“Тафсиру маъсур” деганда, бирор оятнинг маъносини бошқа оят ёки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари билан, саҳобий ёки тобеиндан нақл қилинган сўз билан баён этиш тушунилади. Бу ерда тобеин сўзини – агар уламолар ўртасида тобеиннинг фикри раъй дейилиши ёки маъсур дейилиши ихтилофли бўлса ҳам қўшиб қўйилди. Чунки Ибн Жарир сингари баъзи муфассирлар тафсири маъсурда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ва саҳобалардан қилинган ривоятлар билан кифояланмасдан, балки тобеинлардан қилинган ривоятларни ҳам келтирганлар.
Тафсири маъсурнинг вужудга келиш даври икки босқичдан иборат: биринчиси, ривоят даври бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига Қуръони каримнинг баъзи оятлари маъносидаги махфийликни очиб берганлар. Уни саҳобаи киромлар зеҳнларида сақлаб, оғизма-оғиз бир-бирларига, кейинчалик тобеинларга етказганлар.
Ўз навбатида, Қуръони каримнинг баъзи оятлари маъносини саҳобалар ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганларига қўшимча эҳтиёжга мувофиқ ижтиҳод қилиб тафсир қилганлар.
Тобеинлар ҳам ўз даврида оятлардаги баъзи махфийликни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ва саҳобалардан қилинган ривоятлар устига ўзлари ҳам ижтиҳод ва раъй билан халққа тушунтирганлар.
Тафсирдаги шундай ўзгариш ва кенгайиш табааъ тобеинларнинг (тобеинлардан кейинги авлод) даврида ҳам давом этди.
Иккинчиси тадвин давридир. Бу даврда биринчи бўлиб тафсири маъсур (ривоятлар асосида тафсир) ёзилди. Лекин бу даврда ёзилган тафсир алоҳида китоб бўлмасдан, балки ривоят қилинган ҳадислар китобининг бир боби сифатида ёзилган эди. Қуръон тафсирини бир боб сифатида бўлса ҳам биринчи ёзган киши Мадина имоми Ал-имом Молик ибн Анас Ал-Асбаҳий эди.
Кейинчалик ҳадисдан тафсир ажратилди ва алоҳида китоб сифатида ёзилди. Қуръони карим тафсирини алоҳида китоб шаклида биринчи бўлиб ёзган киши Али ибн Абу Талҳа бўлиб, уни Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган ривоят асосида ёзди.
Кейин Қуръоннинг бир жузъига тафсир ёзилди, унинг муаллифи Абу Равқ, ундан кейин эса уч жузъига Ибн Журайждан қилинган ривоят асосида Муҳаммад ибн Савр тафсир ёзди.
Ибн Жарирнинг ёзган тафсири эса тафсири маъсурнинг энг мукаммали бўлди. Вақт ўтиши билан тафсири маъсурда ҳам иснодсиз ривоятлар қилиш бошланиб кетди ва саҳиҳ ривоят билан носаҳиҳни ажратиб бўлмай қолди, ҳатто бу нарса ёлғон ривоятларнинг кўпайишига ҳам сабаб бўлди.
Юқорида айтилганлардан маълумки, тафсири маъсур Қуръони карим оятини Қуръон ояти, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати, саҳоба ёки тобеинларнинг ривояти билан тафсир қилишдан иборатдир. Шундай экан, Қуръонни Қуръон билан ёки ҳадис билан қилинган тафсир шубҳасиз қабул қилинади.
Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган ривоятларнинг исноди ёки матни заиф бўлса, уни қабул қилинмайди, яъни мардуддир.
Аммо саҳобалар ва тобеинлардан ривоят қилинган ҳадислар билан тафсир қилинга бўлса, уларга халал аралашган бўлади ва заиф саналади. Чунки тафсир китобларида саҳобийлар номидан ривоят қилинган кўплаб ҳадислар борки, улар саҳиҳ эмасдир. Айниқса Ибн Аббос розияллоҳу ва ҳазрат Али розияллоҳу анҳу номларидан жуда кўп ёлғон ҳадислар ривоят қилинган. Шунинг учун Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ: “Ибн Аббосдан тафсир ҳақида юзтача ҳадис ривоят қилинган, холос” деганлар. Демак, Ибн Аббос розияллоҳу номларига нисбат берилиб, жуда кўп ҳадислар тўқилган. Тафсири маъсурнинг заиф саналишига учта сабаб бор:
Тафсирда мавзуъ гапларнинг пайдо бўлиши, уларнинг ҳадисда пайдо бўлиши билан бир вақтда бошланди. Чунки тафсир билан ҳадис бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлиб, улар бир-биридан мустақил бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, ҳадисда саҳиҳ, ҳасан, заиф, ровийлари орасида ишончли, шубҳали, ёлғончилари бўлганидек, тафсирда ҳам ва муфассирлар орасида ҳам шундайлари бор.
Мавзуъ ҳадис ва тафсирларнинг пайдо бўлиши ҳижратнинг қирқ биринчи йилидан бошланди. Бу даврга келиб мусулмонлар сиёсий жиҳатдан бир неча фирқага бўлиниб кетган эдилар. Бунинг устига қалби куфр билан тўла, аммо зоҳирда ўзини мусулмон ва динпарвар қилиб кўрсатувчи кимсалар пайдо бўлиб, бундай тафриқа замони уларнинг ғаразли мақсадларини амалга оширишга, динда бузғунчиликни кўпайтиришга, дин аҳлларини йўлдан оздиришга қулай имконият яратиб берди. Натижада кўплаб ботил ривоятлар тўқилди, бу ривоятларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳоба розияллоҳу анҳумларга нисбат берилди. Масалан: шиалар ўз мазҳабларининг афзал эканини тушунтириш ва ҳазрат Алига нисбатан кишилар қалбида муҳаббат пайдо қилиш, хаворижлар эса “аҳли сунна вал-жамоа”ни айблаш мақсадида Қуръондан бирор оятни далил келтиришга зўр бериб уринар, бунинг учун эса ривоятлар тўқиб, бу ривоятларнинг нисбатини ишончли бўлсин учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ёки бирор саҳобийга боғлаб айтар, мақсади эса бидъат ва хурофот тарқатишдан бошқа нарса эмас эди. Айниқса, мавзуъ ривоятларнинг жуда кўпи ҳазрат Али розияллоҳу анҳуга ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга нисбат берилган эди. Бу икки улуғ саҳоба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларидан бўлгани учун мусулмонлар ҳеч шубҳа қилмасдан ишонардилар. Аммо эътибор бериб қаралса, Али розиҳяллоҳу анҳуга фақат шиалар, Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга фақат аббосийлар шундай нисбат берганлар.
Азизхўжа ИНОЯТОВ,
Бухоро туманидаги “Чаҳор Бакр” жоме масжиди имом-хатиби
Сўнгги йилларда мамлакатимизда мутафаккир алломаларимизнинг ибратли ҳаёт йўлларини ўрганиш, уларнинг бой илмий-маънавий меросини кенг тарғиб қилишга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Зотан, инсоният цивилизацияси ривожига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг асарларидаги эзгу ғоялар, умуминсоний қадриятлар, бағрикенглик ва мўътадиллик, илм-фан, ақл ва тафаккурнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятига оид қарашлар ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашнинг муҳим омили бўлиб ҳисобланади.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаси ўлароқ ташкил этилган Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой тарихий-маданий меросимизни ўрганиш ва қайта тиклашга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда буюк мутафаккир аждодимиз, ақида илми ривожига улкан ҳисса қўшган Имом Абу Мансур Мотуридий ва у асос солган мотуридийлик таълимотини ўрганишга алоҳида аҳамияти берилиши диққатга сазовордир. Ҳануз ўз долзарблигини йўқотмасдан келаётган мазкур таълимотнинг бугунги кундаги ўрни ва аҳамияти ҳақида муҳтарам юртбошимиз: “Мотуридий таълимоти илм эгаллаш жараёнида бағрикенглик ғояси асосида инсон ақл-заковатининг ўрни ва аҳамиятига юксак эътибор қаратади. Бу ўз навбатида ушбу таълимотнинг кенг оммалашувида муҳим ўрин тутган. Бундай ғояларга бугунги кунда ҳам инсоният катта эҳтиёж сезмоқда”, деб таъкидлаган эди.
Сўнгги кунларда мамлакатимиз тарихида, хусусан, мотуридийшунослик соҳасида юқорида зикр қилинган ишларга ҳамоҳанг бўлган улкан тарихий воқелик содир бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” қарор қабул қилди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу қарор нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда ҳам Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини тизимли ҳамда илмий асосда ўрганишни янги босқичга олиб чиқишга замин яратади.
Унга мувофиқ, жорий йилда буюк аждодимиз, мутафаккир олим Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланади. Шу муносабат билан ташкил қилинадиган тадбирлар доирасида Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкиллаштириш, хорижлик тадқиқотчилар ўртасида мотуридийлик таълимоти бўйича илмий танлов ўтказиш, олим асарларининг ўзбек тилидаги илмий-изоҳли академик таржималарини нашр қилиш, унинг серқирра ҳаёт йўли ва илмий меросининг бугунги кундаги аҳамиятини очиб берадиган бадиий-публицистик фильм яратиш, эсдалик сувенирлари, почта маркалари, тақвимлар ва бошқа кўргазмали ахборот воситаларини муомалага чиқариш, Самарқанд шаҳридаги Имом Абу Мансур Мотуридий мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш белгилаб олинди.
Мазкур Қарорнинг қабул қилиниши нафақат Ўзбекистонда, балки мусулмон мамлакатларида ҳам катта қувонч билан кутиб олинди. Таъкидлаш лозимки, Қарор юртимизда Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганишни янада рағбатлантириш, бу борада амалга оширилаётган ишларни мутлақо янги босқичга кўтариш, Имом Мотуридий сиймосини халқимизга янада кенгроқ танитишга хизмат қилиши билан бирга, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказига алоҳида масъулият ҳам юклайди. Биринчи навбатда, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказида Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш юзасидан амалга ошириладиган ишлар, илмий тадқиқот мавзуларини Қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда белгилаб, асосий фаолият йўналишларини мувофиқлаштиради.
Имом Абу Мансур Мотуридий мусулмон оламида буюк мутакаллим, қомусий олим ва улуғ мутафаккир, мотуридийлик таълимотининг асосчиси сифатида кенг эътироф этилади. У асос солган мотуридийлик таълимоти пайдо бўлганидан то ҳозирги кунга қадар эътиқод мусаффолигини асраб-авайлаш, мусулмонларнинг жипслиги ва бирдамлигини таъминлаш, ислом ниқоби остидаги оқимларнинг бузғунчи ғояларга қарши раддиялар беришда муҳим илмий-амалий аҳамиятга эга бўлиб келмоқда. Хусусан, турли адашган оқимларнинг ғояларига қарши нақлий ва ақлий далиллар асосида раддия бериш методологияси ҳамда маърифий асосларини ишлаб чиққан Имом Мотуридий мазкур хизматлари учун “Имом ал-ҳуда” – “Ҳидоят имоми”, “Мусаҳҳиҳ ақида ал-муслимин” – “Мусулмонларнинг ақидасини тўғриловчи” деган шарафли номларга сазовор бўлган. Алломанинг Абу Муин Насафий, Абу Баракот Насафий, Абу Ҳафс Насафий каби издошлари унинг йўлини муносиб давом эттириб, ихтилофли ақидавий муаммоларга илмий ечим топиш, мўътадил таълимотни одамлар орасида кенг тарқатишга улкан ҳисса қўшганлар.
Имом Мотуридийнинг мутаассибликка қарши кураш методологияси ҳам нақлий, ҳам ақлий далилларга асослангани сабабли бузғунчи оқимлар фаолиятига барҳам беришда ўта самарали бўлган. Ушбу методологиянинг асосини олимнинг “Қуролингни илмда яса”, деган ҳикматли сўзи ташкил қилган. Бугунги кунда Имом Мотуридийнинг ушбу ҳикмати мамлакатимизда муваффақиятли қўлланилаётган “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси билан ҳар томонлама муштарак эканлигини кўришимиз мумкин. Умуман олганда, юқоридагилардан келиб чиқиб, Имом Мотуридий ҳаёти, илмий мероси ва мотуридийлик таълимотини ўрганиш ҳамда кенг тарғиб қилиш ёшлар тарбиясида, шунингдек, жамиятда бағрикенглик ва мўътадиллик тамойилларини қарор топтириб, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда нақадар юксак аҳамиятга эга эканлиги ойдинлашади.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотининг ўрганилиши хусусида шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда Марказда бу борада кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Энг биринчи навбатда, Марказ қошида ташкил қилинган Халқаро илмий ҳайъат фаолиятини алоҳида тилга олиш зарур. Миср, Туркия, Иордания, Босния ва Герцеговина, Германия, Россия, Малайзия каби мамлакатларнинг етук олимлари, маҳаллий мутахассисларни ўз таркибида жамлаган ушбу Ҳайъат илмий тадқиқот мавзуларини мазмунан бойитиш ва янада такомиллаштириш, Марказ фаолиятини замонавий талаблар асосида йўлга қўйишда беназир платформа вазифасини бажармоқда. Шу билан бирга, Ҳайъат аъзолари Имом Мотуридий сиймосини жаҳонга танитишга ҳам катта ҳисса қўшмоқдалар.
Шунингдек, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти (ICESCO), Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA), Туркия Ислом тадқиқотлари маркази (ISAM), Ислом тафаккури институти, Салжуқ университети, Анқара Йилдирим Боязид университети, ал-Азҳар университети, Малайзия ислом илмлари университети каби жаҳоннинг нуфузли илмий ва таълим муассасалари билан имзоланган ҳамкорликка оид меморандумлар доирасида мотуридийлик таълимоти тарихи ва бугунги кундаги аҳамияти, шунингдек, замонавий исломшуносликка оид долзарб муаммоларни ҳал қилишга қаратилган конференция, семинар, давра суҳбатлари ва бошқа илмий-маърифий тадбирлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда.
Марказ томонидан Мисрнинг ал-Азҳар мажмуаси тадқиқотчилари ўртасида Имом Мотуридий мероси бўйича халқаро танлов ўтказилди. Шунингдек, хорижлик тадқиқотчилар учун Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендия жорий қилинди. Бу ўз навбатида Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ижобий ўзгаришларни жаҳон ҳамжамиятига етказиш билан бирга, Марказ фаолиятини ҳам хорижда кенг тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.
Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига оид манбаларнинг ўзбек тилидаги илмий-изоҳли академик таржималарини яратиш, қўлёзмалар асосида илмий танқидий матнларини тайёрлаш, шу асосда халқчил рисолаларни нашр қилиб, аҳоли, айниқса ёшлар орасида мотуридийлик таълимотидаги бағрикенглик ва мўътадиллик ғояларини кенг тарғиб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Жумладан, ўтган йилнинг ўзида бугунги кундаги долзарб муаммоларга бағишланган 40 га яқин монография, китоб ва халқчил рисола чоп этилди.
Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорнинг қабул қилиниши Марказ фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга, уни маҳаллий ва халқаро миқёсда кенгайтиришга хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, ушбу Қарор нафақат Ўзбекистон, балки халқаро миқёсдаги мотуридийшунослик соҳаси ривожида муҳим ўрин тутишига шубҳа йўқ.
Жамолиддин Каримов,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори