2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Дастур лойиҳаси 237 та банддан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 22-декабр куни Олий Мажлисга тадқим этган мурожаатномасида кўрсатилган асосий ғоя ва таклифлари ҳамда 2017–2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган асосий вазифаларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
Жамоатчилик муҳокамаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 декабрдаги фармойишига кўра 2018 йилнинг 15 январига қадар ўтказилиши режалаштирилган.
Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасининг бешинчи йўналиши “Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасидаги устувор йўналишлар” деб номланиб унда диний-маърифий соҳага оид бўлган қуйидаги бандлар киритилган.
211-банд. Экстремизм таҳдидларини олдини олиш, унга қарши курашиш ва бартараф этишга қаратилган “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш. Муддат 2018 йил 30 август этиб белгиланган.
Лойиҳада экстремизм тушунчасининг таърифи, унга қарши курашиш, олдини олиш ва бартараф этиш механизмлари, тамойиллари, усуллари, масъул органларнинг ваколатлари ҳамда халқаро ҳамкорликни амалга ошириш масалалари белгиланади.
213-банд. Экстремизм ғоялари таъсирига адашиб тушиб қолган фуқароларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни соғлом ҳаётга қайтариш тизимини янада такомиллаштириш.
Муддат 2018 йил 30 июнь этиб белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси тайёрланиши ва унда:
- терроризм ва диний экстремизмга алоқадор фуқароларни, айниқса, ёшларни кечириш ва соғлом ҳаётга қайтариш, аҳоли ўртасида зарарли диний ғоялар таъсирига тушиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича ишларни жадаллаштириш;
- мазкур ишларда маҳалла фуқаролар йиғинлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмиталари ва бошқа идоралар томонидан кафилликка олиш институтининг ташкилий-ҳуқуқий асослари ва амалиётда қўллаш механизмларини ишлаб чиқиш;
- ушбу тоифадаги шахсларнинг бандлиги, таълим олиши, ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масалалари назарда тутилади.
218-банд. Диний таълимот соҳасида тадқиқотлар ўтказиш тизимини ривожлантириш. Муддати 2018 йил 20 июнь этиб белгиланган.
Лойиҳада диний соҳада фундаментал тадқиқотлар ўтказиш, буюк аждодларимизнинг маънавий-интеллектуал меросини оммалаштириш ҳамда халқаро ва хорижий диний ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари назарда тутилади.
219-банд. Қуръон тиловати бўйича I халқаро фестивални ташкил этиш. Муддати 2018 йил 10 июль этиб белгиланган бўлиб, фестивални Бухоро вилоятида ўтказиш кўзда тутилган.
Ташкилий чора-тадбирлар:
- ислом динининг асл моҳиятини жаҳон ҳамжамиятида тарғибот қилиш;
- иқтидорли Қуръон тиловат қилувчиларни турли номинациялар бўйича рағбатлантириш;
- жамоатчилик ҳамда ёшларнинг маънавий-маърифий етукликка эришишига кўмаклашиш;
- Ўзбекистоннинг бой тарихий, диний мероси ва обидаларини хорижий сайёҳларга тарғиб этиш назарда тутилади
230-банд. Ислом оламининг жаҳон фани ва цивилизациясига қўшган беқиёс меросини тарғиб қилиш борасида мусулмон давлатлари билан ўзаро мулоқотни янада фаоллаштириш. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари лойиҳаларини тайёрлаш кўзда тутилган.
ЎМИ матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг бизнинг кунимизгача етиб келган ижтимоий аҳамиятга эга бир қанча сўзлари мавжуд, лекин биз бу ерда мавзуга оид бўлганларини келтириб ўтамиз:
«Асло ўтирган жойингизда «Аллоҳим, менга ризқ бер», деб ўтираверманг. Биласизки, осмондан олтин ҳам, кумуш ҳам ёғмайди. Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирининг ризқига сабабчи қилиб яратган».
«Инсонларга муҳтож бўлмасликка интилинглар. Шу тариқа сиз ҳам динингизни сақлаб қоласиз, ҳам инсонларнинг энг карамлиси бўласиз».
«Мен инсонларнинг энг сахий ва энг яхши хулқлисини биламан. Энг сахий инсон ўзи муҳтож бўлатуриб, бера олган инсондир. Энг яхши хулқли инсон эса унга ноҳақлик қилганни кечириб юборган инсондир».
«Агар сабр (йўқсиллик) ва шукр (бойлик) иккита туя деб фараз қилинса, кай бирига минсам (миндирилсам) ҳам, эътибор бермасдим».
«Қарзингни камайтир, эркин яша!».
«Сиз машаққатларга сабр қилишга одатланинг».
«Бойларнинг ёнига бориш фақирлар учун имтиҳондир».
«Сиз бойликка асир бўлиб қолманг. У сизни исёнга олиб боради».
«Оила аъзоларингизнинг сонини орттиринг. Ризқингиз сизга қаердан берилганини билолмайсиз».
«Диққат қилинг, Аллоҳ таоло улуғ инсонларни яратган, сиз уларга ҳурмат кўрсатинг».
«Инсоннинг фазилатини моли, асллигини дини, инсонлигини хулқи билдиради».
«Иззат бу дунёда мол билан, охиратда эса яхши амал биландир».
«Бу дунёда менга уч нарса севдирилди: оч бўлганни тўйдириш, сувсаганни сувга қондириш ва юпунни кийинтириш».
«Саъй-ҳаракат қилиш энг яхши сармоядир».
«Ҳаракат қилиш заҳмат, бўш туриш эса маҳв бўлиш демакдир».
«Гуноҳдан сақланганинг каби, бу дунё неъматлари сени издан чиқаришидан ҳам сақлан. Аллоҳга қасамки, сени алдайдиган ва йўлдан оздирадиганларнинг энг қўрқинчлиси дунё неъматидир».
«Ишсизликнинг ёмон натижаларидан сақланинг! Шубҳасиз, у сархушликдан ҳам зарарли бўлган ёмонликларни ўзида сақлайди».
«Аллоҳ таоло тежамкор ва мўътадил бўлишни ёқтиради, исрофни ёқтирмайди».
«Очкўзликнинг баъзиси фақирлик, кўзи тўқликнинг баъзиси бойликдир».
«Инсон оз ейиш билан ўлмайди».
«Йўқсилга кечки овқат едирганни Аллоҳ мағфират қилади».
«Дунё аҳли билан яқин алоқада бўлманг, чунки у ризқни камайтиради».
«Ҳар бир нарсанинг боши бўлади. Яхшиликнинг боши унинг дарҳол қилинишидир».
«Аллоҳ таоло Ўзидан қўрққанни сақлайди, Унга ишонганга кифоя қилади, Унинг розилиги учун қарз берганни мукофотлайди, шукр қилганнинг эса неъматини зиёда қилади».
«Эй фақир-йўқсиллар, бошингизни тик тутиб, шарафингизни сақланг. Ўз ризқингизни ўзингиз топишга интилинг, яхшиликлар учун шошилинг, инсонларга юк бўлманг».
«Миллионер саҳобалар» китобидан