Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Июл, 2025   |   8 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:10
Қуёш
04:55
Пешин
12:32
Аср
17:42
Шом
20:04
Хуфтон
21:40
Bismillah
03 Июл, 2025, 8 Муҳаррам, 1447

Кундузи меҳнат – тунда ибодат қиламиз

09.01.2018   4900   3 min.
Кундузи меҳнат – тунда ибодат қиламиз

Қиш – мўминнинг баҳори рукнидан (8-мақола)

Парвардигоримизнинг меҳрибонлигини қарангки, тунлари ибодат қилувчи бандаларининг бу машаққатларини беэътибор қолдирмасдан уларни Ўзининг Каломида мақтаб қўйган. Собирлар, сиддиқлар, тасбиҳ айтувчилар, истиғфор айтувчилар, бошларини саждадан кўтармагувчилар, ёнбошлари ётоғидан йироқ қилиб, тоат-ибодатини самимий ихлос билан қилувчи бандаларига шундай мукофотлар ҳозирлаб қўйганини айтадики, ўша мукофотларни кўрганда уларнинг кўзлари қувонади.

Зотан, тун ярмида қилинган ибодат ҳар қандай риёдан холи бўлган энг самимий ибодатдир. Чунки ўша вақтда ибодат қилаётган одамни ҳеч ким кўрмайди. У Раббимиз билан ёлғиз қолади.

Бобораҳим Машраб:

Ҳар кишининг дарди бўлса, йиғласин ёр олдида,

Қолмасин армон юракда, этсин изҳор олдида, –

деганидек, кўнглида неки некбин туйғулари бўлса, фақат Унга айтади. Жонини бир нафас ҳимоясида қилиб қўйган Буюк Яратувчига ҳамду санолар айтади. Ана ўшаларни Аллоҳ таоло ояти карималарда қуйидагича мадҳ этади:

Сабр қилувчилар, содиқлар, доимий тоат қилувчилар, нафақа қилувчилар ва саҳарда истиғфор айтувчилардир” (Оли Имрон, 17).

Улар кечаю кундуз тасбиҳ айтарлар. Чарчамаслар” (Анбиё, 20).

Улар тунларни Раббиларига сажда қилиб, бедор ўтказадилар” (Фурқон, 64).

Уларнинг ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Улар Раббиларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар ва ўзларига ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ қилурлар. Бас, ҳеч бир жон ўзлари учун қилиб ўтган амаллари мукофотига беркитиб қўйилган кўз қувончларини билмас” (Сажда, 16-17).

Йўқса, у кечалари ибодат қилиб, сажда этган, бедор ҳолида охиратдан қўрқиб, Рабби раҳматидан умидвор бўлган одамга тенгми?! Сен: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!” – деб айт. Албатта, ақл эгаларигина эсларлар” (Зумар, 9).

Албатта, тақводорлар жаннат ва булоқлардадир. Раббилари берган нарсаларни олувчилардир. Чунки улар бундан олдин эҳсон қилувчилардан бўлганлардир. Улар кечалари оз ухлар эдилар” (Заарийаат, 15-18).

Улар баробар эмаслар. Аҳли китоблардан Аллоҳнинг оятларини сажда қилган ҳолларида кечасида тиловат қиладиган яхши тоифалари ҳам бор” (Оли Имрон, 113).

Тунги ибодатнинг шунча фазилати борлигини кўргандан кейин ҳар бир қалби салим юртдошимиз узун тунларнинг фазилатидан фойдаланиб қолишга жидду жаҳд этиши табиий.

Бинобарин, кечаси оз ухласак ҳам тонг отади, кўп ухласак ҳам кун ёришади. Аммо ёнбошимизни ётоққа эмас, пешонамизни саждага кўпроқ қўйсак, Раббимиз айтганидек, ўзимиз тасаввур қила олмайдиган даражада катта мукофотларга эришамиз.

Раббимиз барчамизни ҳар бир кунимиздан фойда ва тунимиздан фазилат олувчилардан қилсин!

ЎМИ матбуот хизмати

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Бировнинг телефонига назар солиш мумкинми?

30.06.2025   3400   1 min.
Бировнинг телефонига назар солиш мумкинми?

Савол: Бировнинг телефони ва ундаги маълумотларни рухсатсиз кўриш мумкинми? Чунки баъзан автобус, метро каби оммавий транспорт воситаларида айрим шахсларнинг шундай ишлар қилаётганига гувоҳ бўлиб қоламиз?


Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бировнинг телефонидан унинг рухсатисиз фойдаланиш ёки ундаги маълумотларни ўқиш шаръан тўғри эмас. Бу бировнинг уйига рухсатсиз мўралаш, хатига рухсатсиз қараш кабидир. Зеро, бу ишлар Қуръон ва ҳадисларда ман этилган.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким биродарининг мактубига унинг изнисиз назар солса, худди дўзах оташига назар солгандек бўлади”, деганлар (Абу Довуд ривояти).

Аммо агар мураббий (ота, устоз ва ҳоказо) қўл остида тарбияланаётган шахснинг тўғри йўлдан оғишидан шубҳа қилса, у ҳолда тарбия мақсадида ўз қўл остидаги шахснинг телефонини текширишига рухсат берилади. Балки улар вақти-вақти билан болалар ва уларга тегишли нарсаларни назорат қилиб туришлари керак, токи улар тўғри йўлдан оғмасинлар. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази