Тил инсоннинг энг мукаррам, шу билан бирга энг хатарли азоси ҳамдир. Агар инсон уни яхшиликга ишлатса, улкан ажр-мукофотларга эга бўлади, бордию ёмонликга ишлатса уни ортидан маломатга қолиши тайин. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллоллоҳу аълайҳи васаллам: “Одам боласининг кўпчилик хатолари тилидан” [1] деганлар.
Инсонни абадий саодатга эришишиб жаннатга кириши, ёки бахтсиз бўлиб дўзахга киришишининг ҳам асосий сабабчиси тилидир. Абу Ҳурайра розиёллоҳу аънҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллоллоҳу аълайҳи васаллам, инсонларни жаннатга киритадиган амалларнинг кўпроғи ҳақида сўралганларида: “Аллоҳга тақво қилиш ва чиройли хулқ” дедилар. Инсонларни дўзахга киритадиган нарсаларнинг аксари ҳақида сўралганларида эса: “Оғиз ва фарж” [2] дедилар. Демак инсоннинг нажот топишига Аллоҳга бўлган тақвоси ва чиройли хулқи сабабчи бўлса, ҳалокатга учрашига тилини лағвдан, авратини зинодан сақламаслиги сабаб бўлар экан. Жобир розиёллоҳу аънҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллоллоҳу аълайҳи васаллам: “ Ким менга икки жағи ва икки оёғи ўртасидаги нарсани сақлашни кафолатини берса, мен унга жаннат кафолатини бераман. Бирор бир садақа Аллоҳ азза ва жаллага яхши сўздан кўра маҳбуброқ эмас” [3] дедилар.
Сўзнинг аҳамияти шунчалик муҳимки инсон биргина сўзи билан мусулмон бўлиши ёки диндан чиқиши, инсонлар ўртасини ислоҳ қилиши ёки бузиши мумкин. Шундай экан Аллоҳ таъоло неъмат қилиб берган тилларимизни фақат хайрли амалларга ишлатмоғимиз ва уни Аллоҳ ва Росули қайтарган нарсалардан тиймоғимиз лозим. Анас розиёллоҳу аънҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллоллоҳу аълайҳи васаллам: “Токи тилини сақламагунича бирортангиз ҳам иймоннинг ҳақиқатига ета олмайди” [4] дедилар. Росулуллоҳ соллоллоҳу аълайҳи васаллам ҳадиси шарифда марҳамат қилганларидек иймоннинг ҳақиқатига етиш мақсадида тилимизни ундан сақлашимиз керак бўлган нарсаларни яна бир бор эслатиб ўтишни лозим деб билдик. Чунки Аллоҳ таоло: “ (Эй, Муҳаммад соллоллоҳу аълайҳи васаллам) Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур”[5] деган.
“Ислом нури” жоме масжиди имом хатиби,
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси А. Собиров.
[1] Табароний ва Ибн Абуддунё ривояти.Ваҳид Абдуссалом Болий. Ҳифзуллисан 5-бет.1990-йил Макка-и мукаррама.
[2] Термизий ривоят қилиб саҳиҳ деган 3.245 Ваҳид Абдуссалом Болий. Ҳифзуллисан 5-бет. 1990-йил Макка-и мукаррама.
[3] Имом Байҳақий. Шуъабул-иймон, 4- жуз, тилни сақлаш боби 4915- ҳадис. 1990-йил Байрут. Дарул кутубил иълмийя.
[4] Имом Байҳақий. Шуъабул-иймон, 4- жуз, тилни сақлаш боби 5005- ҳадис. 1990-йил Байрут. Дарул кутубил иълмийя.
[5] Зориёт сураси 55-оят.Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржимава тафсири. 2009-йил Тошкент. ТИУ нашриёти.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир танишимнинг жароҳат сабабли оёқлари кесилди, унга ҳамдардлик билдириш учун ёнига бордим. У ақлли ва олим киши эди, уни зиёрат қилишга борган пайтимда: “Уммат сендан тез югурадиган спортчи ёки доим ғолиб бўладиган курашчи бўлишингни кутаётгани йўқ, улар сендан нурли ва тўғри фикрларингни кутишади. Бу нарса эса сенда бор, алҳамдулиллаҳ”, деб ҳамдардлик билдираман дея ният қилдим. Ёнига етиб борганимда у менга: “Алҳамдулиллаҳ, бу оёғим узоқ йиллар менга гўзал ҳамроҳ бўлди. Қалб рози бўладиган нарса аслида диннинг саломатлигидадир”, деди.
Ҳакимлардан бири айтади: “Қалб хотиржамлиги бошга тушган энг ёмон нарсаларга ҳам рози бўла олиш билан ҳосил бўлади. Бундай ҳолатларга рози бўлиш инсоннинг кишанланган шижоатини озод этади. Шунга қарамай жуда кўпчилик инсонлар ҳаётларини ғазаб оловида барбод этишади. Чунки улар аччиқ ҳақиқатга таслим ва халос бўлиш мумкин бўлган нарсадан қутулишдан бош тортадилар. Орзуларини янгидан бунёд этиш ўрнига мозий билан охири йўқ жангга киришадилар ва изтиробларни бефойда маломат қиладилар. Аслида эса ўтиб кетган нарсага афсус-надомат чекиш муваффақиятсизликка олиб боради. Шунинг учун бундай нарсалардан сақланишга уриниш лозим”.
Шуъла: Йиқилганингизни тан олиш энг катта душманинингиздир. У сизнинг хотиржамлигингизни йўқотади.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан