Абу Ҳасан Али ибн Абу Бакр ибн Абдулжалил Алфарғоний Алмарғиноний. Бу зот Халифа Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг зурриётларидан. Имом 511 ҳижрий санада 8 ражаб ойининг душанба куни аср намозидан кейин туғилган. Имом раҳматуллоҳи алайҳ илмли оилада туғилиб вояга етган, отаси ва бобоси (она тарафдан), Умар ибн Ҳабибдан ёшлигидан фиқҳ, ихтилофли масалаларни ўргана бошлайди. Ҳадис илмини Саид ибн Асъад Марғинонийдан таълим олиб сўнгра илм талабида Марв, Бухоро, Насаф каби шаҳарларга сафарга чиққанлар. Имом кўп ибодат қилувчи, аллома, фақиҳ, усулий (усулул фиқҳ фанини мукаммал билувчи), сиқа (аҳли ҳадис наздида ишончли олим), эди.
Уламонинг имом ҳақида айтган сўзлари
Зар қадрини заргар билади деганидек, ўз даврининг етук, кўзга кўринган уламолари “Фақиҳ”, “Қозихон” номи билан машҳур Ҳасан ибн Мансур, “Итобий” деб танилган Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Умар “Муҳийт”, “Заҳира” китобларининг муаллифи Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Абдулазизлар имом ҳақида жуда илиқ фикрларни билдиришган. Улардан аллома Анваршоҳ Кашмирий “Имомнинг фиқҳдаги мартабасига мингта фақиҳ етолмайди”, деган.
Ислом оламига “Сияр аълам ан нубалаъ” асари билан танилган машҳур тарихчи имом Заҳабий айтади: “Аллома, Мовароуннаҳр олими, Бурҳониддин Абулҳасан Али ибн Абу Бакр илмнинг ўчоғи эди, Аллоҳ уни раҳмат қилсин. Имом ҳанафий мазҳабида масалаларни истинбот қилишда, далиллар келтиришда устозларидан ўзиб кетганди, айниқса, ҳидоя асарини ёзганидан кейин”.
Устозлари
Имом илм олишга жуда ташна эди, ўзлари ҳақида шундай дейди: “Мен илмни тўхтатмасдан, узлуксиз талаб қилганим учун шерикларимдан ўзиб кетдим”. Устозлари ҳақида “Машойихатул фуқаҳо” асарини ёзган, ҳанафий мазҳабидаги ўттизга яқин олимларни санаб ўтган эди. Улардан баъзиларини зикр қиламиз:
Отаси Абу Бакр ибн Абдужалил:
Бобоси Умар ибн Ҳабиб Абу Ҳафс қози имом (бу киши Имом Сарахсийнинг шогирди);
Аҳмад ибн Абдуррашид ибн Ҳусайн Қавомиддин Бухорий;
Аҳмад ибн Абдулазиз ибн Моза ас-Садр ас-Саййид (ундан фиқҳни ўрганган);
Аҳмад ибн Муҳаммад Абу Лайс Насафий ас-Самарқандий;
Ҳасан ибн Али ибн Абдулазиз Марғиноний (Сунани Термизийни таълим олган);
Зиёд ибн Илёс Абумаъалии Зоҳириддин (бу киши Фарғонадаги энг катта шайхлардан бўлган).
Шогирдлари
Имом жуда ҳам кўп шогирдлар қолдирган, шогирдлари ҳам ўз даврида ҳанафий мазҳабининг катта уламолари бўлиб етишган, улардан баъзиларини зикр қиламиз:
Ўғли Имодиддин Али ибн Аби Бакр ал Марғиноний, бу киши “ал Фусул ал Имадийя” деган китобни таълиф қилган;
ўғли Умар Абу Ҳафс Низомиддин. “Жавоҳир ал фиқҳ” китоби муаллифи;
ўғли Муҳаммад Жалолиддин Абул Фатҳ.
Учалови ҳам отасидек олим бўлган.
Муҳаммад ибн Абдусаттор ибн Муҳаммад ал Иъмодий;
Бурҳонул ислом Зарнужий. “Таълим мутаъллим” китоби муаллифи;
Ҳасан ибн Али ибн ал Ҳажжож. Булардан ҳам бошқа кўп шогирдлари бўлган.
Китоблари
Имом Бурҳонуддин Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳига “Шайхул ислом” деган унвон берилган. У зот 544 йили ҳаж зиёратига борган ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг қабрларни зиёрат қилишга муваффақ бўлган. 593 йил Самарқандда вафот этган.
Тоир РЎЗИЕВ,
Навоий вилояти бош имом-хатиби.
Иккита бир-бирига ўхшаш оят, лекин Аллоҳ таоло уларни икки хил хулоса билан якунлаган:
وَإِن تَعُدُّوا نِعْمَتَ اللَّهِ لَا تُحْصُوهَا إِنَّ الْإِنسَانَ لَظَلُومٌ كَفَّارٌ (34)
"Ва агар Аллоҳнинг неъматларини санашга уринсангиз, уларни санаб тугата олмайсиз. Албатта, инсон зулмкор ва ношукрдир" (Иброҳим сураси, 34-оят).
وَإِن تَعُدُّوا نِعْمَةَ اللَّهِ لَا تُحْصُوهَا إِنَّ اللَّهَ لَغَفُورٌ رَّحِيمٌ (18)
"Ва агар Аллоҳнинг неъматларини санашга уринсангиз, уларни санаб тугата олмайсиз. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва марҳаматлидир" (Наҳл сураси, 18-оят).
Биринчи оятда: Инсоннинг Аллоҳга муносабати билан тугатилган!
Иккинчи оятда: Аллоҳнинг бандага муносабати билан тугатилган!
Аллоҳ таоло нақадар буюк Зот! Инсон эса нақадар ожиз ва нодон мавжудот.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ