Фарзанд – Аллоҳ таоло бизга берган улуғ неъматларидан бири, ҳаётимиз маъноси, қалбимиз қувончи. Вазифамиз уларни яхши тарбиялаш, ёмонликлардан асрашдир. Уларнинг саодати биз бу вазифани қандай адо этишимизга боғлиқ. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангиз. У (дўзах) устида қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турар” (Таҳрим, 6).
Ушбу оят тушганида ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Ё Расулуллоҳ, ўзимизни дўзахдан сақлаймиз, бу тушунарли. Аммо аҳли оила ва фарзандларимизни қандай сақлай оламиз?” деб сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ сизни қайтарган нарсалардан уларни ҳам қайтарасиз ва Аллоҳ сизга буюрган ишларга уларни ҳам ундайсиз. Шу йўл билан уларни дўзахдан сақлаган бўласиз”, деб жавоб берганлар (Қуртубий тафсиридан).
Бола тарбияни дастлаб оилада олади. Катталарнинг бутун хатти-ҳаракатларини худди суратга олгандек онгига жойлаб, улғайгач, уларни ҳаётига татбиқ этади. Ахлоқи ёмон болалар асосан муҳити соғлом бўлмаган оиладан чиқиши маълум. “Бугунги ўғри, фирибгар ва хулқи ёмон кимсалар кеча тарбиясига эътибор берилмаган болалардир!” деган эди Абдулла Авлоний.
Оиладаги тарбиядан ташқари, болаларимизнинг кўча-кўйда юриш-туришларига ва кимлар билан алоқа қилаётганига ҳам алоҳида аҳамият беришимиз керак. Ёшларнинг ичкиликбозлик, гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш ва ахлоқсиз, кўнгилочар масканларда тентираб юришлари каби миллий ва диний қадриятларимизга мутлақо зид, зарарли иллатларга чалинишлари бизнинг бепарволигимиздан бошланишини унутмайлик.
Менимча, фақат ота-онасини йўқотган эмас, балки қаровсиз қолган, тарбиясига биров аҳамият бермаган бола ҳам етим ҳисобланади. Келажагимиз бўлган болаларимиз тарбиясига катта аҳамият беришимиз, уларнинг юксак ахлоқий қадриятлар, миллий ва диний анъаналаримизга содиқ бўлишларига ғайрат қилишимиз лозим. Пайғамбаримизнинг “Ота ўз фарзандига чиройли тарбиядан яхшироқ мерос қолдиролмайди” (Термизий ривояти), деган ҳадиси шарифини ёдимиздан чиқармайлик.
“Ҳидоят” журналидан
ЎМИ Матбуот хизмати
Шу кунларда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар Диний идоралари ҳузуридаги Фатво кенгашининг навбатдаги семинари Туркия пойтахти Анқара шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон ва Озарбайжон давлатларидан келган мутахассислар иштирок этмоқда.
Тадбир Туркий давлатлар ташкилоти котибияти ташаббуси ва Туркия диёнат ишлари бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган йиғилиш олти кунлик махсус семинар шаклида ўтказилмоқда.
Мазкур йиғилишда янги ойни кузатиш, намоз вақтлари, тақвим тузиш, озуқа маҳсулотларига қўшиладиган желатин моддасининг ҳукми, сафар масофаси, закот нисобини аниқлашга оид масалалар бўйича ҳар бир юрт вакили ўз тажрибаларини баён қилиб, фикр-мулоҳаза алмашмоқда. Шунингдек, тадбир қатнашчилари Туркия диёнат ишлари бошқармаси иш фаолияти билан ҳам яқиндан танишмоқда.
Йиғилишдан кўзланган мақсад Туркий давлатлар ўртасида диний-маърифий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, фатволар чиқаришда ўзаро якдиллик ва бирхилликни таъминлашдир.
Ушбу халқаро семинарда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламолари Ғуломиддин домла Холбоев, Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров, Абдулатиф домла Турсунов қатнашмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати