Аллоҳни зикр қилиш нафсга энг қийин, лекин ажри энг улуғ бўлган амал ҳисобланади. У қалбни сайқаллаштиради, мўминни куфр ва нифоқдан ажратиб туради. Зикр ибодатнинг илиги ва нажот калитидир. Зикрнинг суннатларидан бири махфийликдир. Зеро, махфий зикрнинг фазли жаҳрийсига қараганда етмиш марта кўп бўлади. Бу қуйидаги далилларда ўз исботини топган:
Биринчидан, махфий зикрнинг афзаллигига оятда ишора бор: “Роббингизга тазарру ва махфийлик билан дуо қилинг”.
Иккинчидан, ҳадисларда махфий зикр мақталган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зикрнинг энг яхшиси махфийсидир”, деганлар. Абу Мусо Ашъарий раҳматуллоҳу алайҳ шундай ривоят қилади: “Хайбар ғазотидан қайтаётиб, бир водийда тўхтадик. Шунда одамлар овозларини баланд кўтариб такбир айта бошлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй инсонлар, ўзингизга эрк берманглар, албатта, сизлар кар ва ғойиб зотга дуо қилмаяпсизлар. Сизлар ўта эшитувчи ва ўта яқин Зотга дуо қиляпсизлар”, дедилар.
Учинчидан, саҳобийлар ҳам махфий зикрни афзал кўришган. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу масжидга кирса одамлар баланд овозда таҳлил айтаётган экан. Шунда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Сизлар бидъатчиларнинг ишини қилмоқдасизлар”, деб, уларни масжиддан чиқариб юборди.
Тўртинчидан, махфий зикр риёдан узоқ ва холи бўлиб, унинг самараси ва фойдаси жаҳрий зикрникидан кўра кўпроқ ва тезроқ ҳосил бўлади. Махфий зикр Аллоҳ билан бандаси орасидаги сир бўлиб, унинг ажрини Аллоҳнинг ўзи беради. Жаҳрий зикрда эса риёнинг хавфи кучлироқ бўлади.
Бешинчидан, махфий зикр ўзидан ҳушбўй ҳид ёки нур таратади. Зеро, махфий зикр қилган одамнинг нафаси тавҳид билан чиқади ва хушбўй мушк бўлиб таралади. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, аксарият тасаввуф пирлари қаерга борсалар, ўша ерда мушкнинг ҳиди анқиб кетар экан. Ҳатто шундай кароматлар ҳам кўрсатишганки, тариқат пирларининг олган нафаслари нур бўлиб кўриниб турган. Бу махфий зикрнинг самарасидир. Фаришталар ҳам махфий зикрни номаи амолга ушбу хушбўй ҳид ёки нурнинг таралишига қараб ёзиб боришади. Жаҳрий зикрнинг ҳар бир ҳарфига яхшилик ёзилса, махфий зикрнинг нури ёки ҳушбйў ҳидининг ҳар бир заррасига савоб ёзилади.
Олтинчидан, махфий зикр касб билан шуғулланишга ҳам халал бермайди. Чунки у қалбда кечадиган жараён бўлиб, бошқа аъзоларнинг ҳаракатига нуқсон етказмайди. Аллоҳ таоло Жумъа сурасида шундай марҳамат қилади: “Бас, агар намоз тугаса, (намозни ўқиб бўлгач) ер юзига тарқалинглар ва Аллоҳнинг фазлидан (ризқу рўз) истанглар ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилинглар! Шояд нажот топурсизлар!” Оятда касб билан шуғулланиш асносида Аллоҳни ҳам зикр қилишга тарғиб қилинмоқда. Яъни, бир сўз билан айтганда, Нақшбандия тариқатининг “Даст ба кору дил ба Ёр” (“Қўл иш билан, дил Ёр – Аллоҳ билан машғул”) таълимоти айнан шу оятнинг самарасидир. Жаҳрий зикрнинг бу борада имкониятлари нисбатан камроқ. Чунки жаҳрий зикрлар орасида шундайлари борки, вазиятга, атрофдаги одамларга ва бошқа шу каби омилларга қараб бажарилади ёки тарк қилинади. Масалан, ухлаб ётган ёки бирор иш билан машғул бўлиб турган одамнинг олдида Қуръон тиловатини жаҳрий қилиш аксар фақиҳларимизнинг фикрича макруҳ ҳисобланади. Лекин бу ўринларда махфий тиловат қилишга рухсат берилган.
Юқоридаги мулоҳазалардан жаҳрий зикр мутлақо мумкин эмас, деган хулосага келиш ноўрин. Шундай вазиятлар борки, махфий зикрдан кўра жаҳрийси афзал бўлиб қолади. Масалан, зикрни қалбга мустаҳкам жойлаштириш, атрофдагиларни ҳам савобга дохил қилиш, тариқат устози шогирдининг ҳолатини ҳисобга олиб вазифа бериши, қиёматда ўзининг фойдасига гувоҳларни кўпайтиришда ва бошқа шу каби ҳолатларда ният холис бўлиши ва риёдан йироқ бўлиш шарти билан жаҳрий зикр махфийсидан афзал бўлади. Аллоҳу аълам бис соваб.
А.МАЛЛАБОЕВ,
Манбалар хазинаси ходими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Кишилик тарихини кузатсак, киши ҳар бир замон ва жамиятнинг салоҳияти, равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанишини билиб оламиз. Мусулмонлар ҳам Аллоҳнинг буйруқлари ва Унинг Расули кўрсатмаларига амал қилиб, илму ирфонни ўрганган, маърифатга талпинган даврларида қўллари узун, тиллари ўткир, мартаба-мақомлари баланд бўлган. Аксинча, илм-фандан юз ўгириб, лоқайдлик ва танбаллик туфайли жаҳолатга юз буришганида қўлларидан нусрат, салтанат, сарват кетган, ўзлари хўрланишган.
Илм инсонга нима фойда-ю, нима зарар эканини билдиради, киши орзу-мақсадларига фақат илм орқали етишади. Илму ирфондан юз ўгирган ёки илм олишга лаёқати паст бўлган жамият эса ҳамиша кимгадир юкуниб яшашга маҳкум бўлди. Зеро, Аллоҳ таоло ҳам Қуръони Каримда: «...Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» (Зумар сураси, 9-оят) деб бу борада аниқ мезонни белгилаб берди.
Азал-азалдан бу юртнинг нури бутун дунёга таралиб, порлаб тургани сир эмас. Масалан, Имом Бухорийни ким билмайди? Имом Термизийни, имом Доримийни-чи? Ёки Бурҳониддин Марғиноний, Абу Муъийн Насафий каби улуғ зотларни ким эътироф этмайди? Бу улуғ имомларнинг илмий мерослари асрлар давомида ушбу заминнинг буюк тарихидан далолат бериб келмоқда. Бутун Ислом олами Бухоро сўзини эшитганда чексиз ҳурмат бажо келтириши ҳаммамизга маълум. Бундай эҳтиром, аввало буюк ватандошимиз – Имом Бухорий ҳазратлари, қолаверса, юртимизда етишиб чиққан уламолар шарофатидан.
Мовароуннаҳр диёри ҳар бир асрда Ислом оламига буюк алломаларни, дунё тан олган олимларни етказиб бергани тарихий ҳақиқат. Масалан, ҳижрий II асрда атоқли фиқҳ олими Абу Ҳафс Кабир Бухорий ва улуғ муҳаддис Абдуллоҳ ибн Муборак яшаб ўтишган бўлса, кейинги аср Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ва Абу Ийсо Термизийларнинг даври бўлди. Тўртинчи асрда Абу Мансур Мотуридий, бешинчи юзйилликда Абул Муъин Насафий, олтинчи асрда Абул Қосим Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний, Алоуддин Косоний, еттинчи асрда Абул Баракот Насафий каби улуғ Ислом олимлари етишиб чиқди.
Илм-фаннинг бошқа соҳаларини олиб кўрсак, бу борадаги ютуқлар ҳам илғор бўлган. Масалан, Косинуслар теоремасини биринчи бўлиб Абу Райҳон Беруний кашф қилган бўлса-да, олти юз йилдан кейин Оврупада француз олими Веитга нисбат берилди. Палеонтология ва седиментология соҳасида илк марта тажриба ўтказиб, бу бўйича китоб ҳам ёзган Абу Али ибн Сино бўлса-да, Албертга «Буюк Алберт» унвони берилди.
Биргина тиббиёт соҳасида юртимиздан чиққан улуғ олим ва ҳаким Абу Али ибн Синони бутун дунё замонавий медицинанинг отаси деб тан олгани, унинг тиббиётга оид «Ал-Қонун» каби шоҳ асари XVI асргача Ғарбдаги барча тиббиёт дорилфунунларида дарслик қилиб ўқитилгани, замонавий тиббиёт жуда кўп жабҳада Ибн Синодан ўрганганини гапириб ўтирмаймиз. Чунки бу далилларни Шарқу Ғарбда ҳамма жуда яхши билади.
Улуғ ватандошимиз Мусо Муҳаммад Хоразмий биринчи бўлиб алгебра фанига асос солган, «алгебра» истилоҳи унинг «Ал-жабр вал-муқобала» рисоласидан олинган, олимнинг номи эса «алгоритм» шаклида фанга кирган, унинг арифметикага оид рисоласи XII асрдаёқ Испанияда таржима қилиниб, шу асосда дарслик ёзилган. Яна бир улуғ олимимиз Аҳмад Фарғоний фалакшуносликнинг (астрономия) отаси саналади, унинг «Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум» китоби XII асрда Оврупа тилларига таржима қилиниб, «Алфраганус» деган лотинча ном билан бир неча аср мобайнида Ғарб университетларида астрономиядан асосий дарслик сифатида ўқитилган. Дунёда биринчи ҳисоблаш маркази Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек раҳбарлигида қурилган. XV асрда Мирзо Улуғбекнинг машҳур расадхонасида ишлаган Ғиёсиддин Жамшид Коший биринчи бўлиб ўнли касрларни кашф этган. Оврупада эса ундан 175 йил кейин Симон Стевин бундай сонлар ҳақида илк фикрларини оммага тақдим этди.
Яна бир атоқли қомусий олимимиз Абу Райҳон Беруний Христофор Колумбдан анча олдин уммон ортида номаълум қитъа борлигини айтган, Галилейдан 600 йил аввал Ернинг айланишини исботлаб ва изоҳлаб берган, биринчи глобусни ясаган, Ер билан Ой ўртасидаги масофани ўлчаган, конуслар теоремасини француз олими Вентдан 500 йил олдин кашф этган.
IX асрнинг 1-ярмида халифа Маъмун томонидан Бағдодда ташкил этилган «Байт-ул ҳикма» («Билим уйи») деб аталган академияга ҳам марвлик Абу Али Яҳё ибн Мансурдан кейин Муҳаммад Хоразмий раҳбарлик килган эди. Бу даврда Хоразмий насаби шу даражада машҳур бўлиб кетдики, кимнинг Хоразмий насаблик шогирди бўлса, обрў ҳисобланар эди.
Энди шу жойда озгина бугунги кунимизга назар ташлайлик. Бугунги кунда илм олиш учун ҳеч қандай монелик йўқ, аксинча, чорлов бор, имконият бор. Аммо бизда рағбат йўқ, ихлос суст, ғайрат-ҳаракат етишмаяпти. Қанчалаб вақтимизни беҳуда амалларга, номақбул ўтиришларга, ношаръий маросимларга сарфлаб юборяпмиз. Илм олишга, ҳеч бўлмаса, дунё ҳаяжон билан воқиф бўлаётган хабар-маълумотлар билан танишиб қўйишга эса вақт-имкон «топа олмаяпмиз». Яқин ўтмишимиздаги оила дастурхони устида хонадон каттасининг эрталаб ва кечқурунлари илмий-ахлоқий мавзуларда ихчамгина маърифий суҳбат қилгани, тожир, ҳунарманд ва зироатчилар узоқ қиш оқшомларида бир устоз этагини тутиб, илм мажлислари ташкил этишгани, ёшларнинг илм талабида ҳатто қўшни юртлардаги устозларникига қатнашгани каби ҳолатлар бугун эриш туюладиган бўлиб қолди.
Кундалик ташвишларни бир чеккага суриб туриб, ўтмиш ва бугунимизни қиёслаб кўрайлик. Кеча ким эдик, кимларнинг ворисларимиз деган саволни бериш билан бирга унга ечимни излайлик. Ажаб эмаски, шунда инсоният тамаддунида ўз сўзи ва ўрнига эга бўлган аждодларимизга муносиб фарзанд бўлиш билан бир қаторда дунё пешқадамларига айлансак.
Маҳмуд Маҳкам