Мусобақада қатнашувчиларни рўйхатга олиш жараёни ҳали давом этмоқда, деб хабар беради Қуръон мусобақасини ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита.
Ташкилий қўмитанинг Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизматига маълум қилишича, мусобақада иштирок этиш учун жорий йилнинг 9 январь ҳолатига кўра, Республика бўйича 847 нафар эркак ва 284 нафар аёл киши жами 1101 нафар юртдошларимиз ҳужжат топширишган. Ёдингизда бўлса бу рақам кечагина 733 тани ташкил этган эди. Бугун эса 1101 киши, бир кундаги фарқни кўринг. Бу эса, халқимизнинг Аллоҳнинг каломига бўлган чексиз муҳаббатидан далолат.
Эслатиб ўтамиз, Қуръон мусобақасида 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган барча фуқароларимиз ҳифз ва тиловат йўналишлари бўйича қатнашишлари мумкин. Иштирокчиларини рўйхатга олиш 13 январь кунига қадар давом этади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Савол: Масжидимизда тут, олма каби мевали дарахтлар бор. Улар пишган пайтда, намозга келганлар улардан олиб ейишади. Шу иш жоизми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Масжид ҳовлисидаги мевали дарахтлар вақф қилувчи ёки дарахт эккан шахс томонидан одамларнинг умумий фойдаланиши учун экилган бўлса, одамлар бу дарахтларнинг мевасини ейишлари мумкин. Аммо агар бу дарахтлар масжид даромади учун экилган бўлса, яъни эккан одам “шу дарахтнинг мевалари мана шу масжид учун даромад бўлсин” деган мақсадда эккан бўлса, ёки нима ниятда эккани маълум бўлмаса, бу ҳолатда уларни сотиб, пулини масжид эҳтиёжларига сарфлаш зарур бўлади. Шунинг учун, бу турдаги дарахтларнинг меваларини пулини тўламай ейиш жоиз бўлмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.