаларга бўлиниш шу халқнинг сустлашиши ва қувватининг кетиб қолишига сабаб бўлади.
Бугунги кунда диний билимни ёшларимиз турли интернет воситаси орқали ўрганиб, ўзлари билмаган ҳолда нотўғри эътиқодга кириб қолишмоқда. Болаларимизнинг ақидаси тўғри шаклланиши учун улар мадраса кўрган, интизомий дарс ўқиган устозлардан намуна олишлари зарурдир. Бундан ташқари исломий ақидадан умуман бехабар кишилар орасида муқаддас ислом динини менсимасдан миссионерларнинг даъватига алданиб қолаётганлар ҳам учрамоқда. Мусулмон кишининг ўз динидан воз кечиб, ўзга динни қабул қилиши Аллоҳ таолонинг даргоҳида кечирилмас гуноҳдир. Мўмин мусулмон халқимиз бундай ишлардан ҳазарда бўлишлари лозим.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо, халқимиз фаровонлигини бундан ҳам зиёда айлаб, барчамизни рушду ҳидоятда барқарор бўлмоғимизни насибу рўзи қилсин. Омин!
Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг Ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар баёни қисмида жамоат намози хусусида сўз юритамиз.
Беш вақт намоз учун имом билан бирга икки киши, жума намози учун эса имомдан ташқари уч киши жамоат ҳисобланади.
Жума ва икки ҳайит намозларини жамоатсиз адо этиб бўлмайди. Яъни ҳеч бир киши ёлғиз ҳолида мазкур намозларни ўқиши мумкин эмас.
Беш вақт намоз учун жамоат суннати муаккададир. Яъни узрсиз кишилар учун беш вақт намозни масжидда жамоат билан адо этиш таъкидланган суннатдир.
Агар икки киши намозни жамоат бўлиб ўқимоқчи бўлса, имом чап тарафда туради, унга иқтидо қилувчи эса, имомнинг ўнг тарафида бир қадам орқада туради. Агар иқтидо қилувчиларнинг сони иккитадан ортиқ бўлса, имомнинг ортидан саф тортадилар.
Аёллар намозни жамоат қилиб ўқимайдилар, имомликка ўтмайдилар.
Масжидда жамоат намози ўқиб бўлингандан кейин кеч қолиб келган кишиларнинг намози борасида икки хил ҳолат мавжуд:
Шуни билмоқ лозимки, кейинги жамоатга етиб олишдан умидвор бўлиб аввалги жамоатга қасддан кеч қолиб келиш макруҳдир.
Таҳоратли киши узрли киши (соҳиби узр)га иқтидо қилмайди. Қори (қироати намозга яроқли) киши омий (қироати тажвидга мувофиқ бўлмаган) кишига иқтидо қилмайди. Руку ва сажда қилишга қодир бўлган киши имо-ишора билан намоз ўқийдиган кишига иқтидо қилмайди. Фарз ўқийдиган киши нафл ўқиётган кишига ёки бошқа фарзни ўқиётган кишига иқтидо қилмайди.
Таҳорат олган киши таяммум қилган кишига, аъзоларини ювган киши масҳ тортган кишига, нафл ўқийдиган киши фарз ўқийдиган кишига иқтидо қилиши жоиз.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Айтинг-чи, Қуръонда нечта ҳукмий оят бор? Энг узоғи 500 та ҳукмий оят бор. Ҳукмга доир нечта ҳадис бор? Баъзи уламолар 500 та дейишган, баъзилари 700, 1000, 1500, 2000, 3000 гача дейишган. Мен фақат ҳукмга доир ҳадисларни айтяпман. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадислар нечта? 8 мингтадан 12 мингтагача дейилган. Умуман олсак, суннат захирасида нечта аҳком ҳадислари бор? Юқорида айтганимиздек, 500, 1000, 2000, 3000...
Қуръондаги ҳукмга оид оятлар билан қўшганда, 5000 та дейлик. Лекин ҳаётда миллионлаб, ўн миллионлаб масалалар бор-ку. Шулардан тахминан 5000 тасига Қуръон ва Суннатдан далил топармиз. Лекин қолган миллионлаб масалаларга-чи? Шахсий масалалару, муомалот бобини қўйиб турайлик, намознинг ўзини олсак, ундаги ҳолатларнинг майда тафсилотларига бу 5000 танинг ичидан далилни топа олмасак-чи? Икки йўлдан бирини танлаш керак бўляпти. Агар Қуръон ва Суннатнинг зоҳирига чекланиб қолсам, Қуръондаги «У ҳар бир нарсани баён қилувчидир» деган оятни ёлғонга чиқаришимга тўғри келиб қолади. Аллоҳ асрасин, ҳатто намоздаги ҳамма ҳолатларни тўлиқ баён қилиб бера олмаса, қандай қилиб ҳар бир нарсани баён қилувчи бўла олади?! Агар фақат Қуръон ва Суннатнинг ўзи билангина чеклансам, гўёки динсизликка чақираётган бўлиб қолар эканман, чунки ҳаётнинг ҳамма жабҳаларига ҳукм топиб бера олмай қоламан. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло: «Бу кун динингизни мукаммал қилиб бердим», деяпти. Демак, бу дин мукаммал бўлиши керак. Лекин Қуръон ва Суннатда кийим-кечак, самолёт, автомобиль, ширкатлар ва бошқа минглаб ижтимоий масалаларга тегишли очиқ ҳукм топа олмайман, чунки мен далилларни шу икки манбага, улардаги муайян ададга чеклаб қўйган бўламан.
Мана шунинг учун дин душманлари динни йўқ қилиш, уни амалдан чиқариб юборишни даъво қилишяпти. Ташаддуд ва таҳаллул йўналишлари мана шунга чақиришяпти, яъни Исломни далилларнинг зоҳири билан чеклаб қўйишга ҳаракат қилишяпти. Хўш, унда нима бўлади? Одамлар муомалотда (яъни ўзаро олди-берди, оилавий масалалар, даъволашув ишлари, мерос борасида), умуман олганда, юриш-туришда диндан узоқлашиб кетади. Далилларнинг фақат зоҳирига амал қиламан деса, ҳаётнинг жуда оз жабҳаларидагина Исломга амал қила олади.
У ҳолда қолган амалларнинг ҳукми нима бўлади? Уларни қаердан оламиз? Аллоҳ таоло бу саволга: «Билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг», деб жавоб берди. Демак, бундан бошқа ҳукмлар ижтиҳод, истинбот, яъни далилдан ҳукм чиқариш орқали олинади. Мана шу йўл, яъни ижтиҳод қилиш саҳиҳлигига чексиз далиллар бор.
Демак, яна мавзуимизга қайтсак. Ҳар бир масалага далил керак, лекин «Далил – фақат Қуръон ва Суннатнинг ўзи» десак, қийин аҳволда қоламиз. Қуръон ва Суннатда очиқ далили бор масалалар барча масаланинг ҳукмини олишга етарли эмас. Шунинг учун бу нотўғри йўлдир, чунки масалалар шу қадар кўпки, «Ўн мингта масаладан биттасига очиқ-ойдин далил бор», десак ҳам, муболаға қилмаган бўламиз. Ўн мингта масаладан биттасига! Эътибор беринг, далили Қуръон ва Суннатда бор бўлган масалалар ўн мингта масаладан биттасига тўғри келади.
Шунинг учун биз «Ҳар бир фиқҳий масаланинг далили бор» деганда, умумий далилларни, қиёс ва қоидаларни ҳам тушунамиз. Далилсиз бирон масала йўқ, дегани мана шудир. Масалани тор олиб, «Далил - фақат Қуръон ва Суннат» десак, ўн мингта масаладан биттасига далил топа олар эканмиз. Шу эътибордан, агар мендан ўша ўн мингта масаладан биттасининг ҳукмини талаб қилиб, қолган барча масалани инкор қилсангиз, Исломни бекор қилган бўласиз. Ташаддуд йўналишига чақирадиганлар шундай қилишяпти.
Биз улар ҳақида ҳазил қилиб, бундай деймиз: «Уларнинг олтмишта масаласи бор, Ислом шу олтмишта масаладан иборат, тамом. Қолган жабҳалар Ислом эмас. Улар учун Ислом нима? Фақатгина шанба куни рўза тутиб бўлмайди, йигирма ракат намоз йўқ, калта иштон кийиш керак, соқол ва шунга ўхшаган саноқли гапларни айлантираверишади».
Лекин муомалот масаласи, шахсий ҳолатлар ҳақидаги масалалар, давлат ишлари ҳақида гаплашайлик, десангиз, ҳеч нарса билишмайди, чунки улар Исломни ўн мингта, балки миллионта масаладан биттагинаси билан чеклаб қўйишди. Ёмон хулқлар, такаббурлик, тасарруфотлар, мусулмонларни ўлдириш, ҳаром ишларни ҳалол санаш ва бошқа мавзулар билан уларнинг иши йўқ. «Мен фақат далилга эргашаман», дейишади. Қандай далилга? Сен гумон билан даъво қиляпсан. Сен бу ишинг билан шариатни тўхтатишга, уни бекор қилишга даъват қиляпсан. Сен ҳар бир масалага очиқ-ойдин далил талаб қилсанг, бу нарса зоҳиран яхши ишдек кўринаверади, лекин аслида бу динни, унинг ҳукмларини емириш бўлади, шариатнинг аҳкомларини бекор қилиш бўлади.
Ҳар бир масалага далил топасиз, лекин ўша далил Қуръон ва Суннатдан келиб чиққан қоидалардан бўлади. Юқорида ҳам айтдик, ҳанафий мазҳаби қоидалар мажмуасидир, Қуръон ва Суннатдан хулоса қилиб олинган қоидалар тўпламидир. Қуръон ва Суннат асосида қоидалар ишлаб чиқилган, ана шу қоидалардан эса фиқҳий масалалар келиб чиққан. Демак, бизнинг далилимиз ҳам Қуръон ва Суннатдан олинган, лекин ўртадаги маълум восита орқали олинган. Ҳукм қоидадан олинган, қоида эса Қуръон ва Суннатдан олинган. Бундан бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Ҳар бир ҳукмнинг далили борлиги мана шудир. Истисносиз, миллионта фиқҳий масала бўлса ҳам, мана шу йўл билан унинг далилини топаверасиз. Лекин Қуръон ва Суннатдан очиқ-ойдин далил қидирсангиз, ўн мингта масаладан биттасига далил топасиз, холос.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан